Австралия Афғонистондаги ҳарбий жиноятларни текшириш учун махсус прокурор тайинламоқчи

Австралия Афғонистондаги ҳарбий жиноятларни текшириш учун махсус прокурор тайинламоқчи
121 views
13 November 2020 - 7:00

Австралия ўз ҳарбийлари Афғонистонда содир этган жиноятларни тергов қилиш учун махсус прокурор тайинлайди. Бош вазир Скотт Моррисон 12 ноябрда Афғонистондаги махсус ҳарбий отряд аскарларига “жиддий ва эҳтимол жиноий ҳаракатлар” содир этилгани тўғрисидаги айбловлар билдирилиши мумкинлигини айтди.

2016 йилда Австралия Мудофаа кучлари бош инспектори махсус ҳарбий отряд аскарлари Афғонистонда 2005-2016 йиллар оралиғида қотилликларни содир этгани, қуролли тўқнашувлар қоидасини бузгани юзасидан иддаоларни текшира бошлаган эди.

Тўрт йилга чўзилган бу текширув Австралия фуқароларининг иддаоларига асосланганди.

Австралия матбуоти махсус ҳарбий отряд аскарлари Афғонистонда вертолётда жой етишмагани учун бир махбусни отиб ташлагани, рейдлар давомида олти ёшли болакай ҳам ўлдирилгани тўғрисида ўз манбаларига таяниб ёзган эди.

Мудофаа кучлари бош инспектори тинч аҳоли ва жангариликдан воз кечганлар ноқонуний ўлдирилгани билан боғлиқ 55та таҳмин мавжудлигини билдирган.

Бош вазир Моррисон Мудофаа кучлари бош инспекторининг таҳрир қилинган ҳисоботи бир неча кун ичида жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинишини айтди.

“Жиноятлар содир этилгани тўғрисидаги тахминларни эътиборга олган ҳолда, текширув натижасида юзага келган саволларга баҳо берилиши ва тергов олиб борилиши зарур. Бу таҳминлар тасдиқланган тақдирда жиноят қилганлар суд жавобгарлигига тортилади. Бу вазифани бажариш учун ҳукумат Махсус прокурор бошқармасини ташкил этмоқда”,-деди Моррисон.

Бош вазир таҳминлар тасдиқланган тақдирда ҳарбийлар Халқаро жиноят суди аралашувининг олдини олиш мақсадида Австралияда судга тортилишини маълум қилди.

Манба: ozodlik.org