Канада 3 йил давомида 1,2 миллиондан кўпроқ муҳожир қабул қилади

Канада 3 йил давомида 1,2 миллиондан кўпроқ муҳожир қабул қилади
104 views
04 November 2020 - 11:05

Канада кейинги 3 йил давомида 1,2 млндан кўпроқ муҳожир қабул қилишни режалаштирмоқда.  

Канаданинг иммиграция, қочқинлар ва фуқаролик масалалари бўйича вазири Марко Мендичино ҳукуматнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган тегишли режасини тақдим қилди. Унинг айтишича, мамлакат муҳожирларни жалб қилиш ҳисобига меҳнат бозоридаги бўшлиқни тўлдиришга ва пандемиядан кучли зарар кўрган иқтисодиётини жонлантиришни кўзламоқда.

Режага кўра, Канада 2021 йилда 401 минг, 2022 йилда 411 минг ва 2023 йилда 421 минг муҳожир қабул қилади. Ҳукуматнинг шу даврга тузилган аввалги режасига нисбатан янги режада қабул қилинадиган муҳожирлар сони йилига 50 минг кишига оширилган.

“Иқтисодиётнинг қисқа муддатда тикланиши ва узоқ муддатли равнақ топишига калит иммиграция ҳисобланади”, деб таъкидлаб ўтган Мендичино.

Вазирнинг айтишича, муҳожирлар шифохоналар ва қариялар уйида ишлаб, пандемия вақтида “муҳим роль” ўйнашди. Шунингдек, Канададаги тадбиркорларнинг учдан бир қисмини муҳожирлар ташкил қилади.

Манба: kun.uz