Мен Шукрулло десам…

Мен Шукрулло десам…
51 views
19 July 2020 - 18:47

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол

МЕН ШУКРУЛЛО ДЕСАМ…

Бир улфатим тутди саволга мени:
Изҳор айламоққа, ана, келди пайт,
Шукрулло деганда кўрасан кимни?
Бир сўз билан унинг таърифини айт…

Ҳай, осон эмишми? Жудаям мушкул,
Бир сўз билан буни қандоқ айтаман?
Бир асрга яқин шоир умри ул,
Қара, қайга бориб, қайдан қайтаман…

Мен Шукрулло десам ҳар сафар, илло,
Бир инсон бўй чўзар қаршимда буюк.
Ҳақ сўзини доим айтгувчи бурро,
Элига ардоқли, халқига суюк.

Мен Шукрулло десам, осонмас менга,
Юрагим тирналиб, бағрим қонланар.
Замонлар кўринар бурканиб тунга,
Мустабид тузумнинг турқи жонланар.

Мен Шукрулло десам, ёдимга шу дам
Топталган элимнинг фарёди келур.
Ҳар ўн йилда бир бор боши кесилган
Халқимнинг мунаввар авлоди келур.

Мен Шукрулло десам, жоним увушар,
Фитрату Қодирий, Чўлпонлар ҳамон,
Усмон Носир, Элбек ёдимга тушар,
Боту авахтада чекади фиғон…

Мен Шукрулло десам, кўринар албат
Ҳориб, ҳансираган, тани жиққа тер,
Олис Магаданда чекиб машаққат,
Қорнига тош бойлаб, ғалтак сурган эр!

Мен Шукрулло десам, тасаввур аро
Бир сиймо кўринар метин бардошли.
Элим, ватаним деб кўксида яро,
Кулса, йиғласа ҳам кўзлари ёшли.

Мен Шукрулло десам, кўраман шаксиз,
Ярқираб саф чекар неча китоблар.
Истиқлол нашъаси ила ёниқ сўз,
Юксак минбарлардан учган хитоблар…

Мен Шукрулло десам, меҳрим жўш уриб,
Қалбимда ғурурим бўлур зиёда.
Бир юрак қаршимда ёнар гупириб,
Юлдуздек чарақлаб турар ирода.

Ўқиб шоиримиз қисмат номасин,
Жоиздир ҳар сафар, ё Оллоҳ, демак.
Жам этиб шодлигу ғами ҳаммасин
Бир сўз билан айтсак, Шукрулло демак!..