Қонундаги ўғри Лоту Гули отиб кетилди, Равшан Золотой қўлга олинди

Қонундаги ўғри Лоту Гули отиб кетилди, Равшан Золотой қўлга олинди
50 views
20 August 2020 - 21:25

19 август куни Туркиянинг Анталия шаҳрида асли гуржистонлик “вор в законе” Нодир Салифов отиб кетилди. “Элтуз”га етиб келган маълумотга кўра, Лоту Гули лақаби билан машҳур Нодир Салифовнинг бошига тўрт дона ўқ узилган.

Анталиядаги ресторанлардан бирида Лоту Гули билан овқатланган эркак тўппончаси билан уни отиб ташлаган. Лоту беморхонага олиб кетилган, аммо уни қутқаришнинг иложи бўлмаган.

Кўп ўтмай, турк полицияси Лоту Гули билан яқин алоқада бўлган Хан Ахмедлинскийни қўлга олган. Лоту Гулининг қотили айнан у экани айтилмоқда.

“Элтуз” манбасига кўра, Хан Ахмедлинский қотилликдан бир неча дақиқа ўтиб асли ўзбекистонлик авторитет Равшан Муҳиддинов (лақаби Равшан Золотой)га қўнғироқ қилган.

Орадан кўп вақт ўтмай турк полицияси Равшан Золотойни Истанбулнинг Белек Дузу даҳасидаги вилласидан олиб кетган.

48 яшар Нодир Салифов умрининг 12 йилини Озарбайжондаги қамоқхоналарда ўтказган, озодликка чиққач, Туркияга йўл олганди.

2018 йилда турк полицияси уни мамлакатдан депортация қилди. Аммо у кўп ўтмай яна Туркияга ноқонуний йўллар билан кириб келгани айтилади.

Хан Ахмедлинскийни икки кун олдин Истанбулда Аҳтам Cамарқандский ва унинг одамлари билан кўришган эди.

Равшан Муҳиддинов (Равшан Золотой) жиноий авторитетларга яқин бўлган тадбиркор Ғафур Раҳимовнинг жиянидир. Жорий йилнинг март ойида “Элтуз” Ғафур Раҳимов ва Равшан Золотой ўртасида келиб чиққан зиддиятлар ҳақида хабар берган эди.

Манба: Eltuz.com