Садир Жапаров икки йилда ҳамма мигрантларни қайтармоқчи, Мирзиёев-чи?

Садир Жапаров икки йилда ҳамма мигрантларни қайтармоқчи, Мирзиёев-чи?
145 views
30 October 2020 - 22:59

Садир Жапаров икки йилда ҳамма мигрантларни қайтармоқчи – Қирғизистон Ўзбекистон ва Тожикистон билан бирга Марказий Осиёнинг энг кўп сондаги фуқароси четда меҳнат муҳожирлигида банд учта давлатидан биттаси бўлади.

Қирғизистонлик мигрантларнинг сони бугун биргина расмий рақамларда қарийб бир миллионга етади.

Қирғизистон Тожикистон билан бирга минтақанинг энг камбағал икки мамлакати сифатида кўрилади.

Айнан четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбориб келаётган миллиардлаб долларлик маблағлар шундоқ ҳам беқарор Қирғизистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган энг муҳим молиявий манбалардан бири бўлади.

Садир Жапаров нима қилмоқчи?

Қирғизистон Бош вазири ҳамда муваққат президенти меҳнат муҳожирларини ортга қайтариш – ўзининг энг муҳим вазифаларидан бири эканини баён қилган.

Садир Жапаров яқинда “ал-Жазира” телеканалига интервью берган.

У ўз интервьюси чоғида хориждан меҳнат муҳожирларини Қирғизистонга қайтариш бўйича дастур мавжуд экани, унинг келаси 1,5-2 йилга мўлжалланганини урғулаган.

“Мен аввал ҳам иқтисодий дастур ҳақида гапирганман. Порахўрлик бўлмаган мамлакатда, албатта, иқтисодиёт ўсади. Шахсий чўнтакларга тушадиган пул бюджетга тушади. Бу бир ой ичида натижа беради … Сингапурнинг собиқ Бош вазири Ли Кван Юнинг гапи бор: “Агар сиз мамлакатни нотўғри бошқараётган бўлсангиз, зиёли одамлар мамлакатни тарк этади”. Қирғизистонни тарк этган икки миллион муҳожир орасида катта компанияларда ишлайдиган кўплаб ўқимишли одамлар бор”, дея урғулаган Садир Жапаров.

Муваққат давлат раҳбари муҳожиратдаги фуқароларига мурожаат қилиб, энди давлат ишларига таниш-билиш орқали кирилмаслиги, фақат билимли ёшлар жалб этилишини ваъда қилган.

“Мен уларга шуни айтаманки, бундан буён давлатимизда одамлар лавозимларга келишув орқали тайинланмайди. Бунгача, шу сабабли ҳам, ўқимишли ёшларимиз давлат идораларида ишлай олмаган ва муҳожиратга кетишга мажбур бўлган. Энди мен уларни уйига қайтишга даъват этаман”, – деган яқиндагина қамоқдан озод бўлиб, эндиликда давлатни бошқараётган Садир Жапаров.

Қирғизистон Миграция хизмати маълумотига кўра, 2019 йил бошида чет элга ишлаш учун кетган қирғизистонликлар сони 735 минг кишидан ошган. Уларнинг 640 минг нафари Россия Федерациясида рўйхатдан ўтган.

Шунингдек, Қозоғистон ва Туркияда 60 мингга яқин, Европа, АҚШ, Яқин Шарқ ва Осиё давлатларида 30 мингдан зиёд қирғизистонлик меҳнат муҳожирлигида банд экани айтилади.

Аммо норасмий рақамларда уларнинг сони бундан бир неча баробар кўп экани ҳам тахмин этилади.

Хориждаги бу муҳожирларнинг аксари қурилиш, коммунал хизматлар, кафеларда ишлашади. Ўз мутахассислиги бўйича давлат ишларида фаолият юритаётганлари эса, озчиликни ташкил қилади.

Жаҳон Банки маълумотларига кўра, Қирғизистон Ялпи Ички Маҳсулотига нисбатан мигрантлардан ўз мамлакатларига пул ўтказмалари ҳажми бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Ўтган йили Қирғизистонга пул ўтказмалари оқими $2,4 миллиард долларни ташкил этган, бу пулларнинг 98 фоизи Россиядан юборилган.

Россиядан жўнатилаётган мигрантларнинг пул ўтказмалари Қирғизистон Ялпи Ички Маҳсулотининг учдан бир қисмини ташкил этади.

Агар, Қирғизистон Миллий банкининг маълумотларига таянилса, биргина жорий йилнинг январ-апрель ойлари давомида улар ортга – Қирғизистонга юборган маблағлар қарийб $700 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Аммо, шунда ҳам, бу сўнгги беш йил ичида Қирғизистонга нақд пул ўтказмаларининг энг паст кўрсаткичи бўлган.

Март ойи охирида бошланган коронавирус пандемияси ортидан, хориждаги аксарият муҳожирлар Қирғизистонга қайтган.

Лекин сентябрь ойида Россия, Туркия ва яна бир қатор давлатлар билан авиақатновлар жонланиши ортидан ишлашга кетаётганлар сони яна ортган.

Мамлакат 6,5​​ миллион аҳолисининг 72 фоизи қишлоқ жойларида яшайди.

Қирғизистонда ҳам, ишсизлик, йилларки, мамлакат қаршисида турган энг долзарб муаммолардан биттаси бўлади.

Қирғизистондан ҳам одамлар пул ишлаш учун меҳнат муҳожирлигига кўпроқ қишлоқ ҳудудларидан кетишади.

2019 йилги маълумотларга кўра, мамлакат аҳолисининг бешдан бир қисми қашшоқлик чегарасидан паст яшайди.

Яъни 1,3 миллион қирғизистонлик кунига 1,50 доллардан кам маош олади.

Миллий статистика қўмитасининг ҳисоб-китобларига кўра, агар муҳожирларнинг пул ўтказмалари бўлмаса, аҳолининг учдан бир қисмидан ортиқроғи ўта қашшоқликда яшаган бўлар эди.

Қирғизистонликликлар мавжуд вазият сабаб, четга ишлаш учун яхши пул топиш, кундалик харажатларидан орттириб, уй, машина сотиб олиш ва тўй, юбилей каби маросимларни ўтказиш учун маблағ йиғиш умидида кетишади.

Шунингдек, ортда қолган мигрантларнинг оилалари кундалик эҳтиёжлари ёки қарзларини тўлаш учун уларнинг пул жўнатмаларини кутиб, кредит олишади.

Миллий банк маълумотларига кўра, ҳар бешинчи вояга этган Қирғизистон фуқаросининг ёки ўртача ҳар бир оиланинг кредити бор.

Мамлакатда ўртача иш ҳаққи ҳозир 17765 сом ёки $220 АҚШ долларини ташкил этади.

Акс-садолар

Абдувоҳид АбдукаримовАмерика Қўшма Штатлари

Ўн йилдан ортиқ Россияда ишлаб, сўнги икки йилдан бери Америкада яшаётган Абдувоҳид Абдукаримов ўзи каби четдаги муҳожирлар нафақат иқтисодий аҳвол ёмонлиги, балки вазият нотинчлиги учун ҳам Қирғизистонга қайтмаслигини айтади.

“Биринчидан, Қирғизистонда ойликлар оз. Америкада энг кам ойлик $3000-$4000 доллар. Иккинчиси, Қирғизистонда барқарорлик йўқ ва у ерга сармоя ётқизиш хавфли. Юқори лавозимда ишлайдиган танишлари борлар сармоя қилади. Ўз кучингиз билан бирон нарса очиб ишласангиз, бандити келади, у-буниси келади, бошоғриқ бўлади. Москвага бориб, у ерда иш бошлашим мумкин, лекин Қирғизистонда эмас”, дейди суҳбатдошим.

Унинг сўзларига кўра, Америкада одам ажратишмайди, Қирғизистонда эса миллий, ҳудудий бўлинишлар мавжуд.

“Бизга Америкада шароит кўпроқ. Қирғизистонга вақтинчалик, дам олгани, ота-онамни кўргани бориб туришим мумкин. Бироқ у ерда доимий яшаб, ишлаш учун қайтиб бориш ниятим йўқ. Америкада ишлаб, орттириб, қўлимдан келганча Қирғизистонга пул жўнатиб, у ерга озроқ бўлса ҳам, кафе қуриб сармоя қилаяпман. Келажакда қариндошларим ишлаши учун”, – дейди жалолободлик Абдувоҳид.

Ҳозирда оғир юк машинасини хайдовчи йигит Қирғизистонда одамларнинг фикрлаши, дунёқараши ҳам тор экани, Америкада эса, одамлар кенг фикрлаб, ўзи яшаётган жойга фойда келтиришни исташларини айтади.

“Мен Америкага янги келганимда, танишларим тезроқ ҳужжат олиб, қонуний ишласам, маҳаллий бюджетга солиқ тўлашимни айтишган. Улар шу орқали яшаётган штати ривожланишини исташади. Бизда эса ундаймас. Бизда бойларни ёмон кўришади. Уларни сиёсат ёки ҳаром ортидан бойлик орттирган, деб билишади. Аслида бойга шароит қилиб берса, нечта одам ишлатади?”, – дейди суҳбатдошим.

Абдувоҳид Садир Жапаровнинг муҳожирларни ортга қайтариш бўйича айтганлари популизм эканини, бироқ ҳаракат қилса, балки амалга оширса бўлишини айтади. “Бунинг учун халқ ҳам ёрдам бериш керак”, дейди у.

“Одамларнинг онги ҳам ўсиши керак. Ватан учун фидойи бўлиши керак”.

Дилафрўз Мадалиева, уй бекасиҚирғизистон

Эрим 6-7 йил аввал Россияда ишлаб келган. Ҳозир Ўшда ишлайди. Россияга бориб, келиб ишлаган яхши. Лекин ҳозир йўллар ҳам ёпиқ.

Қирғизистонда рўзғорга етадиган маош тўлайдиган ишлар йўқлиги учун кўпчилик Россияга боришга мажбур бўлаяпти.

Пандемия сабаб, Россиядан Қирғизистонга кела олмаганлар бор. Келаман, деган одамларни давлат ёрдам бериб олиб келса, яна яхши. Россияда ишлаб, кўп пул топаётгани оиласига ҳам яхши бўлаяпти.

Агар муҳожирларни ватанга олиб келиб, иш ўринлари яратиб, яхши маош бериб, ўзимизга солиқ тўлаб, бюджетимизни тўлдирамиз деса, яхши. Олиб келгандан кейин, иш йўқ, қиш келаяпти, рўзғор харажатларидан орттиролмай ташвишда юрса, унда ёмон.

Давлат аёллардан кўра, кўпроқ эркакларни иш билан таъминласа, улар ҳам бола-чақаси олдида яшайди.

Эрлари Россияда ишлаб юрган аёлларнинг баъзилари телефон туфайли айниб, нотўғри йўлга кириб кетишаяпти.

Хотинлар йўқчиликдан, иложи йўқ кўчага чиқиб кетишаяпти.

Ундан кўра, эркакларни ватанига олиб келиб, иш билан, етарли ойлик билан таъминлагани яхши. Болаларга имтиёз пули, нафақа пулларини вақтида тўлаши керак.

Мусофир юртларда хизматкор бўлиб ишлагандан кўра, ўзимизда бемалол ишлагани яхши.

Ўзим ҳам аввал Россияга бориб, 2 ой ишлаб кўрдим. Энг яхшиси ўзингни уйинг экан. Квартира пулини тўлай демайсан, продукта муаммоси йўқ, ўзинг етиштирасан.

Ҳикматилло Маҳаматсабиров, такси ҳайдовчисиҚирғизистон

Россияда ишлаган яхши. У ерда иш ўринлари ҳам кўп, пулни ҳам кўп тўлашади. Лекин ҳозир Қирғизистон билан Россиянинг пули деярли бир хил бўлиб қолаяпти. Россияда ишласангиз, харажатлардан ташқари $500 доллар атрофида оласиз. У пулни бизда ҳам топсангиз бўлади. Фарқи шундаки, Россияда пулни тўплай оласиз. Ўшда бўлса, кунлик харажатларга сарфланади. Шу тарафлама Россияга боришнинг фойдаси кўпроқ.

Қирғизистонда савдо, кафе ва қурилишларда ишлаб, шунча пул топсангиз бўлади. Агар қўлингизда ҳунарингиз йўқ бўлса, унда қийин.

Мен ҳозир Россияга йўллар очилишини кутиб турибман. У ерга бориб ошпазлик ёки таксичилик қиламан. Ҳар олти ойда уйга келиб тураман. Аввал ҳам 6 йилдан ошиқроқ Санкт-Петербургдаги кафеларда ошпаз бўлиб ишлаганман.

Агар, Ўшда доимий ишим яхши бўлса, Россияга бормасдан, оилам ёнида бўлиб, шу ерда қолардим.

Россияга борганнинг ҳаммаси ҳам яхши иш топиб кетмайди. У ерда ҳам яхши, ёмон одам бор. Ҳар хил, гастарбайтер, келгинди каби лақаблар билан аташади. Бировни давлатида келгинди бўлиб ишлагандан кўра, ўз давлатида эркин бўлиб ишлаган яхши.

Кўпчилик Қирғизистонда оз ойликка ишлагандан кўра, Россияда таҳликали бўлса ҳам ишлаб, кўпроқ ойлик олиб, бирон нарсага эришиб олишни кўзлайди.

Муҳожирларни ватанига қайтариш фикри яхши, лекин бу нарсани амалга ошириш жуда қийин, деб ўйлайман.

Бугунги кунда ҳар 2-3 оиладан бири ёки деярли ҳар бир оиладан биронтаси Россия, Туркия, Корея, Европа давлатларда муҳожирликда ишлайди. Аксар оилалар ва давлат иқтисоди ҳам шу муҳожирлар пули билан ушлаб турилибди.

Аъзамжон, ишсизҚирғизистон

Қирғизистонда ишлаган яхши, агар яхши ҳақ тўланса. Мен узоқ йиллар Россияда, сўнги 3 йилдан бери Кореяда ишладим. Бу йил пандемия сабаб, у ерларга бора олмадим. Ўшда ишлаяпман, кундалик харажатлардан ошина олмаяпман. Бошқа давлатда ишласангиз, пул тўплай оласиз.

Нодира Ҳакимова, уй бекасиҚирғизистон

Мен Россияда энага бўлиб ишлаганман, бир кекса кампирга қараганман. У ерда 10 йил юрганман. Хўжайиним спорт мураббийи. Ўшда ишлаш учун шароит йўқлиги сабаб Россияга кетганмиз. Ўзим олти йил касалхонада ҳамшира бўлиб ишладим. $150 доллар атрофида маош олардим, оғир жароҳатланганлар даволанадиган бўлимда ишлаганим учун. Оддийроқ бўлимда ишлайдиганлар яна ҳам оз олишади. Қирғизистонда иш ҳаққи кам.

Ҳозир уйдаман, ўғлим билан яшайман. Куёвим Россиядан юборган пул билан рўзғор тебратаман. Россияга кетиш керак, Қирғизистонда яхши пул топиб, яшашнинг иложи йўқ.

Агар ўзимизда иш бўлса, шу ерда ишлаб, яшаган яхши.

Россияга йўллар очилишини кутаяпман. У ерга кетиб, аввалги жойимда ишламоқчиман, энагалик қилмоқчиман.

Азизбек Ашуров, иқтисодий таҳилчиҚирғизистон

Бош вазирнинг четдаги муҳожирларни ватанга қайтариш бўйича дастурини кўриб, у билан танишиб чиқиш керак. Қандай қилиб қайтармоқчи шуни билиш керак.

Четдаги муҳожирларни давлатга олиб келиш учун иқтисодий аҳволни яхшилаш керак. Асосий иш шу.

Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият сабаб, давлатни тарк этганлар бор. Уларни ҳам ватанга қайтариш учун хавфсизлигини таъминлаш керак.

Тиббий тарафлама, соғлиги, сурункали касаллиги сабаб бошқа давлатга кетганлар бор. Муҳожирлар гуруҳи талайгина.

Агар Садир Жапаров фақат меҳнат мухожирлари тўғрисида айтаётган бўлса, у иқтисод билан боғлиқ.

Муҳожирлар ватанига қайтиши учун аҳоли иқтисодий эҳтиёжини қондирадиган иш ҳаққи тўланиши керак.

Ҳар бир Қирғизистон фуқароси ўз давлатига келиб ишлашни хоҳлайди.

Бошқа давлатларда меҳнат қилаётган билимли ёшларни, Google каби нуфузли компанияларда фаолият олиб бораётган мутахассис ватандошларни олиб келиш учун эса, бизда информацион технологиялар соҳасини ривожлантириш керак.

Кўп ватандошларимиз Россия фуқаролигини ҳам олишган, бироқ қирғиз фуқаролигидан воз кечмаган. Уларни ватанига келиб, кетишига қоғозбозлик каби ишларда енгиллик яратиш керак.

Бизнинг давлат меҳнат муҳожирларини экспорт қилади. Уларни ватанига қайтиб келиб, адаптация бўлиши учун ижтимоий, иқтисодий дастурларни амалга ошириш керак.

Агар муҳожирлар ишлаб, ватанига келиб сармоя ётқизаман деса, уларга алоҳида имконият ва енгилликлар яратиш керак. Маълум муддатга солиқдан озод қилиш, оз фоизда кредитлар бериш керак. Шунда муҳожир қайта келиши мумкин.

Давлат ишларига киришда очиқ танлов ўтказиб, рақобат асосида қабул қилиб, шунга яраша маош тўлаш ва у ердаги порахўрликни йўқотиш керак.

Барчаси бориб давлат бюджетига, у эса иқтисодга бориб тақалади.

Завод ва фабрикаларни қуриш керак. Ташқаридан келадиган сармоядорга шартлар тузиб бериш керак.

Ҳеч кимга сир эмас, келаётган сармоядордан пора сўраб, уни қаноти остига олиш ёки манфаатдор тарафлар маҳаллий аҳолини уларга қарши кўчага чиқариб шантаж қилган холатлар қайд этилган.

Қирғизистон сармоядорлар учун яхши шарт-шароитлар яратиб берса, ўз кучимиз билан қура олмаган ишхоналар очилади, иш жойлари пайдо бўлади ва маҳаллий аҳоли у ерда ишлайди“.

Манба: bbc.com/uzbek