Бобомурод озод этилди, бироқ тергов тугагани йўқ

Бобомурод озод этилди, бироқ тергов тугагани йўқ
143 views
24 August 2020 - 18:29

Бишкекдан махсус ҳарбий самолётда 22 август куни Тошкентга олиб келинган журналист Бобомурод Абдуллаев, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари тарафидан саккиз соат сўроқ қилингач, уйига қўйиб юборилган.

Кун давомида Элтуз қўйилаётган айбловларга аниқлик киритиш учун  Бобомуродга қўнғироқ қилди, лекин у билан боғлана олмади.

Бобомурод Абдуллаев билан учрашишга фақат тошкентлик фаол Абдураҳмон Ташанов муваффақ бўлган. Бобомурод, унинг айтишича «муносиб хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиши тўғрисидаги тилхат” эвазига қўйиб юборилган, унга белгиланган “тергов эҳтиёт чораси ўзгартирилган ва бундан буён журналист очиқда туриб тергов қилинади”.

Қисқа суҳбатда Бобомурод Абдуллаев ҳимояси учун баёнотлар берган Халқаро ташкилотлар, журналистлар, фаолларга, жумладан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениел Розенблюмга миннатдорчилик билдирди. 

Бундан бир кун олдин Бобомурод Абдуллаев тармоқда тарқалган видеомурожаатида “онасининг илтимосини инобатга олгани учун” Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирган эди.  

9 август куни Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон талабига кўра Бишкекда ушланган. Бишкек шаҳрининг Биринчи май тумани суди 10 август куни эҳтиёт чораси сифатида ўзбек журналисти Бобомурод Абдуллаевни 8 сентябрга қадар ҳибсхонада қолдиришга қарор чиқарган эди. 

Бобомуроднинг Бишкекда журналистларга айтишича, уни  “Қора мерган” тахаллуси остидаги мақолаларни ёзганликда гумон қилиб, Мирзо Улуғбек тумани суди 23 июль куни унга нисбатан “сиртдан айблов эълон қилган”. 

Телеграмдаги «Қора Мерган» экаунти президент Мирзиёев куёвининг акаси Улуғбек Турсуновга қарши жиддий айбловлар акс этган изоҳларини чоп этган эди. 

Лондонда фаолият юритувчи сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов ўзининг фейсбук саҳифасида қуйидагиларни ёзди: 

«Мен бу (Улуғбек Турсунов ҳақидаги. таҳр.) постларнинг ҳақиқий эканини тасдиқлай олмайман. Аммо Бош прокуратура томонидан, айни материаллар бўйича иш очилгани ёки текшириш олиб борилаётгани ҳақида ҳеч қандай хабар берилмади. Раддия ҳам берилмади. Мутлақо ҳеч нарса. Ахир материалда, агар у тасдиқланса, давлат раҳбарининг оиласига кириб келган коррупция фактларини фош қилувчи маълумотлар мавжуд. Мамлакат хавфсизлигига реал таҳдид мана қаерда, чунки коррупция бор жойда мамлакат манфаатлари сотилади. Бу каби миллий хавфсизликка таҳдидларни олдини оладиган хабар учун, унинг муаллифига  фақат миннатдорчилик билдириш керак эди.

Бош прокуратура чиқарилган хабарларнинг мазмунига муносиб баҳо бериб жамиятни хабардор қилади, деган умидда (Кора Мерган ёзган маълумотни) қисқача келтириб ўтаман.

Шундай қилиб, хабарнинг қисқача мазмуни. Унда айтилишича:

1) Улуғбек Турсунов гўёки миллиардер Алишер Усмоновнинг дизайнери Ферутдин Зокировнинг бизнесига «наезд» қилган (тафсилотлари, шунингдек бунинг қандай якунлангани номаълум);

2) “Тошкент шаҳридаги “Аркада” савдо маркази эгалари, «Яшка Ташкентский» ва Рибальскийлардан юзлаб ва ҳатто миллионлаб доллар олган”. Гўёки, Улуғбек Турсунов бу пулни хотинининг ака-укалари, “жиноий авторитетлар” Эдем ва Рустем Османовлар орқали олган (уларнинг кимлиги, шунингдек, қайси хизматлари учун пул олгани, бунинг эвазига қандай активлар ва имтиёзлар сўралгани ҳам номаълум).

3) Ва ниҳоят, Улуғбек Турсуновнинг “кредиторлари” товарларни, яъни ваъда қилинган хизматни столга қўйишни ёки гўё пулни қайтаришни талаб қилишган. Бунга жавобан у келаси йили бўлиб ўтадиган президентлик сайловларидан кейин ички ишлар вазири лавозимини эгаллаб, ваъда қилинган ишларни охирига этказишига ишонтирган.

Яна бир бор айтаман, мен бу гапларнинг ростлигига кафолат беролмайман. Аммо айтилган гаплар қисман тасдиқланмоқда, масалан  Улуғбек Турсуновнинг Тошкент шаҳар ички ишлар бўлимидаги лавозимидан ажралгани тасдиқланди. Шундайми? Агар шундай бўлса, айнан нима учун? Биз фақат миш-мишлар ва гап-сўзларнигина эшитаяпмиз, лекин расмийларнинг ўзлари бу ҳақда оғиз ҳам очишмайди, деб ёзди тахлилчи Алишер Илхомов.

Бобомурод Абдуллаев «Қора Мерган» экаунтига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини бир неча бор таъкидлаган. 

Манба: Eltuz.com