Зомин ҳангомалари

Зомин ҳангомалари
76 views
17 June 2020 - 19:29

Расмдаги ўсимлик отини билмасдим. Зоминликлар “ковил” дейишаркан.
Ҳозир шунинг мавсуми: 4-5 чақирим пастдаги қишлоқдан қизалоқлар келиб, йўл бўйлари, тоғ ёнбағирларида “меваси”ни териб юришибди.
— Нима қиласизлар буни? — деб сўрадим.
— Сотамиз, — дейишди.
— Ким олади буларни? Нима қилади улар?
— Оладиганлар бор. Дори тайёрланаркан ковилдан.
— Неча пулдан?
— Килоси 8 мингдан!
— Ў-ў, зўр-ку! Бир кунда қанча терасизлар?
— Тўрт-беш килодан.
— Шунча пулни нима қиласизлар?
— Мактабга кўйлак, китоб сотиб оламиз.
— Музқаймоқ яламайсизларми?
— Ҳаййа, музқаймоқ ҳам оламиз!
— Яшанглар! Оллоҳ баракасини берсин!
— Раҳмат, бова!


Ушбуни ёзаман деб турсам, Sundar дўстимиз бир хабар ўқиб қолди: Жиззах вилоятида экология инспекторлари бир йигитни 100 кило ковил билан ушлашибди! Табиатга катта зарар етказдинг деб энг кам иш ҳақининг 2 (икки) баравари миқдорида жаримага тортишибди!

Шуни оламшумул воқеа деб ҳисоблашяпти “Табиатни асраш” мутасаддилари.

Тентакми булар дейсиз! Тоғда ўсиб ётган ўсимликнинг тирноқча келадиган меваси ҳақида кетяпти гап! Ўсимликнинг ўзи соппа-соғ турибди. Қизалоқлар жуда тартиб билан теришяпти — босмаяти ҳам, юлмаяпти ҳам! Пешана тери билан топган пулига мактабга кўйлак, китоб олмоқчи, холос улар!

Шунга ҳам қўйманглар энди! Камбағалнинг косаси сира оқармасин! Энди тоғдан зира ҳам термасин! Тоғолча мевасини ҳам узиб емасин!

Абсурд!

Айни пайтда ҳар куни минглаб қўй-мол тоғларда ўтлатиляпти! Молларни аҳолидан тортиб олиб қўйинглар! Жазосига сўйиб юборинглар!

Қолаверса, барака топкурлар, битта кичкина савол сизларга: масалан, яқинда юз берган фожиа — Сардоба тошқинида неча гектар ер, қанча дарахт, қанча экин-тикин зарар кўрди? Давлатни, ўпирилиш айбдорларини жаримага тортдиларингми? Қанчага?

Халқингизнинг ўзини ўзи эплаб, амал-тақал кун кўриб турганига ҳам қўймайсизларми, инсофсизлар? Жаримага тортилмайдиган яна нима ишлар қолди ўзи?

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон