Ковидга қарши энг кучли вакцина: Оламшумул янгилик ортида турк олимлари туришибди

Ковидга қарши энг кучли вакцина: Оламшумул янгилик ортида турк олимлари туришибди
111 views
13 November 2020 - 7:20

Ковидга қарши энг кучли вакцина: Оламшумул янгилик ортида турк олимлари туришибди – глобал пойгада биринчи бўлиб асли туркиялик эр-хотин ютиб чиқишди. Уларнинг бу ютуғи инсоният тарихидаги энг буюк кунга қиёс берилди.

Германиялик асли турк эр-хотин коронавирусга қарши вакцина топиш бўйича пойгада илғор бўлиб чиқди. Бу мисли кўрилмаган муваффақият бўлиши мумкин.

55 ёшли, асли турк Угур Саҳин биотехнологиялар бўйича немис фирмаси “BioNTech” бош ижрочи директори. У бу фирмани хотини, 55 ёшли Ўзлем Турежи ва ўзининг собиқ ўқитувчиси, саратон бўйича эксперт профессор Кристоф Ҳубер билан ҳамкорликда очган.

Бу вакцинанинг устунлиги нимада?

“BioNTech” ва унинг АҚШдаги ҳамкори “Pfizer” уларнинг вакцинаси учинчи босқич синовлари натижасига кўра, 90 фоиз одамни Ковид-19 юқишидан ҳимоя қилишини эълон қилди.

Бу вакцина дунё бўйлаб охирги синовлардан ўтаётган 11 вакцина орасида бўлиб, қолган вакциналар рақиб фармацевтика фирмалари ва лабораторияларникидир.

Дунё ҳеч қачон бу қадар тез вакцина топишга ҳаракат қилмаган эди. Одатда тадқиқотлар ва синовлар 7 8 йил олган. “BioNTech”нинг Ковид жамоасига “Ёруғлик тезлиги лойиҳаси” номи берилган.

У қандай ишлайди?

Профессор Саҳин ва доктор Турежи иммунотерапия мутахассисидир. Улар аввал саратон беморлари билан шуғулланарди. Улар хабарчи РНК молекулаларини саратон ҳужайраларига қарши иммунитетни оёққа тургазадиган оқсиллар ишлаб чиқариш учун қўллаб кўрганлар.

Хабарчи РНКнинг генетик кодни ҳужайрага узатиш салоҳиятидан коронавирусга қарши курашда фойдаланиш мумкин, деб ўйлаган профессор Саҳин. Ғоя шундайки, иммун тизимини вирус протеинлари ёрдамида алдаш мумкин, шу билан антитаначалар ҳақиқий вирусга қарши ҳужум қила олади.

Уҳандаги эпидемия асосида коронавируснинг юқувчанлиги ҳақида январь ойида хабарлар тарқалганда, “BioNTech”нинг ишлари яхши кетаётган, 2018 йилдан бери “Pfizer” билан ҳамкорликда хабарчи РНК асосида грипп вакцинасини ривожлантириш устида ишлаётганди.

“BioNTech” душанба куни вакцинанинг самарадорлик даражаси иккинчи доза қабул қилингандан иккинчи ҳафтасида 90 фоиз бўлганини эълон қилди. Вакцинанинг биринчи дозаси олингандан 28 кун ўтиб, ҳимоя пайдо бўлади. Синовда иштирок этган 43,538 кўнгиллидан 94 тасида Ковид-19 қайд этилган.

Бу икки ҳамкор ким?

Профессор Саҳин ва доктор Турежи 2008 йили Германиянинг Майнц шаҳрида “BioNTech”га асос солган.

Иккиси ҳам турк мухожирларининг болалари. Угур Саҳин онаси билан Германияга – отаси олдига келганида тўрт ёшда бўлган. Отаси Кёльндаги Форд заводида ишларди.

Угур Саҳин тиббиёт бўйича Кёльн университетида ўқиди. У, ўзининг айтишича, оқшомгача лабораторияда ишларди, сўнг велосипедда уйига жўнарди. У ҳозир ҳам ишига велосипедда боради.

“У камтарлиги ва инсонийлигини сақлаб қолган”, дейди MIG AG венчур капитал фирмасидан Матиас Кромайер. Бу фирма бошидан “BioNTech”га сармоя киритган.

Пандемия бошланмасдан илгари “BioNTech” иммун тизими ёрдамида саратонни даволаш устида тадқиқот олиб борар эди. Аммо унинг бу борадаги бирорта ҳам дориси расман маъқулланадиган даражага етиб келмаган.

Ўзлем Турежи отасининг таъсирида улғайган. Отаси ҳам доктор бўлиб, уйда беморларни даволарди. “Мен ёш қизчалигимдан бери бошқа бир касбни ўйлаб ҳам кўрмаганман”, дейди у.

Ҳозир уларнинг “Nasdaq”да рўйхатга олинган фирмаси нархи кўтарилиб, $21 миллиард долларга етди. Бир йил аввал 4.6 миллиард доллар эди.

Бош ижрочи директор профессор Саҳин унинг 18 фоиз улушига эгалик қилади. У ҳозир энг бадавлат германияликлардан бири. Унинг хотини фирманинг Бош Тиббиёт Директоридир.

Улар профессор Саҳин Майнцнинг Тиббий марказ университетида ишлаб юрганда 2002 йили турмуш қурганлар. Профессор Саҳин ҳатто тўй куни ҳам лабораторияда ишлаган экан. У ҳозир ҳам университетда дарс беради.

Улар саратоннинг иммунотерапия дориларини ривожлантириш учун 2001 йили “Ganymed Pharmaceuticals”ни ташкил қилиб, биотехнология ишбилармонига айланишган эди. Уни 2016 йили 422 миллион еврога сотдилар.

“Deutsche Welle” хабарига кўра, BioNTech 60дан ортиқ мамлакатдан келган 1300 одамни иш билан таъминлаган. Уларнинг ярмидан кўпи аёллардир.

Январь ойида коронавирус ҳақида “Lancet”да ўқиб қолган профессор Саҳин унинг қанчалик тез тарқалишини дарҳол тушунди. Керакли маълумотларни ўргангач, 400 ходимни вакцинани яратиш учун сафарбар қилди.

“Менинг бундаги ҳиссам мени қизиқтирмайди. Биз “Amgen” ёки “Genentech” каби биотехнология гигантларига ўхшаш фирма бунёд қилишни истагандик. Биз узоққа борадиган қиймат яратишни истаймиз. Мана шу мени қизиқтиради”, дейди у немис янгиликлар сайти “Wirtschaftswoche”га.

Манба: bbc.com/uzbek