МУХОЛИФ ЖУРНАЛИСТ “КУЧЛИ ЗАҲАРЛАНИШ” БИЛАН КАСАЛХОНАГА ЁТҚИЗИЛДИ

МУХОЛИФ ЖУРНАЛИСТ “КУЧЛИ ЗАҲАРЛАНИШ” БИЛАН КАСАЛХОНАГА ЁТҚИЗИЛДИ
79 views
17 July 2020 - 21:40

Мустақил журналист, ҳуқуқбон ва “ЭРК” партияси фаоли Малоҳат Эшонқулова ўзининг аввал Каримовни, кейин Мирзиёевнинг адолатсиз бошқарувига нисбатан ўз номидан ошкора ва муросасиз кураш олиб бораётган саноқли адолатсеварлардан бири.

Каримов бошқарувининг 26 йиллик диктатура режими ҳақсизликлари ҳиқилдоғига келса-да, “Тишимга тишим, муштимга муштим” дея чидаган Эшонқулова, Мирзиёевнинг 3 йиллик тоталитар тузими кирдикорларига дош бера олмади, “тош келса кемириб, сув келса симира олмади”.

Ўзбекистон президенти Мирзиёев туғилиб ўсган Жиззах вилояти, Зомин туман ҳокими Алишер Абдуғаниевнинг ноқонуний “снос”ларини танқид қилган Эшонқулова мамлакатнинг суд-ҳуқуқ тизими томонидан 2019 йилнинг 4 июнь куни бир эмас, иккита жиноят иши билан “сийланди”.

2019 йилнинг 11 июнь куни Чилонзор туман ИИБ терроризм бўлими ходими кўмаги билан алдов йўли билан фуқаро кийимидаги нотаниш кимсалар томонидан кечқурун рақамсиз машинада Жиззах вилоятига ўғирлаб кетилди.

Руҳий ва ҳуқуқий босимлар исканжасида имконсиз қолган мустақил журналист ва ҳуқуқбон мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган эди.Бироқ Эшонқулова муҳожиратдаги ҳаётида ҳам ватандошлари тақдирига бефарқ қараб тура олмади.

Малоҳат хориждаги ҳаёти давомида “Ютуб” тармоғидан “Tarozi.Uz” номли канал очиб, Мирзиёев ҳукуматининг кирдикорларини аёвсиз фош этиб келмоқда.Эшонқулованинг сўнгги кўрсатуви “Мирзиёев, сизни кучукка қиёс қилиб, ит зотини таҳқирлагим йўқ”, бўлди.

Эшонқулованинг аёвсиз чиқишларига қарши Мирзиёев ҳукуматининг “исматвой” каби троллар гуруҳи хуружга ўтдилар. Мустақил журналистнинг нафақат ўз шаъни, балки унинг оила аъзолари, фарзандларининг ҳаётига ҳам чанг солдилар. Бироқ бу нарса ҳам Эшонқуловани ҳақ йўлида тўхтатиб қололмади.

Малоҳатнинг Мирзиёев ҳукумат бошқаруви кирдикорларини муросасиз фош этишни авж пардасига чиқарди. Ва 2020 йилнинг 16 июль куни Малоҳат “кучли заҳарланиш” билан касалхонага ётқизилди. Бу унинг муросасиз курашлари натижаси бўлиши мумкин, деган шубҳа бизни Эшонқулова билан суҳбатлашишга ундади:

Хурматли Эшонқулова, аҳволингиз қандай? Хушевнинг “дўмбира чалиши”га таянадиган бўлсак, сиз бир “бит босган ташландиқ қочоқлар лагери”га жойлаштирилгансиз. Маълумки, Украина собиқ ДХХ мамлакатларидан бири сифатида Марказий Осиёлик сиёсий қочқинлар учун хатардан ҳоли ҳудуд эмас. Қирғизистонлик мухолифат намоёндаси Қодиржон Ботировнинг кутилмаганда қазо қилиши бу шубҳани орттирганди. Мирзиёевни аёвсиз танқид қилишингиз биланоқ “кучли захаларниш” билан оғриб, касалхонага ётқизилишингиз ғайритабиий туюлмаяптими ўзингизга?

Биринчидан, мен “ташландиқ, битлиқи лагер”га жойлаштирилмадим. Бу таъриф мирзиёевчиларнинг “мушук қуйруққа етолмасдан пуф сассиқ деркан” иборасини эсга солади. Лагер Европа Иттифоқи томонидан қурилган, барча шароитлар мавжуд. Қолаверса, мен истиқомат қилаётган объект ниҳоятда қаттиқ муҳофаза қилинади. Пашшаям киролмайди, чиқолмайди ҳам. Қадамда назорат камералари мавжуд.Шу боис, ортиқча ташвишланишга ҳожат йўқ деб ўйлайман. Ҳаётимиз хавфсизлиги ишончли қўлларда…

Одатда, Мирзиёевники каби режимлар қочқинлар орасига устамонлик билан ўз одамларини жойлаштирадилар…

Сиз ҳақсиз. “Одамнинг оласи ичида, молнинг оласи сиртида” дейишади. Бу ерда ҳам ватандошлардан 30 ёшлардаги шубҳали бир оилага дуч келдим. Ўзбекистонда бунингдек динийлар ҳақида ҳечам эшитмаган эканман… Шу сабаб БМТга мурожаатнома қораладим. Тарихини қайта кўтаришларини, обдон текшириб кўришларини сўрадим…

Демак, касалхонага ётқизилишингиз бу бир тасодиф, эҳтиётсизлигингиз оқибати, шундайми?

Шундай деб ўйлайман…

Ҳаётингиз бехатар, хавотир олмасак ҳам бўладими?

Ҳа, албатта. Мени айни дамда камқонлик қийнамоқда холос, бошқа муаммом йўқ. Эртага жавоб беришади. Ҳозир яхшиман, Худога шукур. Раҳмат. Ҳавотирга ҳожат йўқ.

Саломат бўлинг.

Суҳбатни ЎХҲ мухбири ёзиб олди