РЕЖИМ ВИРУСИГА ЧАЛИНГАН ЖУРНАЛИСТ

РЕЖИМ ВИРУСИГА ЧАЛИНГАН ЖУРНАЛИСТ
301 views
16 July 2020 - 12:09

Бахтиёр Карим “Карантин”га олинганига 40 кундан ошибди. Карантин дегани ўзи” Қирқ кунлик”, яъни, Чилла дегани. Бошқача қилиб айтганда, Бахтиёр Каримнинг касаллик чилласи чиқиб бўлди. Унга кеча жавоб беришлари керак эди. Лекин бундай бўлмади. Уни коронавирус ташхиси билан даволанаётганини билдиришганди. Коронавирус деган бало 14 кунда, ана борингки, 28 кунда даф бўлиши керак эди. Вирус даф бўлмабди.

Демак, у коронавирус эмас, бошқа бир даҳшатлироқ “вирус”га чалинган. Мутахассисларимиз бу вируснинг моҳиятини, унинг келиб чиқишини, илдизини аниқлай олишмаяпти. Хитой вирусими, Амрико вирусими, бу ҳали ўрганилиши керак. Аниқ ташхис қўйилиб, тўлиқ даволамай туриб, вирус манбаини кўчага солиб бўлмайди. Худо кўрсатмасин, яна чиқиб олиб, бутун Ўзбекистон аҳолисига юқтирмасин бу балони. Нима бўлганда ҳам ундан эҳтиёт бўлиш керак.

Менимча бу мараз давосиз бўлса керак, вирус Бахтиёр Каримнинг бутун вужудини эгаллаб олган бўлиши ҳам мумкин. Балки Бахтиёр Каримнинг ўзи” ВИРУС”дир. Унда уни умуман қўйиб юбормаслик керакдир. Йўлини қилиб, Карантин муддатини бир неча йилга чўзиш лозим. Ёки Жамшид Каримга (марҳум Президент Ислом Каримовнинг жияни) ўхшаб “Совет услуби”да уни “психушка”га жойлаштирган маъқул. Қамоққа тиқса ҳам бўлади-ю аммо шу филантроплар дод-вой солиб, дунёни бошларига кўтаришлари мумкин. Ўзи шусиз ҳам имижимиз дабдаласи чиқиб ётибди…

Хуллас, вирус ташувчиси Бахтиёр Каримнинг ташхиси аниқ: Икки томонлама “Патологик-сиёсий-амбициоз ўткир руҳий зўриқиш синдроми”, яъни, хаста ҳокимиятни эгаллаш васвасасига тушиб қолган. Тинчгина Адабиёт газетангни чиқариб, севги ҳақидаги ҳикоянгни ёзиб юравермайсанми, хўроз?! Нима қиласан сиёсатга аралашиб, партия тузиб, халқни тинчини бузиб?! Сиёсатни сиёсатчиларга қўйиб бер.
Сиёсат ловуллаб ёниб турган бир ўт, олов, оташ!
Унга яқинлашсанг, куясан қўясан. Шу керакми санга?!
Раҳматли Ҳожибой Тожибой бекорга айтмаган:” “Борма, куясан, яқинлашма, куясан, борма, дедим, куясан… Ана, кууйййдииинг!..”

Зариф Султани

Манба: facebook.com