Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: “Бир ажойиб ишлар бўляпти…”

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: “Бир ажойиб ишлар бўляпти…”
89 views
16 August 2020 - 19:21

Бир ҳафтача бурун олис Канаданинг Торонто шаҳрида муҳожирликда яшаб келаётган журналист дўстимиз бизни огоҳлантиргандай бўлиб: “Нурулло Отахонов слежкаси (кузатуви) тўхтатилди. Демак, Бобомурод Абдулла орқасидан бир-икки кунда у ҳам қамоққа олинади”, деган шум хабарни ижт. тармоқларга сиздириб юборди.

Кўнгилга ваҳима оралади. Икки-уч кун кечаси (одатда улар тунда келишади) “чақирилмаган меҳмонлар”ни пойладим. Йўқ, тинчлик. “Журналист” дўстимиз бекорга ваҳима кўтарибди, деб қўяқолдим.

Сўнгра ундан кейинги ишларни кўриб, кўнглим янада хотиржамлашди. Пайқашимча, “слежка” ҳали олиб ташланмабди. Ҳар куни аср пайтларидан бошлаб дарвозам қаршисида икки-уч мошина навбатда турибди, тун соат 02 ё 03 лардагина йўқ бўлиб қоляпти. “Слежка” тўхтамабдими, демак, ҳали-вери олишмайди!

Бугун бири билан танишдим. Отини Абдувоҳид деди. Тошкент вилоятига тегишли Нексия – 3 мошинаси рақамини, ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳар эҳтимолга қарши расмга тушириб қўйдим.

“Сизлардан шубҳаланяпман, ўғримисизлар, уч кундан бери уйимни пойлаяпсизлар, мен йўқ пайтим кирмоқчимисизлар? Мелиса чақирмасдан олдин ўзи билан бир гаплашай-чи дедим”, десам, олдинига “Таксиман, клиент пойлаяпман”, деб турган одам, қайта-қайта сўровимга жавобан орада бирдан: “Хавотир олманг, дўда, биз бўлсак бегоналар ораламайди бу атрофга”, деб юборди. (Овозлар ёзилган. Зарурат бўлганида расмни ва овозни қўяман.)

Бу нима дегани бўлса?!

Қўпол ишлаяпсизлар, ўртоқлар! Мен ҳақимда қанақа маълумот керак бўлса, тўғри келиб ўзимга учрашсаларинг бўлади-ку. Бир пиёла чой устида ҳаммасини ўзим айтиб бераман. Чунки менинг давлатга қарши заррача қинғирлигим йўқ. Мақолаларимда боримни очиқ кўрсатиб келяпман.

Айбим бўлса, биттагина айбим бўлиши мумкин — мен халқимни, ватанимни, давлатимни жуда-жуда севаман! Шу севгим баробарида қайғураман!

Шу, холос…

Манба: facebook.com