Трамп Пентагондаги юқори даражали мансабдорларни алмаштиргани ташвишларга сабаб бўлмоқда

Трамп Пентагондаги юқори даражали мансабдорларни алмаштиргани ташвишларга сабаб бўлмоқда
76 views
12 November 2020 - 7:30

АҚШ Мудофаа вазирлиги 10 ноябрь куни Пентагоннинг юқори даражали мансабдорлари ишдан бўшатилгани ва уларнинг ўрнига президент Трамп ўз тарафдорларини тайинлагани тўғрисида хабар берди. Бундан бир кун аввал Трамп мудофаа вазири Марк Эсперни ишдан олганди.

Пентагондаги янги тайинловлар демократлар ва ҳарбийлар томонидан Мудофаа вазирлигини сиёсийлаштириш сифатида талқин қилинмоқда ҳамда ташвишларга сабаб бўлмоқда.

Ҳокимиятни 71 кундан кейин сайланган президент Жо Байденга топшириши лозим бўлган Дональд Трамп Байден ғалабасини тан олишни истамаяпти.

Мудофаа вазирлигидаги юқори даражали мулозимларнинг ўзгартирилиши эса Трампга собиқ вазир Эспер ва бошқа ҳарбийлар қарши чиққан сиёсатни амалга оширишга имконият яратиши мумкин. Жумладан, Трамп Афғонистондан АҚШ ҳарбийларини тўлиқ равишда олиб чиқиб кетишга кўрсатма бериши эҳтимол.

The New York Times газетаси Мудофаа вазирлиги расмийлари Трамп Эронга қарши махфий ёки очиқдан-очиқ амалиётларни бошлаши мумкинлигидан ташвишланаётгани ҳақида ёзди.

Трамп 9 ноябрда Мудофаа вазири Марк Эсперни лавозимдан бўшатган ва унинг ўрнига аввал Миллий аксилтеррор маркази раҳбари бўлган Кристофер Миллерни тайинлаган эди.

Манба: ozodlik.org