Садир Жапаров Байденни табриклаган илк Марказий Осиё лидери бўлди

Садир Жапаров Байденни табриклаган илк Марказий Осиё лидери бўлди
72 views
09 November 2020 - 19:20

Садир Жапаров Байденни табриклаган илк Марказий Осиё лидери бўлди – Ўзбекистон, қолган минтақа давлатлари ҳозирча жим. Трамп даври Америкаси янги Ўзбекистоннинг ўзаро алоқаларида стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаган илк Ғарб давлати бўлганди.

Қирғизистоннинг янги Бош вазири-муваққат президентининг табриги унинг расмий веб саҳифасида бугун, 9 ноябрь куни чоп этилди.

Жой Байденнинг ғалабаси АҚШ президент сайловидан тўрт кун ўтиб, шанба – 7 ноябрь куни эълон қилинганди.

Садир Жапаров ўз табрик телеграммасини, “Ҳозирда Қўшма Штатлар ўз тараққиётининг тарихий босқичида турибди ва мен сизнинг раҳбарлигингизда Америка халқи янги марраларни забт этишига ишонаман”, – деган сўзлар билан бошлаган.

Бунинг ортидан, “Қирғизистон ҳар доим қирғиз-америка муносабатларининг ўзаро манфаатли ривожланишига алоҳида эътибор қаратиб келгани”ни айтган.

Қирғизистон янги Бош вазири-муваққат президентининг таъкидлашича, “биргаликдаги саъй-ҳаракатлар қирғиз-америка муносабатларини ҳар икки халқ манфаати учун янги сифат даражасига олиб чиқиши”га ишончи комил

Садир Жапаров ўз табриги сўнггида, “Жозеф Байденга сиҳат-саломатлик ва ишларида муваффақиятлар, Қўшма Штатлар халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилаган”.

Қирғизистон 2000-йилар бошида, республикаси президент Жорж Буш даврида Ўзбекистон билан бирга АҚШнинг “террорга қарши уруш”да яқин иттифоқчиси сифатида кўрилган.

Қирғизистон ўша пайтда Ўзбекистон билан бирга АҚШ ҳарбий базасига мезбонлик қилган иккита минтақа давлатидан биттаси бўлган.

Садир Жаппаров Қирғизистоннинг ўтган ойги “Халқ инқилоби” ортидан қудратга келган янги раҳбари бўлади.

Бу – Қирғизистоннинг 30 йиллик мустақиллиги тарихида амалдаги президентларнинг четлатилиши билан якун топган учинчи инқилоб эди.

Қирғизистон яқин-яқингача Тожикистон билан бирга Россиянинг минтақадаги иккита энг яқин ҳамкори ва иттифоқчисидан биттаси саналган.

Ўзбекистон президентининг расмий веб саҳифаси 7 ноябрдан буён ҳалича янгиланмаган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қудратга келиши Дональд Трамп билан кетма-кет кечган.

Республикачи номзод Дональд Трампнинг АҚШ президент сайловидаги ғалабаси 2016 йилнинг 9 ноябрь куни эълон қилинган.

Ўша пайтда Ўзбекистон муваққат президенти бўлган Бош вазир Шавкат Мирзиёев эса, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон лидерларидан кейин Дональд Трампни ғалабаси билан қутлаган тўртинчи Марказий Осиё давлати раҳбари бўлган.

Ўз табригини бу учовлондан бир кун кейин йўллаган ҳозирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг 45-президентига “соғлиқ ва масъулиятли давлат мансабида улкан муваффақиятлар, бутун Америка халқига тинчлик, осойишталик ва тараққиёт тилаб” қолган.

Ўзбекистон ўшанда Америка Қўшма Штатлари янги республикачи президенти Дональд Трамп ўзининг сайловолди кампанияси чоғида хосан тилга олган саноқли давлатлардан бири бўлган.

Дональд Трамп Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар номига Ироқ, Сурия, Афғонистон, Покистон, Яман, Сомали ва Марокаш қаторида тўхталиб ўтган.

Сўз айнан Ўзбекистон ҳақида кетганда, 2013 йилда Америка Қўшма Штатларининг Айдахо штатида террорчилик айблари билан ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг номини тилга олган, “бундайларни ўз мамлакатида истамаслигини” баён қилган.

Худди шу ўринда, “Қаерда жойлашганини биласизми, ҳаҳ?”, – деган такрорий саволлари билан эса, республикачи номзод дунё харитасида Ўзбекистон, деган давлат борлигидан ўзининг қанчалик бохабар эканини ҳам намойиш этган, қатор нашрларнинг ҳажв ва танқидлари остида ҳам қолиб кетганди.

Ўзбекистонни “эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар” сафига қўшган, бошқа мамлакатлардан мусулмонларни Америкага киришини тақиқлаш ғоясини эсларкан, Дональд Трамп уларни “террорчилар”, деб ҳам атаганди.

Алал-оқибат 2016 йилги президент сайловида ғолиб чиққан республикачи номзоднинг 4 август куни Портланд шаҳрида янграган бу сўзлари турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонликларнинг ғазабнок муносабатларига сабаб бўлганди.

Сайловолди амалиёти чоғида мусулмонларга қарши қайта-қайта янграган баёнотлари ва чиқишлари мисолида бўлгани каби аксарият таҳлилчилар республикачи номзоднинг Портланддаги сўзларини ҳам жиддий хавотир билан қарши олишган, аммо, Трамп ўз ваъдасида турган тақдирда, янги рўйхатга улардан айнан қайсиларининг тушажаги борасидаги саволга жавоб беришдан ожиз эканликларини ҳам ошкора тан олишганди.

Аммо 2017 йилнинг 20 январь куни расман АҚШ президенти сифатида қасамёд келтиришидан саноқли ойлар ўтиб, Трамп янги Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини Ҳайит билан табриклаган.

Худди ўша йил якунида Дональд Трамп Ўзбекистоннинг ўзига ўхшаб янги президенти бўлган Шавкат Мирзиёевни Америкага таклиф қилган.

Шу санага яқин бир пайтда эълон қилган Афғонистонга оид янги стратегиясида эса, президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмуриятининг Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини ҳар томонлама яхшилаш, таъбир жоиз, ҳатто, қайтиб минтақага “кириб бориш” истагида эканликлари англашилган.

Уларнинг бу режасидан АҚШ маъмурияти афғон можаросига Марказий Осиё давлатларининг ҳар томонлама фаол иштироклари воситасида ҳам ечим топиш истагида экани маълум бўлганди.

Минтақавий таҳлилчилар, бошқа томондан, расмий Вашингтоннинг бу режасини Кремлнинг сўнгги йилларда минтақада кучайиб бораётган империалистик амбицияларига қарши туриш истаги билан ҳам изоҳлашган.

Эски-янги Россия ва АҚШ президентлари ўртасида давлат бўладими ва ёки расмийси, ҳалича бирор бир ташриф амалга ошмаган бир манзарада Ўзбекистон янги раҳбарининг қисқа вақтнинг ўзида Вашингтонга таклиф этилиши воқеълигини ҳам улар худди шунга йўйиб, талқин этишганди.

Ўзбекистон ва Америка ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йили ўрнатилган.

2006 йили Ислом Каримов Америка Қўшма Штатларига ташриф буюриб, ўша вақтдаги Президент Билл Клинтон билан учрашган. Аммо бу расмий ташриф бўлмаганди.

Ўзбекистон ва Америка муносабатлари 2005 йилгача яхши ривожланган.

Бироқ Ғарб давлатларининг худди ўша йилги Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказилиши талаби ушбу илиқ муносабатларга чек қўяди.

Хонободдаги АҚШ ҳарбий базаси ёпилди. Мамлакатнинг бир қанча нодавлат ташкилотлари Ўзбекистондан чиқиб кетишга “мажбурланади”.

Янги президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда минтақа давлатлари Ўзбекистоннинг асосий ҳамкори бўлиб қолишини таъкидлади.

Аммо расмий Тошкент Россия бўладими ва ёки АҚШ, дунёнинг глобал сиёсатда муҳим ўрин тутган қудратлари билан ўзаро манфаатли алоқаларини бирдек тутиш истагида эканликларини ҳам билдирди.

Худди шу манзарада Мирзиёев ҳукуматининг расмий Кремль баробарида Ғарб билан яқинлашиш сари қадамлар қўяётгани кузатилади.

Ўзбекистон янги президентининг Америка Қўшма Штатларига расман таклиф этилиши ҳам ушбу ҳаракатларнинг самараси сифатида кўрилган, янги Ўзбекистон ва янги АҚШ маъмурияти бир ташрифнинг ўзидаёқ ўзаро муносабатларида “стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаганликлари”ни баён қилишганди.

Америка Қўшма Штатлари жорий пайтда дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар яшаб, ўқиб, ишлаб келаётган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондаги “Ижтимоий фикр” тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.

Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.

Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.

Манба: bbc.com/uzbek