Хокимлари муштумзўр элим

Хокимлари муштумзўр элим
99 views
14 November 2020 - 21:15

Пахта термам қўлларим қадоқ,
Қақшаяпти демагил белим.
Биласанку жазоси қандоқ,
Хокимлари муштумзўр элим.

Тарсакилар еганинг кўриб,
Кўзларимдан ёғдирдим селим.
Тўймадилар қонингни сўриб,
Хокимлари муштумзўр элим.

Бутлаб бўлмас улар виждонин,
Бунга ожиз хар қандай елим.
Емас улар халоллаб нонин,
Хокимлари муштумзўр элим.

Тугади деб даври Иттифоқ,
Истиқлолда яйрар деб дилим.
Кўп кутгандинг, лек чиқди нифоқ,
Хокимлари муштумзўр элим.

Юзларингга тутунин пуфлаб,
Қайта-қайта тортмасдан чилим.
Сен ўзинг кет, юзига туфлаб,
Хокимлари муштумзўр элим.

Феълинг кенгда, дейсан уларни,
Қарғамоққа бормайди тилим.
Дўст тутгани шуда, кўр карни,
Хокимлари муштумзўр элим.

Боболаринг бамисли балиқ,
Соқов бўлиб топдилар ўлим.
Сен шер бўлгин, қўллайди Ҳолиқ,
Хокимлари муштумзўр элим!

Абдураҳмон Мешаян