Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (7)

Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (7)
38 views
13 November 2020 - 8:00

(Боши)

Тарихий-бадиий қисса

Бешинчи боб

…Сақиф Ғоба бу гапни айнан коҳин Астиносдан кутмаган эди.

– Коҳин ҳазратлари, сиз уч юз олтмишта илоҳимизни рад этмоқчимисиз? Бу илоҳларни топиш, уларни номлаш, одамлар эътиқодини қозониш учун сизнинг аждодларингиз қанча азият чекдилар! – ҳоким бўғриқиб кетди.

Астинос қўлида бир хилда кесилган тахта саҳифаларни кўтариб фикрини тушунтиришга ошиқди:

– Ҳоким жаноблари, Мусо ўз илоҳидан келтирган китоб жуда мукаммал, деяпман, холос. Бу китобда бутун коинотни якка бир илоҳ яратганлиги исботланган. Ўша илоҳга ибодат қилишга мажбурлигимиз айтилган…

– Мажбурмиз?! Ўйлаб гапиряпсизми, коҳин! – ғазаб билан ҳайқирди ҳоким. – Сиз мажбурдирсиз, мен мажбур эмасман! Мен ўз илоҳларимдан воз кечмайман. Уларга ота-боболарим сиғиниб келдилар. Бу илоҳлар ёрдамида салтанатга эришдим. Қудратга келдим. Энди шунча ҳокимиятни Мусонинг китобига ишониб, якка илоҳ топширайми?

– Зинҳор, ҳоким жаноблари, зинҳор! – Коҳин шошиб қолди. – Фикримни англатолмадим, чоғи. Мусо одамларга ўқитган бу китоб жуда хавфли. Подшоҳимиз Жолут уни таъқиқлаб тўғри қилганлар. Акс ҳолда, бу китоб бизни йўлдан оздиради.

– Шундай. Шунинг учун, улуғ подшоҳимиз бу масалада бир қанча режа тузган. Яқинда Мусонинг ҳамма издошларини тиғдан ўтказамиз – Бобил ҳукмдори Намруд, фиръавн Рамзес бошлаган, аммо охирига етказмаган бир ишни подшоҳимиз Жолут тугаллайди.

– Худоларимиз қўлласин!

Сақиф Ғоба ўз гапидан ўзи завқланиб ўрнидан туриб, қасрининг энг муҳташам хонаси бўйлаб жўшиб юра бошлади:

– Мусонинг издошлари ўлгач, подшоҳимиз Жолутнинг худо эканлиги тасдиқланади. У киши уч юз олтмиш биринчи, яъни раҳбар худо бўлиш арафасида турибди.

– Шундай! Шундай!

– Подшоҳимиз Мусонинг барча издошларини қама, унинг Шамиул деган ўринбосарининг бошини узган куним ҳаммасини битта майдонда ёқаман, деди.

Коҳин тинимсиз Сақиф Ғобанинг гапини маъқулласа-да, унинг ичидаги тийиб бўлмас хавотир юзида ҳам кўринарди.

– Ҳазрат, бу узун режа. Мусонинг изидан юрганларни буткул йўқ қилиш билан қирқ йилдан буён машғулмиз. Бироқ айтарли натижа кўрмадик. Биз уларнинг сонини ҳар йили ҳисоблаймиз. Қатл этамиз, қамаймиз, бироқ уларнинг адади камаймайди. Қатағон ва қатл мақсадга эришмоғимизда етарли бўлмаяпти.

– Рамзес иккинчининг даврида Яҳудо қавмининг ўғиллари сўйларди, қизлари қолдириларди, ҳоким жаноблари, – деди коҳин. – Мусо уларни осмондан ваҳий олиб келяпман, деб ишонтирди. Ёқуб болалари унга эргашди. Бу улар устида зулмни кўпайтирди, холос. Мусо бу қавмни акаси Ҳорун билан қирқ йиллаб тарбиялади. Қулликда ҳимматни унутган, пасткашлик, осийлик ва кизбни одат этган бу қавмнинг ўнгланишига ишонмаганлар кўп эди. Бироқ ишнинг охирида улар ҳаммадан афзал бўлди.

– Бу билан нима демоқчисиз, ҳазрат? – ҳокимнинг энсаси қотди.

– Демоқчиманки, бу қавм билан курашмоқда эҳтиёт лозим. Йиллаб бир марра учун курашамиз. Аммо йўлнинг охирида биз ютқазамиз. Улардан олиб қўйганларимиз ортиғи ила уларда қолганини кўрамиз.

Ҳоким асабийлашиб, ўрнидан турди. Шу қадар асабийлашдики, бармоқлари титради.

– Шунча курашларинг бекор, барибир мағлуб бўласан, деяпсизми?

– Тоғлар худоси билан қасам, зинҳор! Мени янглиш тушундингиз, жаноб ҳоким! – шошиб овозини кўтариб юборди Коҳин. – Жамики худолар уларни ер билан яксон қилсин! Уларнинг якка худо бизнинг уч юз олтмиш худомизга бас кела олармиди?

Бу гап Сақиф Ғобага анча маъқул келди.

– Бу гапингиз тўғри, ҳазрат, – деди ҳовуридан тушиб. – Сиз Яҳудо болаларини фақат мақтадингиз. Уларнинг қалбида бизнинг йўлга муҳаббат борлигини ҳам унутманг!

– Унутиб бўларканми! – деди Коҳин.

– Мусо бу аҳмоқларни фиръавндан қандай қутқаргани ёдингиздами? Денгизнинг ичидан олиб ўтди, дейишади. Бироқ Мусо ўз

худоси билан гаплашгани тоққа кетди. Ўттиз кунда келаман, деб, қирқ кун қолиб кетди. Шунда булар нима иш қилди? Ҳатто, Мусонинг акаси ҳам бирор нарсани эплолмади!

– Уларнинг қилган бу иши – бизнинг ғалабамиздан дарак! – деди ишонч билан Коҳин.

– Айнан тўғри! Бузоқнинг ҳайкалини ясаб, унга ибодат қилишди! Қандай ҳам яхши иш бўлди бу! Осмондаги якка худосини қўйиб, бузоққа топинган бу қавм, албатта, бизнинг мулк бўлади! Ва бўлди ҳам! – У ҳолда, хавотирга ўрин йўқ, ҳоким жаноблари! – уни қувватлади Коҳин.

– Бу борада подшоҳимиз Жолут менга суянади. Режанинг бир қисми шуки, Мусо издошларининг ичидан яна бузоқпарастларни топишимиз керак. Улар ўз худосининг ёнига бир шерикни қўйсалар, бас, кучлари қирқилади!

– Шубҳасиз, салтанатни икки подшоҳ бошқарса, халқ пароканда ва хор бўлгани каби, – деди Коҳин.

– Ҳа. Бу ишни сиз қиласиз, ҳазрат. Худолар билан бамаслаҳат бир иш қиласиз.

– Бажонудил! Ишимнинг тартиби

қандай? – қизиқди Коҳин.

– Нима учун Мусо келтирган китобни ўқидингиз, биласизми?

– Шубҳасиз, биламан. Душманнинг заиф ерини шу китобдан топиш учун ўқидим.

– Топдингизми?

– Китоб мукаммал. Ундан бир хато топмадим. Ҳолбуки, мен Навоҳодунасар миххатларини, Ҳаммурапи қонунларини, фиръавнларнинг йилномаларини ўқиганман. Ҳар қандай китобдаги ёлғонни, заифликни унинг ёзилиш услубидан биламан. Мусонинг Китобида эса бир ёлғон тополмадим…

– Жуда тез енгиласиз, бу ёмон, – ҳоким яна бироз қизишди. – Унда китобни ёлғон билан бойитинг!

– Яъни… – Коҳин ҳокимнинг асл мақсадини тушунмай қолди.

– Тавротнинг баъзи оятларини олиб ташлаб, ўрнига ўзингиз ёзинг! Ёза олмасангиз, қадим миххатлардан кўчиринг, хуллас, Тавротни ўзимизга мосланг!

Астинос бу талабни, ҳатто, тушида ҳам тасаввур қилмас эди. Энди чиндан қўрқиб кетди. Тавротнинг ортидаги Буюк Жалолиятни у ҳис қила бошлаган эди. Ҳар қандай ишни гуноҳ эмас, деб ҳисобласа ҳам, Тавротни ўзгартиришни тўғри иш, дея олмасди. У Тавротни Мусога берган худо уни ўзгартирган одамни аёвсиз жазолашига ишониб бўлганди. Шунинг учун, нафасини ютиб, жим туриб қолди.

– Нега жимсиз? Ё бўйин товлайсизми? – ҳоким таҳдидли савол берди.

– Бўйин товламайман, ҳоким жаноблари! – деб юборди Коҳин ранги бўзариб. – Аммо Тавротни ўқиган одам мен ёзган оят ва асл оятни тезда фарқлаб олади… Чунки бу Китобнинг услубида ёзиш инсоннинг қўлидан келмайди…

Сақиф Ғобанинг тахтига бир шоҳона қилич суяб қўйилганди. Ҳоким Коҳиннинг бу жавобидан қониқмади, аммо боягидек қизишмади, бориб қилични олди, қинидан чиқарди. Ўйнатди. Ва Коҳинга савол берди:

– Сизнинг ишингиз нимадан иборат, ҳазрат?

– Халқнинг додини худоларга етказиш…

– Бизнинг додимиз-чи? Ҳокимлар, ҳукмдорларнинг доди қаерда қолади? Шу аҳмоқ халқни боқиш учун, душманлардан қўриқлаш учун қон тўкяпмиз, қон ютяпмиз, тўғрими?

– Минг марта тўғри.

– Ибодатхонангизга ўлжаларнинг сарасини беряпмиз, тўғрими?

– Тўппа-тўғри!

– Ибодатхона ертўлаларини олтинга тўлдириб олдингиз, тўғрими?

– Ҳа…

– Ўзига ўзи алжирайдиган, баданига эчкининг қонини суриб, сасиб юрадиган художўйларингизни кимнинг ҳисобидан боқяпсиз?

– Ҳокимият ҳисобидан…

– Ҳокимият? Қандай ҳокимият? Мен ҳокимиятман! Менинг ҳисобимдан бадбўй ва тентак художўйларингизни боқяпсиз!

– Биламан…

(Давоми бор)

Акром Малик