Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (5)

Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (5)
241 views
10 November 2020 - 17:38

(Боши)

Тарихий-бадиий қисса

Тўртинчи боб

Қария гапини тугатмасидан зиндон қопқоғи кўтарилди ва тепадан арқонга боғлаб осилган сават тушиб келди. Роқиб ўрнидан туриб, деворга суянди.

Сават ерга тушди. Ичида арпанинг кепагидан ёпилган чақалоқнинг муштидан бироз каттароқ қоп-қора кулчалар бор эди. Маҳбуслар ўз улушларини ола бошлашди. Қария ҳам ўзи ва Роқиб учун икки дона кулча олди. Ўзининг сопол япалоқ косасига кўзасидан сув қуйиб, кулчаларни сувга ташлади.

Маҳбуслардан бири узун, оғзи ингичка ёғоч челакни иккинчи марта тушган арқонга боғлади. Роқиб бу нима, дегандек Қарияга қаради.

– Нажосатимиз, – деди Қария хотиржам. – Ҳар куни бир марта тепага чиқариб юборамиз.

Сувдаги арпа нони ҳам ивиди. Қария сувни ичди ва ярмини қолдириб, Роқибга узатди:

– Ич, ноннинг таъми бор.

Роқиб сувни ичиб, ҳақиқатан, унда ёқимли таъм борлигини билди.

Ўзига берилган кулчани еб бўлгач, Роқиб  ерга ҳолсиз чўзилди. У ўзининг кечаги ҳолига бегона эди. Ёхуд болалик унинг учун мозийга айланди, у, айни маҳал, болалик учун ёт одам эди. Ичига бир баҳайбат одам кириб олди, гўё. Бу одам тўққиз яшарлик жисмга сиғмаётгандек эди. Кўксини найза тешган отаси, девдай важоҳат билан қабр кавлаётган онаси, ҳоким Сақиф Ғоба, унинг вазири Тасмин, коҳин  Астинос, эс-ҳуш ёки умуман, ақл ва инсонийликни йўқотган оломон, тушида кўринган ҳассали,

қўли оқ, бақувват одам, зиндон ва тишлаб узиб олгани кекирдак таъми хаёлида қуюндай айланди. Кўзи юмилдию, дарҳол ухлаб қолди.

Ухладию, яна туш кўра бошлади. У бир матонинг устида ўтириб, бошини ерга қўйди. Бошини ерга қўйдию, ўзини қушдай сезди. Қаршисида англаб бўлмас бир Қудрат турар эди. Бу Қудрат Роқибга чексиз салимият, қандайдир хотиржамлик ато этди, бироқ бу хотиржамликнинг моҳиятини у кўра олмади. У ўз тепасидаги бу Жалолиятни кўзлари ила кўришни истаса-да, таърифсиз ҳадик бунга йўл қўймади. Негадир, кўнгли тўлдию, йиғлай бошлади…

Роқиб уйғонди. Ўнгида ҳам кўзидан ёш оқарди. Зиндондаги зулмат ўша-ўша эди. Кимдир хириллаб, кимдир пишиллаб ҳуррак отарди. Бир бурчакда бир маҳбус тиззасини қучоқлаб ниманидир ўйлайди.

Қария эса пешонасини ерга қадаган. Роқиб сапчиб кетди: у тушида ана шундай ҳолда эди-ку!

Роқиб бу бир ибодат эканлигини англади. Шунчаки, Қариянинг кимга ибодат қилаётгани сирли эди. Роқиб тушида кимга ибодат қилган бўлса, Қария ҳам ўша Зотга сиғинаётгани шубҳасиз эди.

Буни ҳозироқ сўрашни истади, аммо қандайдир куч, балки жисмидаги чарчоқ кучи уни яна уйқуга тортди.

…Кимдир уни оҳиста туртганини сезиб, Роқиб тезда уйғонди. Зиндон туйнугидан Мўйловли бақирарди:

– Янги келган! Ҳей чурвақа! Чиқ! Тез чиқ!

– Сени чақиришяти, чиқақол, – деди Қария. Ўртада арқон нарвон осилиб турарди. Роқиб тезда нарвон томон юрди. Ичида нимадир шувиллаб ўтди. Қария унга шивирлади:

– Қўрқма, Роқиб!

Йигит зиндон туйнугидан чиқди. Ўша хона, суяги бузуқ соқчилар, бурни қийшиқ соқчи кўринмасди. Мўйловли Роқибни бир қўли билан бўғиб, вишиллади:

– Сен Шабкўрни ўлдирдингми? Шунақа зўрмисан?

Роқиб силтанди. Аммо Мўйловли уни томоғидан чангакдай қисиб, оёғини ердан узиб даст кўтарди:

– Энди итдай ўласан! Итдай ўласан, итвачча!

Роқиб нафаси бўғилиб, типирлаб қолди. Мўйловли уни темир эшик томонга улоқтирди:

– Ташқарига чиқ, хоинвачча!

Роқиб ўқчиб, йўталди. Томоғи қаттиқ оғриди. Кекирдагининг ичидан нимадир шишиб, нафас олишига қўймасди. Оғзини каппа-каппа очиб нафас этаркан, ўша шиш оғрирди. Йигит то ўзига келгунча Мўйловли келиб биқинига тепди:

– Тур!

Биқинидаги оғриқдан Роқибнинг кўзидан ўт чақнаб, қандай учиб оёққа турганини сезмай қолди. Ҳарқалай, оёққа туриб, темир эшикни пайпаслаб, ташқарига чиқишга интилаётганини идрок этди. Ташқаридан кимдир шарақлатиб қулфларни ечди, темир эшик оғир ғижирлаб очилди.

Бу орада Роқибнинг қўли ва оёғини кишанлашди, Мўйловли қиличининг сопи билан йигитнинг елкасидан ниқтади:

– Юр, эшак! Роқиб оқсоқланиб юра бошлади. Кишан энди унинг тўпиғини шилди. У қаттиқ ачишишда териси кўчаётгани сезди. Аммо у ҳозир тўхтаб, оёғига қарай олмайди, юриши керак, тўхтаса, бошидан қамчи ёғилади. Шунинг учун, оғриққа қарамай тезроқ юришга уринди.Йўлакнинг охиридаги темир эшикдан

ичкари кирдилар. Хонанинг остию усти тошдан иборат эди, аммо ўнгдаги эшик яна бу ерда яна бир хона борлигини билдирарди.

Рўпарада ёғочдан ясалган қўпол курси кўзга ташланди.

Мўйловли Роқибнинг тиззасининг орқасидан тепди:

– Тиз чўк, маҳбус!

Роқиб тиззалади. Тиззаси ерга қаттиқ теккани учун азоб берди.

Ёндаги эшик очилиб, ичкаридан яна бир соқчи чиқди. Унинг совути сиёҳ рангда эди, сочи ҳам орқага таралган, кўзи мисрликларникидек катта, ранги қорамтир эди, қадам босишида чап оёғи калталиги билинди.

У қўлида дастаси фил суягидан, ўзи от ёлидан тўқилган бурама қамчини буклаб ушлаб олганди. Мўйловлига буюрди:

– Чиқ!

Мўйловли қисқа таъзим қилдию, тезда ташқарига ғойиб бўлди.

Оёғи калта Роқибнинг қаршисига келиб юзига тикилди. Роқиб беихтиёр нигоҳини ерга қаратди. Калтаоёқ қамчининг дастаси билан йигитнинг иягидан кўтарди:

– Кўзимга қара, қотил!

Роқиб унга қарар-қарамас юзига

қамчи тегди. Иккинчи зарба сонига тушди. Тиззалаб туришнинг ҳам имкони қолмади: йигит ғужанак бўлиб йиқилди. Бели, елкаси, курак ва думбасидан тинимсиз қамчи ёғила бошлади. Роқиб тишини тишига босиб, нафасини ютди, қамчининг ҳар зарби қиличнинг тиғидек тегар, танасини қиймалагандек туюларди. Ҳар зарб йигитнинг қувватини сўрди. Роқибда ғужанак бўлишга ҳам мажол қолмади, у ҳушини йўқотди.

Қамчи унинг гўштини титиб чиқарган эди, кийими қон шимиб, энди томчилади.

(Давоми бор)

Акром Малик