Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (1)

Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (1)
31 views
06 November 2020 - 14:18

Тарихий-бадиий қисса

Биринчи боб

Уй соҳибининг касали зўрайди. Йўталганда ўпкаси узилай дейди. Балғам қонга айланганда бека аҳволнинг оғирлигини аниқроқ ҳис этди. Тўққиз яшар ўғли касал отанинг атрофида зир югуради. Кир латта билан оғиздан отилган қон теккан лаб ва соқолни артади.

Қуёш куйдиради. Саҳро шамоли шаҳар бўйлаб қайноқ қумни кунда бир бор элайди.

Она ҳовлининг ўртасига тиз чўкиб қўлини кўтариб ўз худосига ёлворади:

– Эй қуёш! Эй оламнинг нури! Эй ҳаётбахш илоҳ! Чўлни қақратган сенсан, водийни яшнатган сенсан! Менинг камбағал эримга ёвуз худолар ҳужум қилди. У қон туфлаб, йўталяпти. Ўзинг хизматкорларингга айт, эримни тузатишсин!

Қуёш эса қорайиб, юзлари сўлган, озғин ва қувватсиз аёлнинг дуоларини ижобат қилиш у ёқда турсин, эшитмагандек ёки энсаси қотгандек нурини янада қайнатиб сепади. Аёлнинг аъзои баданига алангали сел ёғади. У эса эрим ўлса, қандай яшайман дер, кўпроқ тўққиз яшар ўғилчасининг қисматидан даҳшатга тушарди. Шунга бирдан эрини унутиб, ўғли ҳақида нола қилиб кетди:

– Эй қуёш! Фиръавннинг отаси! Эрим ўлса, боламни қандай боқаман? Мени ким хотинликка оларди? Чўри бўламанми? Болам қулга айланадими?..

Аёл куйиб йиғлади. Қуёш эса бирор марҳамат кўрсатгани унчалик шошилмаётгандек эди.

Бола онасига қараб, унинг офтоб нурида ҳалок бўлишини идрок этди.

– Она, юринг, юринг. Қуёшда ўтирманг! Отамга қаранг…

Она илтижодан тўхтаб, нурсиз кўзлари ила боласига назар солди: бола озғин, тилларанг сочи елкасига ўсиб тушган, бўз кўйлаги тиззасига тушган, ёғоч кавуш товончаларини ёрган, аммо юзи тоза эди.

– Она, қуёш сизни эшитмаяпти. Неча кундан бери ундан сўраяпсиз. Қаранг, қорайиб кетдингиз. Отам қимирламай қолди.

Аёл шошиб эрининг бошига борди. Бемор нафас олмаётгандек жим ётар, аммо пешонасини данакдек тер босган, соқоли оғзидан оққан қон билан бўялганди.

Аёл кўзага латта тиқиб, намлади, эрининг манглайига босди.

Гапиришга ҳоли йўқдек ёки гапиравериб ҳафсаласи пир бўлгандек бу ишни жим, сассиз бажарарди. Бола эса катта кўк кўзларини дам отасига, дам онасига қадаб, сўради:

– Она, отамни ким қутқаради? Қуёш худо бўлса ҳам, биз билан иши йўқ. Бирор яхшироқ худодан сўраш керакмикан дейман…

Она ўғилчасига маъюс кўзларини тикди, назарида, бу гапни айтишга бола ҳали болалик қиларди, бироқ эсини таниганидан бери оиласини қора ҳаётда кўраётган гўдакдан, албатта, шундай гап чиқиши табиий эди. Чунки бошга келаётган машаққатлардан қутқарадиган ҳамма кучлар уларни ҳар сафар умидсиз қолдирган. Бу ҳолда, бола фикри ҳам на қуёш, на ой, само, на чақмоқ, на бирор бут уларга ёрдам бера олмаслигини тушуниб бўлганди.

– Болажоним, бошқа кимдан кўмак сўраймиз? Бизга ким ёрдам беради?..

Бола жим бўлиб қолди.

Ташқаридан отнинг кишнагани, кимнингдир бўралаб бўкиргани эшитилди. Она қўрқувдан сапчиб туриб, айвонга отилди. Бола ҳам эргашди.

Эшик вазифасини ўтаётган буталар бойлами ерда ётар, бел бўйи кўтарилган деворнинг бир неча қадами ерга қулаган, ҳовлида эса уларнинг хўжайини бўлмиш Сақиф Ғобанинг икки навкари отда турарди. Навкарларнинг важоҳати хунук эди.

– Ашиа, эринг қани?

Ашиа ранги докадек оқариб эгилди:

– Жанобим, эрим касал…

– Касал?! Нега ҳали тузалмади? Нега?

– Касали оғир, жанобим. Қон туфлаяптими?

– Қон туфлаяпти? – катта навкар сўкинди. – Одам бўлмайди, шекилли, бор, олиб чиқ!

Ашиа йиғлади:

– Жанобим, эрим ўрнидан туролмайди…

– Ўрнидан туролмайди? Сен судраб чиқ!

Ёш навкар отдан сакраб тушиб, кулбага кирди. Орқасидан Ашиа югурди:

– Улуғ Амон ҳақи, улуғ Ра ҳурмати, раҳм қилинг! Эрим ўлиб қолади!

Катта навкарнинг қаҳри қайнади:

– Муқаддас Амон ва Ранинг номини ҳаром тилингга олма! Сенинг аждодларинг Мусо ва Ҳорунга эргашиб, уларни рад қилишган! Сенлар Мусо ва Ҳоруннинг худосига топингансанлар!

Ашиа ерга йиқилиб изиллади:

– Жанобим, биз тавба қилганмиз! Тавба қилганмиз! Амон, Рага қайтганмиз!

– Жанг қилиб юртларингни босиб олганимиздан кейинми? Алдаяпсан!

Ёш навкар уй эгасини ёқасидан судраб чиқди. Касалнинг йўталишга ҳам ҳоли қолмай, оғзидан қорамтир қон сизарди, навкар уни тупроққа белаб ерга отди.

Ашиа эрининг бошини қучоқлаб ўкраш аралаш нола қилди:

– Жанобим, подшоҳимиз Жолут бизни афв этдилар-ку! Сизлар асир эмассизлар, қул эмассизлар, дедилар-ку! Нега бизни бу қадар азоблайсиз!

Катта навкар жирканиб вишиллади:

– Подшоҳимиз Жолут марҳаматли, бироқ биз бунга рози эмасмиз. Сенлар кабиларни яшашга қўйиб берганимизга раҳмат де! Қани Мусо, қани Ҳорун! Сенлар Яҳудо болалари айтганини қилиб юрардинглар-ку!

Ашиа бошқа сўз айтмай эрининг бошини қучоқлаб фақат йиғларди. Бола эса қотиб турарди.

Катта навкар оти билан эр-хотиннинг бошига келди:

– Эй Ашиа, қоч!

– Нега, жанобим?

– Савол беряпсанми? – катта навкар қутуриб, шеригига буюрди. – Болани ол!

Ёш навкар болага қараб юрди. Ашиа додлаб, эрини ташлади ва ўғилчасига отилди. Катта навкар уй эгасини отда ўтирган кўйи найзасининг учи билан туртиб кўрди.

Бемор ингрангандек бўлди. Катта навкар найзасини даст кўтариб, беморнинг юрагига санчди: найза унинг кўкрагини тешиб ўтиб, ерга санчилди, қотил бир зарб билан найзасини суғуриб олди. Қора қон аввал булоқдек отилди, кейин жилғадек ёйилиб оқиб ерни қоплаб, кўлмакка айланди. Уй эгаси юзи, соч-соқоли қонга буланиб, икки марта қимирлади ва жим бўлди.

Ашиа боласининг маҳкам қучиб музлади. Боланинг нафаси қайтиб кетди.

– Она, она, отам… – дедию, ҳушидан кетди.

– Бир ҳафтадан бери касал! Фойдаси тегмайдиган ит бизга керакмас! Эй бева! Эрингни тез кўмиб, эрта тонгда боланг билан ишингга етиб бор! Йўқса, боланг ҳам, сен ҳам ўласан!

Ашиа унинг бирор гапини идрок этмас, ваҳшиёна товуш элас-элас қулоғига чалинар, у ўғилчамга найза санчилмасин дер эди, ҳолос.

…Ярим соатларда Ашиа ҳушига келди. Ўғилчаси отасининг бошида ўтирарди. Қўшнилар ҳамма воқеани кўрдилар, аммо ҳеч ким бу лаънатланган ҳовлига киришга журъат этмади.

Ашиа бир нафас ўйлади. Қўққис руҳида бир жасорат пайдо бўлгандек. Дам тафти пасайиб бораётган қуёшга, дам қон ҳалқоби ичида ётган эрининг мурдасига, мурданинг юзини силаётган боласига боқди-да, қаердандир қувват келиб, даст ўрнидан турди:

– Роқиб, ўғлим, менга ёрдам бер!

Роқиб онасига қараб, ундаги дадилликни сезгандек итоаткорлик билан унинг олдига келди.

Она-бола эшикни кўтариб, маййитнинг олдига қўйишди, биргалашиб мурдани эшик устига думалатиб чиқаришди. Ашиа эрининг кийимларини ечди, авратини тўрт қават латта билан ёпди, эрининг чап кўкси чуқур очилиб, таги кўринарди.

Катта хумни келтириб, она-бола ёғоч чўмичда жасад устидан аввал бир сидирға сув қуйиб чиқишди, сўнг Ашиа ўликни бошидан ювишга киришди. Роқиб сув қуйиб турди. Мурдани поклаганларидан сўнг, ҳовлининг ўртасини кавлашни бошладилар.

Қуёш ботди. Ой чиқди. Ашиа шошиб ишлар, Роқиб эса кўзи юмилиб, ухлагиси келарди. Эрталабдан буён туз тотмаган бўлсалар-да, иштаҳалари таом истамасди.

(Давоми бор)

Акром Малик