Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (4)

Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (4)
251 views
09 November 2020 - 19:24

(Боши)

Тарихий-бадиий қисса

Учинчи боб

Тўрт соқчи бориб, зиндон қопқоғини кўтардилар. Таги кўринмас бир ўра пайдо бўлди. Бир соқчи арқондан ясалган нарвонининг бир учини ташқаридаги қозиққа маҳкамлаб, иккинчи учини ўра ичига ташлади.

– Туш, – деб буюрди мўйловли.

Роқибнинг юраги орқага тортди. Аммо миясида: “Зинҳор қўрқма, сенга ёрдам берадиган Зот бор, У сени унутмайди!” – деган бир нидо айлангандек бўлди. Дарҳол нарвонга оёқ қўйиб, зулматнинг ичига қадам босиб, шахдам туша бошлади. У пастлаб бораркан, атроф қоронғулашиб борар, нарвоннинг икки четини базўр топгандек маҳкам чангаллаб олганди. Роқиб қўлларини ҳам бу зулматда кўра олмаётган эди. У янада пастлаб, зиндон тубига яқинлашганини идрок этаркан, зулматдаги нарсаларни кўра бошлади.

Роқиб зиндоннинг қоқ ўртасига тушди. Оёғининг таги сомон эди. Пешоб ва одам ахлатининг ҳиди сезилди. Зиндоннинг туби анча кенг, текис эди. Девор ва ерга оловда пишган ғиштлар терилган. Йигирмага яқин маҳбус янги келганга қараб ўтирарди.

Роқиб уларнинг ҳаммасининг соч-соқоли ўсиб кетганлигини, эгниларида ранг қорайган, кирланган жулдур кийимлар борлигини билди. Бир бурчакда уч-тўрт, бошқа бир бурчакда яна уч-тўрт маҳбус тўпланиб ўтириб нималарнидир муҳокама қилар эдилар. Уларнинг ичида биттаси секин ўрнидан турди. Унинг башараси чўзинчоқ, соқоли учбурчак ўсган, боши эса кал, ўнг кўзи ўйиб олинган эди. Овози ҳирқираб манфур бир оҳангда янграрди:

– Маҳбуслар! Келишув ўша: бу менинг кўнгилхушим бўлади!

Ҳеч ким эътироз этмади, ҳамма бир нарсани кутар эди.

– Шабкўр!

Роқиб ортига қаради. Бир ўзи ўтирган маҳбус ўрнидан турди. – Шабкўр! – унинг овози кескин янгради. – Бас қил! Бу бола!

Шабкўр ўзига гапираётган маҳбусга қараб илжайди:

– Эй Мусонинг тобеси! Зиндонда бола бўлмайди. Зиндонда ҳамма маҳбус!

У шундай дедию, Роқибнинг елкасига қўлини қўйиб, бош бармоғини унинг бўйнига ботириб, қийнай бошлади:

– Кимсан, маҳбус?

– Қўлингни ол!

Роқиб силтаниб Шабкўрнинг қўлидан чиқди.

– Қойил! Бу ипирисқи жуда жасур чиқди-ку!

Шабкўр Роқибни йиқитишга ҳаракат қилди, Роқиб бутун вужудини титроқ босганини ҳис қилди. Кўзини парда қоплагандек бўлди. Роқиб сакраб Шабкўрнинг бўйнига осилди.

Бу ҳужумни кутмаган Шабкўр мункиб орқага йиқилди. Боланинг ҳужумидан қутурган Шабкўр ётган жойида рақибини белидан ушлаб маҳкам сиқди.

Роқибнинг қовурғалари қисирлади, нафаси қайтди, жон-жаҳди билан Шабкўрнинг бўғзини тишлади. Тишладию, Шабкўрнинг кекирдагини тишлари билан қисқичдай қисди. Маҳбус қўли билан ерни икки марта урдию, ўзини ҳимоя қилишга ҳам мадори етмай типирчилади. Типирчилаш ҳам кўз юмиб очгунча рўй берди. Бу ҳолни кутмаган маҳбусларнинг ҳаммаси ўрнидан туриб кетди. Роқибни ҳимоя қилган қария маҳбус тошдай қотиб қолган болани Шабкўрнинг устидан олиш учун унинг елкасидан ушлади:

– Ҳой бола! Бўлди, тур!

Роқиб жавоб бермагач, уни даст кўтариб тортди. Боланинг оғзи қон, Шабкўрнинг бўғзидан ҳам жилғадек қон оқарди.

Роқиб турдию, ўқчиди, оғзидан бармоқдай келадиган эт отилиб чиқди. Бу Шабкўрнинг у тишлаб узиб олган кекирдаги эди. Қария маҳкум Роқибни етаклаб ўзи ўтирган жойга олиб борди.

Чириган сомонларни тўплаб, қалинроқ ўрин ҳозирлаган экан, Роқибни ўтқазди.

Бўғзи ингичка кўзасидан сув қуйиб, янгини юзини ювди.

Маҳбуслар Шабкўрнинг жасадига бир неча лаҳза қараб туришди-да, деворни тепа бошлашди. Бироз ўтиб, зиндоннинг оғзи очилди:

– Нима?

– Ўлик бор!

Тепадан аввал битта қоп келиб тушди, маҳбуслар Шабкўрнинг мурдасини қопга тиқишди, бу орада арқон ҳам тушди. Арқонга қопни маҳкамлаб бойладилар, қоп аста тепага кўтарилди.

Юзини ювгач, Роқиб сал тетиклашгандек бўлди. Қария сўради:

– Отинг нима, йигит?

– Роқиб.

Қария ўрнидан туриб, маҳбусларга қаради. Ҳамма у нимадир демоқчилигини тушунди.

– Бу йигитнинг оти Роқиб. Шу жуссаси билан Шабкўрни ўлдирди, у энди бедахл! Агар ким унга яна ҳужум қилса, аниқки, менинг қўлимда ўлади!

Ҳеч ким эътироз билдирмади. Зотан, уларга бош бўлиб турган бузуқи Шабкўр ўлди, Мусонинг тобеси чол бўлса-да, унинг жангчи эканлигини ҳамма билади,

янги маҳбус бола кўрингани билан, озғин туюлган билан ҳеч нарсадан қайтмаслигини, одам ҳам ўлдиришини исботлаб улгурди.

Роқиб эса нафасини ростлаб, нима содир бўлганини эслашга тиришарди, қорни эса беҳад оч эди. Қария буни сезгандек деди:

– Роқиб, бироздан кейин кечга емак тарқатишади.

(Давоми бор)

Акром Малик