Ўзбекистон Олий суди раҳбариятида гомосексуализм можароси

Ўзбекистон Олий суди раҳбариятида гомосексуализм можароси
134 views
20 November 2020 - 20:48

“Элтуз” га яқин ва бир-биридан мустақил манбаларининг шу ҳафтада етказган хабарларига кўра, ўтган ҳафтада Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ) республика Олий суди раисининг 44 ёшли ёрдамчиси устидан Жиноят Кодексининг 120-моддаси (“Бесоқолбозлик”) бўйича жиноий иш очган. Олий суд раиси Козимжон Комиловга ёрдамчи бўлиб ишлаётган мулозимнинг исми-шарифи “Элтуз” га маълум, бироқ сайт айбсизлик презумпциясига риоя этган ҳолда уни ошкор қилмайди.

“Аслида жиноий иш очилишига ўша ёрдамчининг ўзи сабабчи. Чунки иш очилишидан олдин у ўз раҳбари Козим Комиловга: “Бир фирибигар танишим мендан 17 минг доллар талаб қилиб, тинчлик бермаяпти” – деб, шикоят қилган. Комилов ўз ёрдамчисининг муаммосини ҳал қилишни Олий суднинг жиноий ишлар бўйича Ҳайъати раиси И. Муслимовга топширган. Муслимов эса ДХХга мурожаат қилган” – дейди “Элтуз” манбаларидан бири. Унинг айтишича, ДХХ Тезкор Бошқармаси ходимлари пул ундирувчи жиноятчини айнан И. Муслимовнинг қўнғироғи ва 44 ёшли ёрдамчининг аризаси бўйича қўлга олишган.

“Элтуз” га яқин яна бир манбанинг билдиришича, гумонланувчи қўлга олингач, уни шундай йўл тутишга аризачининг ўзи мажбур қилганини айтган. “Гвардейский” қамоқхонасига олиб борилгач, “вимогатель” талаб қилган 17 минг доллар аслида Олий суд раисининг ёрдамчиси тўлашни ваъда қилган, лекин тўламай юрган қарзлари бўлганини билдирган. “Гумонланувчи ўзининг актив гейлигини, 44 ёшли ёрдамчининг эса пассив гейлигини айтиб: “Комиловнинг ёрдамчиси 17 минг долларни мен уни “қондириб” юрганим учун тўлаши керак эди. Лекин ваъдасини бузиб, қарзини тўламай юрган эди” – деб айтган. Ўз иддаоларини исботлаш учун “вимогатель” тегишли видеотасвирларни тақдим қилган” – дейди “Элтуз” га яқин иккинчи манба. Унинг айтишича, “актив” гумонланувчи “пассив” аризачини пул эвазига қондириб юрганини доимий равишда видеотасвирга олиб юрган.

Натижада ДХХ гумонланувчи қолиб, аризачининг (Олий суд раисининг 44 ёшли ёрдамчиси) устидан Жиноят кодексининг 120-моддаси (“Бесоқолбозлик”) бўйича иш очган.

“Элтуз” билан узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келаётган бошқа бир манбанинг хабар беришича, ушбу иш доирасида 44 ёшли “пассив” ёрдамчи билан яқин аллоқаларда бўлиб келган Олий суди, Адлия вазирлиги ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги айрим раҳбарлар ҳамда бошқа мансабдор шахслар ҳам тергов ишларига жалб қилинган. Унинг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматининг юқори эшелонларида “актив” гейлар “пассив” гейларни ва аксинча “пассив”лар “актив”ларни ўзларининг жинсий заруратлари учун олиб юриши одатий ҳолга айланиб бўлган.

“Бундай жуфтликлар фақат Ички ишлар вазирлиги ёки Бош прокуратурада бор деб ўйлайсизми?! Улар ҳаттоки ДХХ да ҳам бор,” – дейди “Элтуз” ҳамкори.

“Элтуз”да мавжуд маълумотга кўра, Олий Суддаги гомосексуализм можароси Ўзбекистон адлия вазирлиги бир жинсли шахслар ўртасидаги жинсий алоқани жиноий жавобгарликдан маъмурий жавобгарликка ўтказиш ташаббуси билан чиққан бир пайтда юз бермоқда.

2019 йил июль ойида Ўзбекистондаги ЛГБТ жамоасининг бир гуруҳ фаоллари президент Шавкат Мирзиёевга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мамлакат Жиноят Кодексидан “бесоқолбозлик” моддасини олиб ташлашни сўраб мурожаат қилган эди.

Ўзбекистон Жиноят Кодексида “бесоқолбозлик” сифатида таснифланган гомосексуализм ўртача оғирликдаги жиноят саналади ва гомосексуализм билан шуғулланган фуқаролар 3 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Постсовет республикалар орасида фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда гомосексуализм учун жиноий жазо сақланиб қолмоқда.
“Элтуз” Ўзбекистон Олий суди раҳбариятида юзага келган гомосексуализм можаросини кузатиб боради.

Манба: Eltuz.com