ЗУЛФИҚОР

ЗУЛФИҚОР
25 views
29 June 2020 - 17:25

ТЕНГДОШ ШОИРЛАРГА

Бош эгишни билмадим мен ўр,
Яшамадим қўрқиб, ер шохлаб.
Дарвешларга дедим: жойинг тўр,
Қарашимдан қочди маддоҳлар.

Нигоҳимга чақмоқни қамаб,
Кўчкидан сўз олдим, Худойим.
Мурғакликда дерди бобом ҳам:
Қуёшга тик қарагин доим.

Шундай қилдим, мағрурлик мерос,
Кўр қилмади кўзни зар, тилло.
Ор дарахтим гуллади қийғос,
Жон ҳовучлаб юрмадим, илло —

Қабрида тик турар Қодирий!
Саванглар! Аямай саванглар!
Ўзбекнинг қайси бир шоири
Яшаса бошини авайлаб.

Жонтемир Жондор