ИЛТИЖО

ИЛТИЖО
149 views
03 August 2020 - 21:13

ИЛТИЖО

Синган аравалар, чириган тахтлар,
Қиличлар жарангги этган маҳал тарк.
Музаффар қўшиндай турар дарахтлар,
Яшил байроқ каби ҳилпирар ҳар барг.

Очиқ кўзларимни илитмас уйқу,
Уйқу ярашмайди туркий эрларга.
Дадил қадам босиб келаяпманку,
Темурбек от суриб ўтган ерлардан.

Уйғоқ қаршилайман озод тонгларни,
Шудгорин суғорсин пешона терим.
Кимдир англатарми ёки англарми
Муқаддаслигингни, мўтабар ерим?!

Гадой тиланмаган шеърларим билан,
Ўзимни овутдим, сени овутдим.
Бир кун кетар чоғим манзил сўнггига,
Омон етказурсан ўзинг, тобутим!

Тоғдан баланд ўсдим, осмонингдан паст,
Бағрим қушдай озод қирларга тўлди.
Тупроғингдан бошқа нарсанг керакмас,
Менга битта кафан атасанг бўлди!

Раҳмиддин АБРОЕВ

Манба: facebook.com