ҚУЛОҚ

ҚУЛОҚ
124 views
22 August 2020 - 22:15

(Ҳикоя)

Л. худудидаги зона махбуслари меҳнати оғир, чангли, диққинафас қийин шароитда цемент ва охак ишлаб чиқаришиб, кун бўйи вагонларга юклашарди. Оғир бозғонларнинг ҳавода кўтарилиб, қаттиқ тошга зарб билан урилиши, аравачалар ғилдиракларининг ғичирлаши, турли техник воситаларнинг шовқинини ташқаридан қисқа-қисқа гудок билан кириб келган тепловознинг овози ютиб кетгандек бўларди.

Офтобда қорайган хорғин ва ўйчан юзлар, таранг тортган мускуллар бу ердаги азоб-уқубатли ҳаётнинг асири эканлигини ифода этиб тургандек эди.

Кимдир харсанг тош устига чўнқайиб ўтирганича сигарет чекаётган, кимдир кўзларини юмганича мудроқ ўйларга ботган, кимдир ён чўнтагида олиб юрадиган қўлбола ўйинчоққа тикилганди.
Алиқул ҳозиргина тепловоз судраб чиқиб кетган вагонлар ортидан маъюс боқарди.Унинг маъносиз, эринчоқ нигоҳидан қамоқхона ҳаётига кўника олмаётганини, азобли кунларга дош беришга ожизлик қилаётганини пайқаш мумкин эди.

  • Сен илгари ҳам чидамсиз эдинг. Ҳозир эса нолиганинг нолиган,- деди унга қараб Олмосбек.- Нима бу ерда ялло қилиб яшайман деб ўйлаганмидинг?
    Табиатан тажанг, тез, сўкоғон йигитнинг оғзидан беъмани сўзлар отилиб чиқди. Унга ҳозир насихат ёқмасди. У ташқарига уланган темир йўл изларидан кўзини узмасди.Бу йўллар тиконли, баланд девор ортидаги шаҳарга, катта серқатнов кўчага олиб чиқади. У ерда эса озод ҳаёт бор. Озод ҳаёт!… Шу онда хаёлига ялт этиб келган фикрдан юзлари ёришиб кетгандек бўлди. “ Оҳак қопларининг бирига мени солишиб, юклар орасига ташлаб қўйишса, вагонга ортиб юборишса… қандай зўр иш бўларди-я…”
  • Мана бу “эслидан” ёрдам кутсам бўлармикан…- деган хаёл билан Олмосга саволчан юзланди. У эса ярим йиртилган қандайдир газета саҳифасидан кўз узмай ўтирарди. – Йўқ, бу маҳмадонага ишониб бўлмайди, қуруқ гап сотади,халос… Шу ерда ҳам ўзини ўқимишли қилиб кўрсатаётганини қара-а…
    У жаҳл устида ерда ётган қирра тошни тупроқ сурувчи трактор кабинасига отиб юборди. Кабина ойнаси чил-чил синиб кетди. Нозир ёрдамчиси “ Маҳкум Қодиров?! Яна биқингдан дарча очиб қўйяйми?” деб қичқирди. Танбеҳ сўз эгасига етиб бормай, қаердандир Тартиб қўриқловчисининг илдам юриб келганлиги ва ростдан ҳам дўппослаб қолганлиги кўз очиб юмгунча содир бўлди. Буни ҳамма кўрди, лекин ҳеч ким индамади.Фақатгина яқин ўртада турган Олмосбек уларни ажратиб қўйган бўлди.
    Руҳий эзилиш муҳитидаги қамоқхона ҳаётида бир оғиз гап кам, икки оғиз гап кўп. Унисига чап берсанг, буниси туртади, бунисидан олиб қочсанг, униси тепиб ўтади. Ичкарининг ўз қонуни бор, бўйсинишга мажбурсан.
  • Қараб тургин ҳали ифлос,- деди паст овозда Алиқул тупроқ- чангга беланган уст-бошини қоқар экан.- Шуларни сафига ўтказиб қўйишларини бошлиқлардан сўраганман. Шартларига розиман… Синашяпти мени…
  • Ақлинг жойидами?- деди Олмос.- Ширин ҳаётни орзу қилиб қолибсан-ку? Қойил!..
  • Ақл фақат сенда!-зарда билан жавоб қайтарди Алиқул.- Сен бу ерга мендан икки йил аввал келгансан… Ҳалигача камерада борлигингни сезишмайди… Одам борлигини билдириш керак, ахир!..
  • Қайт, бу фикрингдан… Тартиб нозирига ёрдамчи бўлиш бу махкумлар орасида ис олиш, айғоқчилик қилиш, сотиш демакдир. Ҳамма уларни ёмон кўради….
    Бир қишлоқдан чиққан икки маҳкумнинг йиллар ўтиши билан яна бирга, битта зонага тушиб қолиши уларнинг омади эди. Бири синмаслик йўлини тутганди, иккинчиси эса сотқинлик йўлини танлаганди. Шунга қарамай, Олмос чидамсиз ҳамқишлоғини юпатмоқчи бўлар, иродали ва ориятли бўлишга чақирар, сабр-чидамда юришга, Оллоҳдан сўраб, нажот кутишга чорлаб турарди.
    Орадан ҳеч қанча кун ўтмай, ярим тунда иккисини камерадан олиб чиқиб кетишди. Бирига “ агар гапларинг рост бўлса, ур уни, урмасанг сени дўпослатамиз…” деб амр беришди. Ўзлари эса ижрони мириқиб кузатиш учун стулларга маҳкам ўтириб олишди.
    Агар сенга кўтарилган ноҳақ зулмкор қўллар орасида ўзингга яқин одам ҳам борлигини билиб турсанг, бундан ортиқ азоб борми, бу дунёда! Алиқул ваҳшийларча Олмосни урар, тепар, қаршиликсиз турган ҳамқишлоғини футбол тўпига ўхшатиб, хонанинг у бурчагидан бу бурчагига ирғитиб ташларди. Қулоқ чаккасидан, бурнидан қон оқаётган, лаблари ёрилган, кўз ости кўкарган маҳкумдан эса на йиғи, на кечиринглар деган садо чиқмасди. У аламини ичига ютиб, адолатни Худодан сўрарди…
  • Бас, етар энди – деди катта нозир ўрнидан турар экан.- Энди тилингни тийиб юрарсан!.. Сенга эса раҳмат, эртадан қўлингга повеска тақиб, бизнинг кўз-қулоғимиз бўлиб турасан… Қани, камерага қайтаринг буларни…
    Икки кундан сўнг улар яна қурилишда ёнма-ён ишлашарди. Олмос зил-замбил бозғонни ердан узиб, тепага кўтарар экан, ҳамқишлоғининг чўзиқ, амирона қиёфасига бир кўз ташлаб олди. Алиқул худди чумоли уясини босиб, янчиб ташлагандек, бу атрофнинг каттаси эканлигини димоғдор ҳатти-ҳаркати билан билдирмоқчи бўлиб турарди. Зонанинг бошқа маҳкумлари эса ўз ишлари билан банд эдилар.
    … Эхсон ўтказилаётган хонадонда яқиндагина қамоқдан келган Алиқулни тўрига қўйярдай-қўймай ўтказишди.
  • Кўрганингиз шу бўлсин,укам,- деди бир кекса педагог.- Энди тўй-тўлқинлардан, хурсандчиликлардан бошингиз чиқмасин… Ҳа, айтмоқчи қани, Олмосвой? Ташқарида дейсизларми? Чақиринглар уни ҳам…
  • Йўқ, хизмат қиламан, деяпти экан. Маҳалла эхсонларида хизмат қилишни соғинган-да,- дейишди.
    Алиқул дастурхон четини ушлаганича, қулоқ – номардлик қисмати ошкор бўлишидан қўрқиб хомуш ўтирарди.

МАҲМУД ИБО,
Булоқбоши тумани

Манба: facebook.com