Рубль қуламоқда – Марказий Осиё иқтисодларига нима бўлади?

Рубль қуламоқда – Марказий Осиё иқтисодларига нима бўлади?
104 views
04 November 2020 - 11:11

Рубль қуламоқда – Марказий Осиё иқтисодларига нима бўлади? – Россия Ўзбекистоннинг энг йирик иккита савдо-иқтисодий шеригидан биттаси бўлади. Дунёнинг энг кўп – миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати саналади.

Шу ҳафта бошида Россия рубли йирик хорижий валюта – евро ва АҚШ долларига нисбатан кескин қадрсизланди.

Душанба куни Москва биржасидаги валюта савдосида бир евронинг қиймати 94 рублдан кўпроқни ташкил этди.

Бунақаси 2014 йилдан буён кузатилмагани билан экспертларнинг эътиборини ўзига тортди, уларнинг жиддий хавотирларини уйғотди.

АҚШ доллари нархи эса, 80 рублдан ошмоқда. Сўнгги бор бунга яқин ҳолат 2016 йилда қайд этилган. Ўшанда бир АҚШ долларининг қиймати қайриб 86 рублга чиққан.

Иқтисодчилар эса, воқеалар ривожи бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин, деган башоратдалар.

Уларнинг айтишларича, шу ойда ўтмишда Россия рублининг қулашига олиб келган барча омиллар қайта бўй кўрсатиб турибди.

Коронавирус пандемияси фонида нефть арзонлашиб бормоқда, дунёнинг турли давлатлари, энг аввало, Европага карантин чоралари қайтмоқда.

Бундан ташқари, геосиёсий омил ҳам янада оғирлашган, АҚШ президентлиги сайлови ҳам айнан ноябрь ойига тўғри келган.

Демократчи номзод Жо Байден Барак Обамага вице-президентлиги даврида Россияга қарши санкциялар тарафдори бўлган.

Айнан у 2014 йилда Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилган.

Орадан уч йил ўтиб эса, дунёни Россиянинг тажовузига қарши туришга чақирган.

Экспертларга кўра, янги санкциялар эҳтимоли ҳам рубль заифлашувининг асосий сабабларидан бири бўлади.

Россия рублининг қадрсизланишида яна Кавказдаги ҳолат ва Туркия билан муносабатлардаги муаммоларнинг ҳам таъсири бор, дейди етакчи минтақавий таҳлилчи Сапарбой Жубаев.

Хавотирлар

Мутахассислар рубль қадрсизланишининг Марказий Осиё валюталарига таъсиридан аллақачон хавотирда.

“Рубль курси, табиийки, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аэъо давлатлар, жумладан, Қозоғистоннинг тенгесига курсига ҳам салбий таъсир қилади. Сўнгги 2-3 кунда тенгенинг қиймати 1 АҚШ долларига нисбатан 427 тенгедан 434 тенгега пасайди. Бунинг сабаблари эса, Россия рублиники билан бир хил”, – дейди иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев.

Унинг айтишича, бу ўзгаришлар қолган Марказий Осиё давлатлари валюталари курсига ҳам таьсир қилади.

“Лекин бу давлатлар ўзлари ҳам валюта курсини пасайтиришга харакат қилишлари мумкин. Бу каби ҳаракат эса, экспорт товарларнинг ўсиши ва импортнинг чекланишига олиб келади. Импорт товар қиммат бўлгани учун камаяди”, – дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, “Ўзбекистонда ҳам шу эркин валюта сиёсати юритилади, натижада сўмнинг ҳам долларга нисбатан рубль ва тенге билан ҳамоҳанг пасайиши кутилади”.

“Доллар курсининг Россия ва Қозоғистонда ўсиши натижасида Ўзбекистон импорт қиладиган барча товар ва транспорт харажатлари ошади”, – дейди таҳлилчи.

“Ҳаммага маьлум, Россия ва Қозоғистон Марказий Осиё республикаларига кўпроқ озиқ- овқат маҳсулотлари: ун, буғдой, гўшт, ўсимлик ёғи, сут, сариёғ ва яна бошқаларини экспорт қилади. Бу маҳсулотлар Ўзбекистон учун импорт саналади. Натижада бутун Марказий Осиё худудида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилиши мумкин”.

“Бу ўзгаришларни маьлум даражада кичик иқтисодий инқироз, деб атасак бўлади. Ҳамма республикалар каби бунинг Ўзбекистон учун ҳам иқтисодий ўсиши учун салбий таьсири бўлади”, – дейди таҳлилчи.

Айрим экспертларга кўра, бу каби ҳолат бу давлатлар ўртасидаги савдо айланмаси кўламига ҳам таъсир этмай қолмайди.

Биринчи бор эмас

Будан аввал ҳам Россия рубли кескин қадрсизланишининг оқибатлари бутун Марказий Осиё бўйлаб яхшигина сезилган.

Чунки аксарият минтақа давлатларининг иқтисоди Россиядан келаётган пул ўтказмалари ва импорт маҳсулотларига қарам.

Россия рубли ортидан миллий пул бирликларининг ҳам қадрсизланиши эса, Марказий Осиё давлатларида кенг истеъмолдаги импорт маҳсулотлари нархларининг қимматлашишига сабаб бўлган.

Ўша манзарада минтақавий таҳлилчилар Россия иқтисоди орқага кетишининг таъсири Марказий Осиёга узоқ муддатли бўлиши билан ҳам огоҳлантиришган.

Россия Ўзбекистоннинг энг йирик иккита савдо-иқтисодий шеригидан биттаси бўлади.

Дунёнинг энг кўп – миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати саналади.

Экспертларга кўра, айнан рублнинг қадрсизланиши Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ортга юбораётган пулларнинг кўламига ҳам таъсир қилмай қолмайди, уларнинг озайишига олиб келади.

“Россиядаги меҳнат муҳожирларининг даромадлари рублда ўзгармайди. Аммо Ўзбекистонга юбориш учун АҚШ долларига айирбошлаганида, уларнинг маблағи камаяди. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистонга трансфер қилинувчи валюта миқдори озаяди. Бу каби вазият, ўз навбатида, долларга талабни оширади ва сўмга нисбатан доллар курсининг ўсишига олиб келади”, – дейди иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев.

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд миллионлаб фуқаролари ортга юбориб келган миллиардлаб доллар эса, мустақиллиги билан кечган бир неча ўн йил давомида Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келган муҳим молиявий омиллардан бири бўлади.

Шу йил март ойида ҳукумат жаҳон бозорларидаги вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини муҳокама қилган.

Ўшанда сўм курси ҳозирча барқарор, деб баҳоланган, Ўзбекистон ҳукумати халқаро молия ва товар бозорларидаги вазиятнинг мамлакатдаги макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсирини камайтириш бўйича чоралар ишлаб чиқаётгани маълум бўлганди.

Айрим экспертларнинг башоратларига таянилса, Россия рубли фақат келаси йилга борибгина ўз қадрини ўнглай бошлайди.

Манба: bbc.com/uzbek