ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ ОМОН МАТЖОН ВАФОТ ЭТДИ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ШОИРИ ОМОН МАТЖОН ВАФОТ ЭТДИ
121 views
29 October 2020 - 9:07

(1943-2020)

2020 йилнинг 28 октябридан 29 октябрига ўтар кечаси Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Омон Матжон 77 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди.

Омон Матжон 1943 йили Хоразм вилоятининг Гурлан туманида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд давлат университетида таҳсил олди. 1969-2002-йиллар мобайнида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи, “Ёшлик” журналида бош муҳаррир, “Чўлпон” нашриётида директор бўлиб ишлади.

Омон Матжон ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб матбуотда ўз шеърлари билан кўрина бошлади. Кейинчалик шоирнинг энг яхши шеърлари “Очиқ деразалар” (1970), “Карвон қўнғироғи” (1973), “Қуёш соати” (1974), “Драматик достонлар” (1975), “Ёнаётган дарахт” (1977), “Ярадор чақмоқ” (1979), “Ҳаққуш қичқириғи” (1979), “Сени яхши кўраман” (1983), “Дарахтлар ва гиёҳлар” (1984), “Минг бир ёғду” (1989), “Ўртамизда биргина олма” (1990), “Одамнинг сояси қуёшга тушди” (1991), “Қуш йўли” (1993), “Иймон ёғдуси” (1995), “Дийдор азиз” (2011), “Халоскор руҳ” (2012) каби йигирмага яқин шеърий тўплами, “Тўрабекахоним” насрий қиссаси ва “Нажмиддин Кубро”, “Ардахива” бадиалари чоп қилинди. Бу тўпламлардаги “Аму”, “Ойбек”, “Шуълалардан ҳайратланиш”, “Она деган сўз”, “Турналар”, “Мезон”, “Чорлов”, “Ўн учинчи эшик”, “Умримиз ҳақида” каби шеърлари ҳозирги ўзбек шеъриятининг энг яхши намуналаридан бўлиб, уларда инсон қалбининг турфа жилолари ранг-баранг ташбеҳларда, жозибали образларда ифодаланган. Омон Матжон ижодида “Чўлдагилар” достон хроникаси, “Гаплашадиган вақтлар” шеърий қиссаси алоҳида ўрин эгаллайди. Улар ўзининг янгича шакли, оҳанги билан китобхон эътиборини тортади.

Шоирнинг 2000 йили “Авесто”нинг 2700 йиллигига бағишланган “Ардахива” асари чоп этилди.

Омон Матжон қардош ва чет эл адабиётидан кўплаб намуналарни она тилимизга маҳорат билан ўгирган. Хусусан, Ф.Шиллер, Ш.Бодлер каби жаҳон классиклари, Е.Евтушенко, Р.Ҳамзатов, Ш.Петефи, Ю.Марцинкявичюс, Б.Кербобоев, Сухроб Тоҳир, И.Юсупов сингари шоир ва адиблар ижодидан қилган таржималари эътиборга лойиқ.
Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон адабиётимиз ривожи йўлидаги хизматлари учун Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Омон Матжон вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради.

ЎХҲ таҳририяти