ХОЛИС НИЯТ…

ХОЛИС НИЯТ…
107 views
23 June 2020 - 12:54

Сенга биру борим ҳадя, борим шул,
Ниятига етар охир ўлмаган қул!
Ўзимнинг узрларимдан.
Рухсат берсанг, магар ҳатто бермасанг ҳам,
Ман пойингда ёлғизоёқ йўл бўламан.
Фидолиғим кўрсанг экан, кўрмасанг ҳам,
Бахт боғида қўлинг тутган қўл бўламан.
Ақл айтсанг, қулоқ қоқмай тинглайман ман,
Ман ақлсиз, содда, гумроҳ, гўл бўламан.
Мажнунингга бермагайман саҳроларни,
Сувсиз гуллаб, ғунча очган чўл бўламан.
Энди эркин фикр этмам, санда эрур озод хаёл,
Ҳардамхаёл, паришонҳол, нима бўлсам шул бўламан.
Ёлғизнинг ёри Худой, ёлғизнинг бори Худой,
Лутф этмасанг, ман ёлғизинг ёлғизгина тул бўламан.
Жонинг жабр чекмасин, деб кўнгил олган,
Ифор сочган, лек тиконсиз гул бўламан.
Ният холис, ниятингдан беради Ҳақ,
Эрксевар Ғайб, Санинг — эркинг — қул бўламан!

Бахром Ғойиб
Тошкент.21.06.2020-й