Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (3)

Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (3)
45 views
08 November 2020 - 11:08

(Боши)

Тарихий-бадиий қисса

Иккинчи боб

Ғоба зудлик билан вазиятни қўлга олди:

– Ҳокимият бобонг Муассардан сўнг қўлларингдан кетди, нега? Биласанми?

Ашиа бу саволни кутган эди:

– Ичимиздан чиққан хоинлар сабабли бобом Муассарни душманлар мағлуб этди…

Ғоба аёлнинг сўзини бўлди:

– Муассар заиф эди. У қудрат нелигини билмасди! Заифлиги учун енгилди.

Ашиа жим бўлди. Ғоба аёлдан бирор эътироз бўлмагач, яна давом этди:

– Бобонг буюк подшоҳ Жолутнинг динига ўтди, қуёшга топинди, Мусонинг йўлидан чиқди. Бу унинг умридаги ягона тўғри иши эди.

Ашиа бир нуқтага тикилган кўйи ҳамон жим эди.

– Сен эса муртад бўлдинг. Бизнинг адолатдан қочдинг! Шаҳардан қочган хоиндир, хоинга эса ўлим!

Оломон шуни кутиб тургандек чувиллади:

– Хоинга ўлим! Ўлим! Ўлим!

Ашиа ҳокимга шундай қарадики, Ғоба нигоҳи унинг нигоҳига тушганда ичи титраб кетганини сезди. Ашианинг кўзларида Муассар кўрингандек бўлди.

Муассар Ғобага: “Эй чўрининг боласи! Мени сен сотдинг!” – дегандек бўлди.

Ашиа ҳокимга қараб ҳайқирди:

– Қадим қонунни унутдингми, Ғоба!

Аёлнинг овози ғайритабиий бир қаҳр билан янграб, оломоннинг шовқинини кесиб, кўпчиликнинг қулоғиг етди. Одамларнинг шовури пасая бошлади.

Ғобанинг ўрнига Астонис сўради:

– Эй жиноятчи хотин, қандай қонунни айтяпсан?

– Эй коҳин, қадимга қонунда ҳоким ва унинг авлоди қатл этилмасин дейилган. Унутдингларми?

Ашиа ҳақ эди. У эски қонунни эслатди. Буни ҳеч ким инкор этолмасди. Ғоба терговни тўхтатишга, ҳукм беришга қарор қилди:

– Ҳукм!

Ҳамманинг вужуди қулоққа айланди.

– Ҳукмдорлар наслидан бўлган жиноятчи бева хотин Ашиа қуйидаги жиноятларни қилган: фаровон ва адолатли шаҳримиздан хоинларча қочди; буюк подшоҳ Жолут динига беҳурматлик қилиб, Мусонинг динини қўмсади; у ўз жиноятига боласини шерик қилди. Бу иши учун қатлга муносиб бўлса-да, томирида аслзода қони оқиб тургани учун уни тирик қолдираман: Ашиа шаҳар чўчқахонасида умрбод чўчқа боқади, ўғли эса Ваҳшийлар зиндонига умрбод муддатга қамалсин!

Ғоба ҳукмни тугатдию, ўрнидан турди. Ҳамма унга эргашди, оломон ҳам бир нарсаларни муҳокама қилиб тарқала бошлади.

Ашиа ўзи боғланган устунни йиқитгудек силтаниб қичқирарди:

– Золим! Эримни сенинг қотил аскарларинг ўлдирди! Ҳукмга рози эмасман! Боламни қўйиб юбор!..

Аммо унинг додини эшитадиган бирор одам йўқ эди.

Учинчи боб

Боланинг оёқ қўли кишанланди. Уни бир соқчи кўтариб от арава устидаги қафасга отди.

– Адо бўлдинг, болакай! Ваҳшийлар зиндонида бир кун ҳам, йўқ бир соат ҳам омон қолмайсан!

Арава юрди. Роқиб шаҳар бўйлаб кетаркан, томи лойсувоқ уйларга, пакана дарахтларга қарарди. Унинг ҳиссиётлари ўлгандек. У ўзини катта ишларга қодир сезди, бироқ ўша катта ишлар нима эканлигини билмасди. Ҳолбуки, уни Ер юзидаги энг ваҳший қамоққа олиб кетишмоқда. Арава ҳар силкинганда тупроқ, чангдан кирланган сочи юзини тўсади. Озғин елкаси чўккандек кўринади. Мовий кўзларининг тубида, ҳақиқатан, бир қайтмас қудрат йилтиллайди.

Кун оққанда шаҳарнинг шимолий қанотидаги машъум зиндонга етиб бордилар. Кечки салқин тушиб, шабада чўл янтоғининг ҳидини олиб келаётган эди. Роқибнинг туз тотмагани ҳисоби бир кеча ва бир кундуздан ўтди. Энди унинг кўз ўнги жимирлади, мадори қуриди, хаёли сочилди, товушлар, ранглар аралашиб кетди, танаси тошдай оғирлашди, бола ўзини сувга чўкаётгандек ҳис этди. Иссиқ аллақачон унинг лабларини ёрганди. У кимдандир кўмак ўтингиси келди, лекин ўша кимдирни ҳали билмасди, қалби эса унга ҳақиқий ёрдам берадиган қудратнинг борлигига гувоҳлик эълон этаётганди. Роқиб ҳушини йўқотди ва бирдан қушдай енгиллашди. Ҳавога кўтарилди. Атроф ям-яшил, ёруғ эди. Эгнида олтин нақш билан зийнатланган оппоқ либос. У бундай кийимни асло киймаган эди.

Роқиб қаерда эканлигини идрок этиб улгурмай ўзи томонга бир киши келаётганини сезди.

Бошини шошиб кўтарди, кокили кўзини тўсганди, чаккасига сурди ва рўпарасида баланд бўйли, соқол оқ ва узун, кексага ўхшаб таассурот уйғотса-да, жуда бақувват одамни кўрди. Бу одам чап қўлида жуда чиройли узун ҳасса ушлаб олганди, ҳасса худди барг чиқаришга ҳозир дарахт ниҳолига ўхшарди. Кишининг ўнг қўли мармардек оқ эди, қўл нур сочарди. Қизиғи, буларнинг ҳаммаси бу Одамни янада кўркам кўрсатарди.

– Кимсиз? – деди Роқиб шошиб.

Одам унга жилмайди.

– Роқиб, – деди у. Афтидан, у болани жуда яхши танирди. – Ҳеч қўрқма! Бақувват бўл! Сира қўрқма! Ўлдираман дейишса, хурсанд бўл, дунёда ўлиб, қайта тирилганлар ҳам яшаб ўтишган. Номусингни йўқотма, ўғлим. Ҳеч қўрқма! Сенга ёрдам берадиган Зот бор, У зинҳор сени унутмайди.

– Хўп, аммо Сиз кимсиз? Мен Сизни аввал кўрмаганман!

– Мени кейинроқ танийсан. Яхши таниб оласан.

Одам бир зумда ғойиб бўлди.

Устига қуйилган бир челак сув болани ўзига келтирди. Роқиб ўзини исқирт бир йўлакда кўрди. У ерда ётар, ердан эса сийдик ҳиди анқирди. Тепасида башараси чандиққа тўлган, кўса ва ҳўкиздай қўпол бир соқчи бор эди.

– Тур, чулдирвақи! Адо бўлдинг, тур, лаънати!

Роқиб ўрнидан турди, бошининг айланиши деярли камайган эди. Чандиқли кетига зарб билан тепди:

– Нимани кутяпсан, юр, ҳароми!

Йўлакнинг шифти баланд, кўринмайди, деворлардан харсанг тош бўртиб турибди, ҳар уч одимда машъала пориллайди. Ҳар ўн беш қадамда чап ёнда катта, бесўнақай эшиклар кўринади. Йўлак бўйлаб башарасини соч-соқол босган, баҳайбат соқчилар у ёқдан бу ёққа юради. Баъзилари елкасига ойболта ташлаб олган, баъзиларинг белида қилич, баъзилари камон билан қуролланган.

Йўлакнинг бошиданми, охириданми қандайдир итнинг хунук улиши эшитилади. Ит ё улияпти, ё ҳуряпти. Буни фарқлаш мушкул эди. 

Шунчаки, бу ёқимсиз товуш йўлак бўйлаб тарқалиб, кўнгилга ваҳм солгиси келарди, гўё.

Соқчилар зиндонга ҳар куни тўққиз яшар маҳбуслар келадигандек, Роқибга қарамасдилар ҳам. Чандиқли эса турткиларди:

– Имиллама, ҳайвон! Тезлаш, лаънати!

Бола қанчалик тез юрмасин, оёғидаги кишан ҳам оғирлиги билан, ҳам шақирлаб қадам босишни азобга айлантирарди.

Ниҳоят, улар бир темир дарвоза қаршисида тўхташди. Чандиқбашара дарвозани қаттиқ урди. Бироз ўтиб, дарвоза очилди. Ичкаридан совут кийган, мўйлови узайиб, икки елкасига етган соқчи чиқиб келди:

– Ҳа, чандиқ!

– Маҳбус келди!

Чандиқ Роқибни ичкарига итариб юбориб, шарт ўгирилиб қайтиб кетди.

Темир дарвоза шарақлаб ёпилди. Ичкари зах, қўрқинчли эди, каламушларнинг ҳиди анқирди. Ўртада думалоқ оғир темир қопқоқ турарди, бешта соқчи эса хонани гир айланарди.

– Ечин!

Мўйловнинг овози мудҳиш эди. Роқиб орқасига тисланди:

-Нега?

Мўйлов қутурди:

– Ифлос, кийимингни еч!

Роқиб беихтиёр орқага қадам босиб, кети билан ерга ўтириб қолди. Соқчилардан бири деди:

– Ҳей, мўйлов, аввал қўл-оёғини еч, овсар, кейин ўзи ечинади.

Мўйлов бу гапни айтган соқчига бўзрайиб қаради-да, белидаги калитларнинг бирини олиб, Роқибнинг кишанларини ечиб бир четга ташлади. Бола кишан ўя бошлаган билагини силай бошлади.

Мўйлов буйруғини такрорлади:

– Ечин!

Роқиб унга тик қаради:

– Йўқ!

– Ҳўв ит, манаман деган каллакесар ҳам индамай ечинади, сен йўқ дейсанми!

– Нега ечинаман! Ечинмайман! – Роқиб қочмоқчи бўлди. Аммо уни боя мўйловга гапирган соқчи ушлаб олди. Унинг бурни қийшиқ эди. У қандайдир мулойим эди.

– Болакай, қоидаси шу, зиндонга кираётган одам тинтилади, бунинг учун кийимларни ечишинг керак. Ёмон нарса бўлмайди.

– Ёмон нарса зиндоннинг ичида бўлади! – кўзларини ёвузона ўйнатди мўйловли.

Роқиб аста кўйлагини ечди. Уни бурни қийшиқ соқчи тинтиган бўлди ва шерикларига деди:

– Зиндонни очинглар!

(Давоми бор)

Акром Малик