Қозоғистон мухолифат фаолини Ўзбекистонга топширгани айтилмоқда

Қозоғистон мухолифат фаолини Ўзбекистонга топширгани айтилмоқда
27 views
18 August 2020 - 17:15

Шу йил бошида Қозоғистонда ушланган ўзбекистонлик мухолифат фаоли Ҳуррам Бердиев Ўзбекистонга топширилгани айтилмоқда.

59 ёшли Бердиевни ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари одам савдосида гумон қилиб қидирувга беришганди.

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси фаоли бўлган Ҳуррам Бердиевга нисбатан чиқарилган экстрадиция қарори тафсилотлари маълум эмас.

Бердиевнинг яқинлари бу ҳақда 17 август куни унинг қозоғистонлик адвокати орқали хабар топганликларини айтишмоқда.

Ўғли Шоҳжаҳон Ҳасановнинг Би-би-сига айтишича, Чимкентдаги тергов ҳибсхонасига отаси билан учрашиш учун борган адвокатига ҳибсхона маъмурлари унинг Ўзбекистонга юборилганини айтишган.

Би-би-си қозоғистонлик адвокат билан боғланишга муваффақ бўлгани йўқ.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар тафсилотларини ўрганаётгани ва бу борада расмий маълумот тақдим этишини билдирди.

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидан бўлган асли касби ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Ҳуррам Бердиев, яқинларига кўра, сўнгги йилларда Россия ва Қозоғистонда яширинишга мажбур бўлган.

Унга нисбатан Ўзбекистонда 2014 йилда очилган одам савдоси билан боғлиқ жиноят иши доирасида қидирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилгани айтилади.

2014 йилда айни жиноят иши доирасида узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган “Эрк” партияси фаоли Нуриддин Жуманиёзов 2016 йил декабрида қамоқда вафот этган.

У билан бирга ҳукм этилган яна бир мухолифат фаоли Фаҳриддин Тиллаев эса 2018 йилда озодликка чиқарилганди.

Улар маҳкамада ўзларига қўйилган одам савдоси билан боғлиқ айбларни рад этишган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари жиноят иши ортида сиёсий сабаблар турганини айтганлар.

Би-би-си ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, Ҳуррам Бердиев шу йил 8 февралида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман маҳкамасининг 2014 йил 24 январидаги аниқлови асосида қозоқ ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Чимкентда ҳибсга олинган.

Туркистон вилояти Сайрам туман маҳкамасининг қарори билан унга нисбатан 40 кунлик қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси белгиланган.

Ушбу муддат сўнггида ўтиши керак бўлган ҳуқуқий жараёнлар коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар боис кечиктириб келингани айтилади.

Ҳуррам Бердиев яқинларидан бирининг Би-би-сига айтишича, Бердиев 17 август куни Whatsapp орқали мулоқотда уни Ўзбекистонга олиб кетишаётганини айтиб, бу ҳақда тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Турғуновга хабар етказишни сўраган.

Манба: bbc.com/uzbek