Коррупцияни ўрганувчи журналистларнинг аксари таҳдидга учрайди, ярмидан кўпига туҳмат қилинади — тадқиқот

Коррупцияни ўрганувчи журналистларнинг аксари таҳдидга учрайди, ярмидан кўпига туҳмат қилинади — тадқиқот
174 views
04 November 2020 - 11:15

Лондонда жойлашган Foreign Policy Centre ақл маркази 2 ноябрь – Журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолишини тўхтатиш халқаро кунида ушбу касб эгалари ўртасида ўтказилган халқаро сўров асосидаги ҳисоботни эълон қилди.

Сентябрь-октябрь ойларида ўтказилган сўровда 41 мамлакатдан 63 нафар суриштирув журналистикаси вакили иштирок этган. Улар  орасида Ўзбекистондаги журналистлар йўқ, Марказий Осиёдан Қозоғистон ва Қирғизистон журналистлари қатнашган.

Тадқиқотдан мақсад – жаҳон миқёсида молиявий жиноятлар ва коррупция ҳолатлари юзасидан суриштирув ўтказувчи журналистларга бўлаётган таҳдидлар ва улар ўз касби орқали бўйнига олаётган риск кўламига баҳо беришдир.

Ҳисоботнинг асосий хулосаларига кўра:

  • Респондентларнинг аксарияти (71 фоиз) молиявий жиноятлар ва коррупция ҳолатлари юзасидан суриштирув олиб бораётганида таҳдидлар ва/ёки таъқибларни ҳис қилаётганини маълум қилган.
  • Сўралган журналистларнинг деярли барчаси оғзаки таҳдид (81 фоиз), ижтимоий тармоқлардаги троллинг (79 фоиз) ва ёзма таҳдидга (70 фоиз) дуч келганини билдирган.
  • Тадқиқот иштирокчиларининг 50 фоиздан ортиғи туҳмат кампаниясига учраган, маълум бир йўналишдаги хатти-ҳаракатларини тўхтатиш талаб қилинган расмий хатлар олган, ҳам онлайн, ҳам оффлайн кузатувга олинган, расмийлар томонидан сўроқ қилинган.

«Молиявий жиноятлар ва коррупция бўйича суриштирувлар ўтказувчи журналистлар кенг миқёсда рисклар ва таҳдидларга дуч келишяпти, бу эса уларнинг жамоатчилик манфаатига доир жуда муҳим масалаларни очиқлаш бўйича фаолиятини давом эттиришларига тўсиқ бўлади», – дея хулоса қилган Foreign Policy Centre лойиҳа директори Сюзан Кутри.

Маълумот учун, БМТ Бош Ассамблеясининг 2013 йил 18 декабрдаги резолюциясига асосан, 2 ноябрь дунё миқёсида Журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолишини тўхтатиш халқаро куни деб эълон қилинган.

Резолюцияда БМТга аъзо барча мамлакатлар журналистларнинг хавфсиз фаолият юритиши учун шароит яратиш, журналистларга нисбатан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан зарур чораларни кўришга чақирилган.

Манба: kun.uz