Россия МДБ мусулмонларнинг мусулмон бўлмаган аёлларга уйланишини тақиқлади

Россия МДБ мусулмонларнинг мусулмон бўлмаган аёлларга уйланишини тақиқлади
130 views
12 November 2020 - 7:00

Россия мусулмонлари диний бошқармаси динлараро никоҳлар мумкин эмаслигига оид фатво чиқарди.

“Россия ҳудудида динлараро никоҳлар, жумладан аҳли китоб вакилалари [насроний ва яҳудий аёллар] билан никоҳ қуриш мумкин эмас ва бу каби никоҳлар фақат маҳаллий муфтийнинг қарори билан, мазкур конкрет ҳодисанинг барча жиҳатларини кўриб чиқилиб, эътиборга олинган ҳолда, муайян якка ҳолатлардагина мумкин бўлади”, дейилади ҳужжатда.

Дин пешволарига кўра, қиз “Худонинг ягоналигини эътироф этган, Исо ва Муҳаммадни Оллоҳнинг элчилари сифатида қабул қилган, муқаддас Қуръон амрларига риоя қилишга тайёр эканини билдирган” тақдирдагина мусулмон эркак билан никоҳланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Москва давлат лингвистика университети профессори, исломшунос Роман Силантьев “Интерфакс” агентлигига Исломдаги тўрт сунний мазҳабдан учтаси мусулмон бўлмаган аёллар билан никоҳланишни тақиқлаши, бироқ Ҳанафийлик мазҳаби бунга рухсат беришини билдирган.

“Бундан келиб чиқадики, Россия Федерацияси МДБ ўз қавмидаги барча диндорлар мансуб бўлган мазҳабнинг ҳукмига зид фатво чиқарган”, деган Роман Силантьев.

Исломшуносга кўра, никоҳ масаласига бу каби янгича ёндошувлар мавжуд оилаларда ҳам муаммолар пайдо қилиши мумкин, чунки мусулмон эркаклардан кўпчилик насроний аёлларга уйланади. У мусулмон бўлмаган аёлларга уйланганлар орасида таниқли диний арбоблар ҳам (мас., Татаристон муфтийси ўринбосари, марҳум Валиулла Якупов) борлигини қайд этган.

Россия МДБ Уламолар кенгашининг мазкур фатвоси июль ойидаёқ қабул қилинган, бироқ у муфтиёт сайтида 10 ноябрга келибгина ёйинланган.

Манба: ozodlik.org