Словакияда Чехословакия коммунистик партияси “жиноий ташкилот” деб топилди

Словакияда Чехословакия коммунистик партияси “жиноий ташкилот” деб топилди
31 views
05 November 2020 - 22:39

Словакия парламенти томонидан 4 ноябрь куни қабул қилинган қонунчиликка ўзгартишларга мувофиқ, бундан буён мамлакатда кўчалар ва бошқа жамоат жойларига коммунистик, фашистик ва нацистик режимлар вакиллари номларини бериш тақиқланади. Шунингдек, ҳайкаллар ва ёдгорлик тахталарига бу режимлар рамзларини жойлаштириш ҳам ман қилинади.

1996 йилдан бери амалда бўлган коммунистик режим характерининг ҳуқуқ ва ахлоққа зидлигига оид қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Чехословакия компартияси (ЧКП) ва унинг Словакиядаги филиали жиноий ташкилот, деб эълон қилинади.

Истисно тариқасида кўчаларга тоталитар режимларнинг кейинчалик бу режимларга қарши кураша бошлаган вакиллари номи берилиши мумкин. Бундай истиснога йўл қўйиш-қўймаслик ҳақидаги қарор Миллий хотира институти томонидан чиқарилади. Бу ерда гап, масалан, 1968 йилги “Прага баҳори” чоғида компартияга раҳбарлик қилган ЧКП марказий қўмитасининг собиқ биринчи котиби Александр Дубчек шахси каби баҳсли ҳолатлар ҳақида бориши мумкин. У мамлакатдаги демократик ўзгаришларни дастаклаган ва кейинчалик демократик Чехословакияда парламент раиси вазифасини бажарган.

Қонун кўчаларга Иккинчи жаҳон уруши даврида Гитлер Германияси вассали бўлган Словакия давлати намояндалари номини беришни ҳам тақиқлайди.

Словакияни ҳам ўз ичига олган Чехословакияда коммунистик партия 1948 йилдан 1989 йилгача ҳукмронлик қилган. Мамлакат “совет блоки”га кирган бу даврда юз минглаб одам сиёсий қатағонга учраган.

Манба: ozodlik.org