Хитой вакцинаси хавфлими? – Четда синови тўхтатилди

Хитой вакцинаси хавфлими? – Четда синови тўхтатилди
34 views
10 November 2020 - 17:28

Коронавирус: Хитой вакцинаси хавфлими? – Четда синови тўхтатилди. Аввалроқ, Хитой Фанлар академияси Микробиология институти томонидан тайёрланган яна бир вакцина синовининг учинчи босқичи Ўзбекистонда ҳам ўтказилиши хабар қилинган.

Шу кунларда пойтахт Тошкентдан томонларнинг бу жараёнга дастлабки ҳозирликларни кўришаётганига оид хабарлар олинган.

Хабарларга кўра, Хитой вакцинаси Ўзбекистонда 5000 кўнгиллида синалади.

“Шунча инсонга етадиган вакцина ҳозир Хитойдан Тошкентга олиб келинган. Вакциналар махсус шароитларда сақланяпти”.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса, Хитой Sinopharm компаниясининг ўлдирилган, кучсизлантирилган вирусларга асосланган вакцинасини мамлакатга олиб келиш билан шуғулланаётгани ҳам маълум бўлган.

Kun.uz интернет нашрининг ёзишича, бу ҳақда Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири, биолог олим Иброҳим Абдураҳмонов яқинда Халқ сўзи газетасига берган интервьюсида тўхталиб ўтган.

“Бир нечта вакцина синовини параллел равишда ўтказиш – давр тақозоси”, – деган Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. Унинг сўзларига кўра, “бир нечта вакциналар синовдан ўтказилиб, улар орасидан энг самаралиси аҳолини эмлаш учун танлаб олинади”.

– 5000 кўнгиллининг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилади. Қўшимча касалликлари борми, бор бўлса, унинг хавфлилиги қай даражадалиги текширилади. Улар тиббий кўрикдан ўтгандан кейин тиббий суғурта қилинади.

– Кўнгиллилар бир йил давомида 8 марта тиббий кўрикдан ўтказиб борилади. Вакцинадан кейин ярим соат врач кўригида бўлишади. Aгар ножўя таъсирлари бўладиган бўлса, аввало тиббий суғурта ва ҳамкор компания қоплаб беради.

Аммо суҳбат жараёнида қоплаб берилажак сумманинг миқдори очиқланмаган.

Sinovac

Хитойнинг Ковид-19га қарши машҳур Sinovac вакцинасининг Бразилиядаги клиник синовлари эса, унинг “ўта оғир оқибатлар” келтириб чиқариш ҳолатлари кузатилгани ортидан тўхтатилди.

Бразилиянинг Соғлиқни сақлаш бўйича давлат ташкилоти “Anvisa” бу воқеа 29 октябрь куни бўлганини тасдиқлаган, аммо бошқа тафсилотлар берилмади.

Синовак вакцинаси охирги синовлардан ўтаётган бир нечта вакцинадан биридир.

Аммо Хитой бу вакцинани фавқулодда фойдаланиш дастури асосида минглаб одамларни эмлаш учун ишлатиб улгурган.

“Sinovac” компаниясининг ўзи ҳеч қандай жавоб бермади.

Ножуя таъсирлар

Душанба куни “Anvisa” “CoronaVac вакцинаси жиддий ножўя таъсирлар пайдо қилгандан сўнг клиник синовларни тўхтатишга қарор қилгани”ни билдирди.

Бу қандай юз бергани, қаерда юз бергани ҳақида маълумот берилмади. Синовак вакцинасининг охирги босқич синовлари Индонезия ва Туркияда ўтказилмоқда. Аммо бу давлатлар синовни тўхтатишини айтгани йўқ.

Бразилиядаги синовларни ташкиллаштираётган тиббий тадқиқот интитути “Butantan” раҳбари Димас Ковас маҳаллий матбуотга синовнинг тўхтатилиши ўлим ҳолати билан боғлиқлигини очиқлаган.

Аммо, “Reuters”нинг хабар беришича, у ўлим вакцина билан боғлиқ бўлмаганини ҳам таъкидлаган.

“Butantan” бу борада сешанба куни, маҳаллий вақт билан кундуз соат 11:00 да матбуот анжумани ўтказишини билдирган.

Вакцина учун рақобат

Ушбу хабар АҚШ компанияси “Pfizer” ўзи яратган вакцина 90% самарали бўлганини эълон қилганидан бироз ўтиб тарқалди.

“CoronaVac” Хитойнинг “Sinovac Biotech” фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бу компания Ковид-19га қарши вакцина топиш бўйича илғор рақобатчилардан бири саналади.

У Хитой фавқулодда фойдаланиш дастури доирасида юз минглаб одамларни эмлаган уч экспериментал коронавирус вакциналаридан биридир.

“Sinovac” ўзининг деярли барча ходимлари ва уларнинг оилалари шу вакцина билан эмланганини айтган эди.

Хитой Соғлиқни сақлаш расмийси аввалроқ клиник синовларда жиддий ножўя таъсирлари бўлмаганини баён қилганди.

Бразилия коронавирусдан энг кўп зарар кўраётган давлатлардан биридир.

Жон Ҳопкинс Университети тўплаган маълумотга кўра, у ерда 5.6 миллиондан ортиқ тасдиқланган касаллик ҳолатлари бўлди ва бу АҚШ ва Ҳиндистондан кейинги энг юқори кўрсаткичдир.

Ўлим ҳолатлари бўйича эса, АҚШдан кейинги иккинчи ўринда турибди, ҳозиргача 163000 одам коронавирусдан ўлгани рўйхатга олинган.

Манба: bbc.com/uzbek