Атамбоев 11 йилга қамалди

Атамбоев 11 йилга қамалди
170 views
23 June 2020 - 14:49

Кун.уз ахборот сайтининг хабар беришича, Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев жиноятчи Азиз Батукаевни пора эвазига қамоқдан чиқарган деб топилиб 11 йил-у 2 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

«Суд Атамбоевни айбдор деб топди ва 11 йил-у 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини белгилади. Унинг давлат мукофотлари ва мол-мулки мусодара қилинади», дея айбловни ўқиб эшиттирган Бишкекнинг Биринчи май туман суди судьяси.

Прокурор собиқ президентга 15 йиллик қамоқ жазоси ва мол-мулкини мусодара қилишни сўраганди.

Атамбоев судда охирги сўзни айтишдан бош тортган. У билан бирга айбланаётганлардан ҳеч бири айбини бўйнига олмаган.

Атамбоев 2011 йил декабридан 2017 йил ноябригача мамлакатни бошқарган. У 2005 йилдаги «лола инқилоби» иштирокчиларидан бири бўлган, ўшанда у аввалига вазир, кейин ҳукумат раҳбари лавозимларини эгаллаган. У 2011 йилги президентлик сайловларида ғолиб чиқиб, бош вазирликдан президентликка ўтган. Бу у президентлик сайловида учинчи бор иштирок этиши бўлганди.

2017 йилда ҳокимиятга Атамбоевнинг партиядоши Сооронбай Жээнбеков унинг давомчиси сифатида келди.

BBC экспертлари фикрича, икки сиёсатчи ўртасидаги кичик низо кейинчалик жиддий қарама-қаршиликка айланган, Атамбоев жамоасидаги бир неча киши жиноий иш доирасида қўлга олингач зиддият янада кескинлашганди.

Жээнбеков собиқ президентни жиноий жавобгарликка тортишга йўл берувчи қонунни имзолаган. Кўп ўтмай Атамбоевга нисбатан коррупция бўйича айбловлар илгари сурилган. Парламент қарорига кўра ундан дахлсизлик ҳуқуқи олиб қўйилган, у бу жараённи сиёсий сабабларга кўра таъқиб этиш сифатида баҳолаб, сўровларга боришдан бош тортганди.

Миллати чечен бўлган «криминал авторитет» Азиз Батукаев 2004 йил қамалганди. У узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаётган вақтда 2013 йил озодликка чиқарилади. Расмий маълумотларда унинг саломатлигидаги муаммо сабаб озод қилингани айтилади. 2013 йилнинг ўзида Қирғизистонда бу иш бўйича суриштирув бошланган ва асосий айбдор сифатида омбудсман раҳбари Турсунбек Акун айтилганди. Аммо суриштирув ишлари тўхтатиб қўйилган.

2019 йил президент Сооронбай Жээнбеков топшириғи билан суриштирув ишлари тикланиб иш доирасида собиқ соғлиқни сақлаш вазири ва собиқ бош прокурор қўлга олинганди.

Ўтган йилнинг 8 августида Атамбоев Қўй-Тошдаги уйида Қирғизистон хавфсизлик кучлари ўтказган операция доирасида қўлга олинганди.

ЎХҲ ахборот бўлими