“ЭРК” ФАОЛИ ЎЗБЕКИСТОНГА ЭКСТРАДИЦИЯ ҚИЛИНДИ

“ЭРК” ФАОЛИ ЎЗБЕКИСТОНГА ЭКСТРАДИЦИЯ ҚИЛИНДИ
29 views
17 August 2020 - 19:34

Бугун Қозоғистон ҳукумати “ЭРК” партияси фаоли Ҳуррам Бердиевни Ўзбекистондаги репрессив режим қўлига топширди. Ҳуррам Бердиев Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри ШИЗО сида ярим йилдан бери ҳибсда сақланаётган эди. Ҳ.Бердиев шу йилнинг феврал ойида Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан Қозоғистоннинг Сайрам туманида қўлга олинган эди.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати сексоти Абдулла Тожибоев тарафидан уюштирилган “одам савдоси” каби сохта айбнома ва туҳматлар туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган Ҳуррам Бердиев 2014 йилдан бери аввал Русияда, кейин эса, Қозоғистонда бекининб яшаётган эди.

2014 йилда Ҳуррам Бердиев билан бирга айни сохта жиноий ишда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган “ЭРК” партияси фаоли Нуриддин Жуманиёзов 2016 йил декабр ойида қамоқда вафот этди, у билан бирга қамоққа ҳукм қилинган “ЭРК” партиясининг яна бир фаоли Фаҳриддин Тиллаев эса, 4 йиллик қамоқ жазосини ўтаб, 2018 йилда қамоқдан озод этилган эди.

Қозоғистон ҳукумати илгари ҳам жуда кўп мухолифат вакилларини Ўзбекистон ҳукуматига тутиб берган ва бу тутиб берилганларнинг кўпчилиги Ўзбекистоннинг репрессив хукумати тарафидан қамоқларда шафқатсиз қийноқларга солинган ва хатто ўлдирилган эди. Энди Ҳуррам Бердиев хаёти ҳам катта таҳлика остида қолмоқда.

ЎХҲ хабар бўлими