Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (6)

Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (6)
222 views
12 November 2020 - 8:00

(Боши)

Тарихий-бадиий қисса

Тўртинчи боб

Калтаоёқ маҳбусга диққат билан қаради, унинг буткул ҳушдан кетганини билгач, ўзи чиққан эшикни қамчи дастаси билан урди. Ичкаридан ёши элликдан ошган, паканадан келган, аммо бақувват, кучли эканлиги япалоқ юзидан сезилиб турган бир одам чиқди. У Ваҳшийлар зиндонининг хўжайини эди.

– Хўжайин, қотил беҳуш, – Калтаоёқ бошини эгиб Хўжайинга хабар берди.

Хўжайин Роқибни тепиб, чалқанча ағдариб юзига қаради.

Узун сочлар маҳбуснинг юзини тўсганди.

– Ичкарига кирит.

Калтаоёқ Роқибни судраб Хўжайиннинг хонасига олиб кирди. Сўнг амр кутиб мўлтиради:

– Сен чиқ. Чақирсам, кир.

– Бош устига, Хўжайин.

Калтаоёқ чиқди. Хўжайиннинг хонаси кенг, аммо беҳашам эди. Деворга тақаб ўтириш учун тош курсилар терилган, ердан икки қарич юқорида эса Хўжайин учун ўрин бор. Деворга ойболта, бир неча тур қилич, ёй ва найзалар осилган. Киришнинг чап томонида девор ўйиб токча ясалганди, токчада пиширилган гўшт, яна бир қанча таомлар, мевалар кўзга ташланади. Хўжайин токчадаги сопол кўзани олиб, Роқибнинг бошига келди. Маҳбуснинг юзига кўзадан бироз сув тўкди. Сўнг жилдиратиб сув қуя бошлади.

Роқиб оғзи, бурнига сув киргач, ҳушига келди. Сув муздай эди, танасига бироз енгиллик берди.

Йигит шошиб турмоқчи эди, оғриқдан ғайриихтиёрий ингради. Думбаси кесилиб, бир парчаси осилиб қолгандай эди. Аъзойи бадани ғижимланган каби қақшарди. Қаршисидаги одам ҳамдард каби қараб турса-да, бу турқда зулмнинг совуқ нафаси уфурарди. Ўликнинг кўзидек йилтираётган кўз, ялпайган бурун,

дўрдайган лаб, кенг елка, пакана бўй бир қарашда манфур, бир қарашда мудҳиш эди.

– Тура оласанми, Роқиб?

Қизиқ, овоз фавқулодда ғамхўр янгради.

Роқиб қийналиб оёққа қалқди. Аммо боши айланди. Ўқчиди. Томоғидан қон таъми келди.

– Истасанг, ўтириб ол, истасанг, туравер. Аммо сен билан гаплашадиган гапимиз кўп.

Роқиб кишанни шилдиратиб тош курсилардан бирига етиб бориб, аста ўтирди. Қиймаланган орқа билан ўтириш азобли бўлса-да, йигитга тик туришдан кўра шу ҳузурли эди.

– Нега сени қамашди, Роқиб?

Йигит савол берувчига қаради. Синчиклаб қаради. У қаршисидаги одам унинг зиндонга ташланиш сабабини билмаслиги мумкин эмаслигини аниқ англарди. Бу савол, шубҳасиз, бир мазаҳ ёхуд таҳқирдан, ёхуд бир кизбдан белги эди.

– Билмадим, – деди Роқиб ҳорғин.

Хўжайин токчага бориб, ханжарини қиндан суғурди, пиширилган гўштдан бир парча кесиб, ханжарнинг учига қадаб, Роқиб қаради:

– Ейсанми?

Роқиб Хўжайиннинг муддаосини била олмаётганди. Бу таклиф, суҳбатнинг бу услубидан қандайдир хатар шабадасини ҳис этди:

– Йўқ.

Хўжайин гўшт бўлагини оғзига солиб, чайнай бошлади:

– Майли. Зиндон зиндон-ку, зўр ошпазим бор. Фақат менга овқат пиширади. Сен эса рад этдинг, – Хўжайин токчадаги бошқа неъматлардан шошмай, навбати билан тотиниб, гапда давом этди.

– Роқиб, агар менинг саволларимга тўлиқ, тўғри жавоб берсанг, бу зиндон сенга яхши маконга айланади. Она сути оғзидан кетмаган, десам, Шабкўрни бўғизлаб қўйибсан. Майли, бу бошқа масала. Айтганча, яраларинг оғримаяптими?

Роқиб индамади.

– Соқчиларим ҳам ваҳший. Маҳбусларим ҳам ваҳший. Сени ёмон уришибди. Табибимни чақирайми? Жароҳатларингга қараб қўяди.

– Керак эмас, – деди Роқиб.

– Адашасан, керак, – деди Хўжайин қатъий. – Ярани ўз ҳолида қолдирсанг, йиринглайди, қуртлайди, чирийди. Тирик одам қуртлаб, чириб кетса, бу жуда ёқимсиз-да. Сен эса, табиб керакмас, дейсан. Овқат емайман, дейсан. Менга қара, аёл билан бўлганмисан? Йўқ?! Ҳамма саволимга йўқ, дейсан. Бирор нарса борми, ахир? Ха-ха-ха. Энг ашаддий каллакесаримнинг қотили турмуғи турмаган бола бўлса-я! Ажаб дунё! Роқиб, менга қара, икки йил, узоғи икки йилда аёл хоҳлаб қоласан. Мен сенга жононларни топиб бераман. Ишонасанми? Зиндонда яшаб, кўчадаги зодагондан кўпроқ имкониятларинг бўлади. Сенда келажак бор. Нега индамайсан? Тилингни ютганмисан?

– Менга ҳеч нарса керак эмас…

– Гапларимни ўйлаб кўр! Жуда шошқалоқ экансан!

– Мен ростан ҳам, нега қамалганимни билмайман…

– Билишинг шарт эмас.

– Отамни ўлдиришди…

– Хўш?

– Онамни қамашди…

– Нега?

– Билмайман…

– Билмайсанми? – Хўжайин Роқибнинг

пешонасига келди. – Билишинг шарт эмас! Яна айтаман: билишинг шарт эмас! – қўққисдан ниманидир эслагандек Хўжайин бошқа савол. – Ёки онанг сенга у-бу нарса дедими? Масалан, Мусо ёки Ҳорун ҳақида?

Роқиб Хўжайинга талмовсираб қаради:

– Ким Мусо? Ҳорун-чи?

Хўжайин Роқибнинг алдамаётганини билиш учунмикин, унинг юзига қаттиқ тикилди. Сўнг хотиржам бўлгандек деди:

– Ҳа, яхши. Онанг ҳеч нарса айтмадими, демак, билишинг шарт тугул, нега зиндонга тушганингни билишинг мумкин эмас. Бу таъқиқланган! Сен зиндондаги ҳаётни ўйла, бола! Умрбод зиндонда сенга жаннат яратиб бераман, бунинг учун сендан бир нарсанигина сўрайман. Агар айтганимга рози бўлсанг, Шабкўрни ўлдирганингни ҳам кечираман.

– Шабкўрнинг ўзи менга ташланди.

– Бу менга қизиқ эмас. У ўлган! Сен ўлдиргансан! Сенга ташланган бўлса, менга айтишинг керак эди. Мен орани ажрим қилардим. Сен муаммони ўзим ҳал қиламан деб, қамоқ қоидасини бузгансан!

Роқиб ланж бўла бошлади. Хўжайиннинг эзмалиги кўнглини айнитди.

– Ва, – Хўжайин эзувчи оҳангда яна давом этди. – Ва Шабкўрни ўлдирдинг! Бунинг учун сени осиш керак.

Роқиб жим ўтираверди.

– Аммо сен менга бўйсунсанг, айтганимни қилсанг, зиндон сен учун жазо эмас, мукофотга айланиши мумкин.

Роқиб, ва ниҳоят, Хўжайин кутган саволни берди:

– Нима қилишим керак?

– Қойил! Буни эртароқ сўрашинг керак. Сени бир чол кутиб олди. Ҳимоя қиляпти. Ўшага яқинроқ бўл. Нима деса, менга айтганини етказиб тур. Бўлди. Ишинг беш! Келишдикми?

Роқиб айтажак жавоби ҳамсуҳбатига мутлақо ёқмаслигини билиб, деди:

– Йўқ. Мен бу ишни қилмайман.

Хўжайин тарсаки еган одамдай бақрайиб қолди. Тишлари ғижирлади.

– Сен ит яхшиликни билмас экансан. Бу ерни Ваҳшийлар зиндони дейишади. Итвачча!

Хўжайин қутуриб кетди, у ёш болага шунча овора бўлгани ва бу қадар безбетлик ила йўқ деган жавоб берилиши унда чексиз таҳқирланиш ҳиссини уйғотди.

Югуриб келиб, Роқибнинг кўкрагига тепди. Маҳбус “ҳиқ” дедию, олдига мункиб, беҳуш йиқилди.

Хўжайин уни ўлдиришни истарди, бироқ ўз соқчилари олдида кучини бир ўсмирга кўрсатди, деган гапга қолишни истамасди, шунинг учун куч билан ғазабини босди, бориб эшикни очди. Нариги хонада калтаоёқ ростланди:

– Буюринг, Хўжайин!

– Анави итни олиб чиқ! Қаттиқ урибсан, яна ҳушидан кетди.

…Зиндоннинг қопқоғи очилди. Маҳбуслар тепага қарашди. Туйнукдан арқон билан боғланган қоп туша бошлади. Қария ниманидир сезгандек, қопнинг ерга тушишини кутиб турди. Қоп ерга тушиши билан ичини очди: Роқиб юзи моматалоқ, кийимлари қон бўлиб, икки букилиб ётарди.

– Роқиб! Роқиб! – Қария йигитни авайлаб қопдан чиқара бошлади. Туйнукдан эса соқчилардан бири бақирди:

– Қопни тезроқ бўшат! Тепага чиқариб юбор!

Қария Роқибни эҳтиётлаб сомонни қалинлаштирган ўринга ётқизди. Яна уч-тўрт маҳбус ёрдамлашгани етиб келди.

Қария Роқибнинг кийимини ечиш имкони йўқлиги учун секин йиртиб олди. Роқибнинг кўкрагида этик изи бор эди. Қовурғалари кўкимтир тусга кирган.

Йигитни ёнбошлатишди: орқаси тарам-тарам қон. Қария Роқибнинг иштонини сал туширди: думбаси тилиб ташлангандек эди, қон сизаётган эди.

– Яшамайди, – деди маҳбуслардан бири. У қуруқ ёғочдек озғин эди. Иягида уч-тўртта туки узун эди. – Болани адо қилишибди.

Қария унга шаҳд билан бурилди:

– Умрни бергувчи Аллоҳ! Аллоҳ хоҳласа, яшайди!

Бу гапни эшитган маҳбуслар чўчиб кетишди:

– Ҳой чол, яна Аллоҳ дейсанми! Бу зиндонда бу сўзни айтиш мумкин эмас!

Қария ишингни қил дегандек ўгирилдию, Роқибнинг жароҳатларини авайлаб юва бошлади. Юваркан, пичирларди:

“Оламларнинг Роббиси бўлган ягона Аллоҳ! Сен Иброҳим, Ёқуб, Юсуф, Мусо ва Ҳорун пайғамбарларнинг Илоҳисан! Сенга иймон келтирдим! Сен юборган Тавротга иймон келтирдим ва эргашдим. Банданг Роқибга шифо бер!”

(Давоми бор)

Акром Малик