АҚШ Давлат департаменти Бишкек ва Тошкент ҳукуматларини Бобомурод Абдуллаевни озод этишга чақирди

АҚШ Давлат департаменти Бишкек ва Тошкент ҳукуматларини Бобомурод Абдуллаевни озод этишга чақирди
147 views
16 August 2020 - 11:39

АҚШ Давлат Департаменти Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларини Бишкекда ушланган журналист Бобомурод Абдуллаевни озод этишга чақирди.

Давлат Департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюроси ўз баёнотида Тошкент ва Бишкек ҳукуматларига сўз ва ҳаракатланиш эркинлиги тамал эркинликлар эканини эслатди.

Бюронинг Твиттер саҳифасидаги баёнотида: “Сўз ва ҳаракат эркинлиги ҳар қандай амал қилувчи демократия учун тамал ҳуқуқлардир. Биз Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларини ўз мажбуриятларига амал қилиш ва яқинда Бишкекда ушланган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг бу борадаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирамиз”, дея таъкидланган.

Бундан аввал Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм ҳам Твиттер саҳифасида Бобомурод Абдуллаевни озод қилишга чақирганди.

10 август куни Бишкекнинг Первомайский тумани суди Қирғизистон тергов ҳибсхонасида сақланаётган Aбдуллаевни эҳтиёт чораси сифатида 8 сентбярга қадар ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарган.

Суд биносига қўлида кишан билан олиб келинган Бобомурод Абдуллаев журналистларга Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари уни интернетда “Қора мерган” тахаллуси билан мақолалар эълон қилаётган аккаунтга алоқадорликда айблаётганини айтганди.

Аммо, Абдуллаев ўзининг “Қора мерган”га алоқаси йўқлигини таъкидлаб келади.

Бобомурод Абдуллаев 2016 йилнинг сентябрь ойида “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси билан давлат ва унинг раҳбариятига қарши мақолалар ёзишда айбланиб, Тошкентда қамоққа олинган.

2017 йил май ойида ўтган маҳкамада прокурор Абдуллаевга беш йил қамоқ жазоси сўраганига қарамай ҳакам уни суд залидан озод этганди.

Манба: ozodlik.org