Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (9)

Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (9)
15 views
21 November 2020 - 16:47

(Боши)

Тарихий-бадиий қисса

Олтинчи боб

Чўчқахонага чўчқабоқар ўлароқ юбориларкан, Ашианинг қалбида жаннатга кетаётгандек бир туйғу бор эди. У Роббисидан душманлар ҳужумидан сақланмоқ учун мустаҳкам бир қўрғон сўраётган эди. Ларзага тушган қалби чақмоқ уриб парчалаган тошдек парчаланди. Бу тош қаъридан гўё ҳаёт суви отилди. Қафасда кетаркан, кўзидан ёш дувилларди. Тиззасини кўксига босиб ўтираркан, кирланган, лойланган сочлари унинг юзини, вужудини бир парда каби ёпди. Унга боққанлар бир алвастини кўргандек сескандилар. Ҳолбуки, бу вужуд ичидаги руҳ Роббисига тавба қилар эди.

Ашиа чўчқахона унинг учун бир иффат қалъаси бўлишига амин эди. Зоҳирини жирканчлик ила қоплаб, бу жирканчлик ичида номусини, иймонини сақламоқни қасд этди. Ашиа буткул оламдан узилди. У мансуби бўлган ҳақиқат оламини туйқус идрок этаётганди. Ўтмиши бу мусибат шамолида ғубордек кўтарилиб, онгини қамради. Кўз ўнгида бутун ҳаёти тирилди.

Бобоси Муассар ҳоким эди. Отаси Аслам ҳокимга бир ворис эди. Улар Мусонинг тобелари эдилар. Уйларида Таврот ўқиларди. Муассарнинг маслаҳатчиси Устоз уларга Тавротдан таълим берарди.

– Оламларни яратган Зот ёлғиз Аллоҳдир! Фақат У ибодатга лойиқдир! Мусо унинг бандаси ва пайғамбаридир! – бу сўзларни Устоз ҳар куни ҳар суҳбатнинг аввалида такрорларди. – Аллоҳдан қўрқинг! Биз охири замон пайғамбари, Аллоҳнинг сўнгги элчиси, барча набийларнинг султони Аҳмадга иймон келтирамиз. У инсоният халоскоридир. У Ер юзида энг буюк адолатни ўрнатади! Билинг, Таврот бизга шуни таълим берди!

Ашиа ёш қизалоқ эди. Шаҳар зодагонларининг болалари билан Устознинг бу дарсларини ёд олишарди.

Ашиалар туғилганда ҳаёт мунаввар эди. Улар бу калималар маъносини билмасдилар. Улар бу калималарга ҳали эҳтиёж сезмасдилар, зотан, ҳаётни танимаган гўдак сўзларнинг қудратини қайдан билсин! Улар, ҳозирча, ота-она, нону сув сўзининг кучини  яхши билишарди, холос.

Ашиа улғайиш ёшларида, ўсмирлик йилларида, кўзгуга қараб, ҳусни ила фахрлана бошлаган вақтларида ўз шаҳрида содир бўлаётган кўп ўзгаришларни идрок этганини яхши эслайди.

Устоз одамларни кўчаларда, уларнинг саройи олдида, майдонда тўплаб, баланд овозда гапирарди. – Эй одамлар! Ўтмишингизни унутманг! – дер эди у кўпинча. Ашиа дугоналари билан ҳокимнинг эрка невараси ўлароқ бозорга, карвонсаройларга ўзига зеб-зийнат олгани кетаётганда Устознинг куйиб-пишаётганини кўриб, бу ваъзларни қизиқиш ила тингларди. Очиғи, ваъзлар жуда ёқимли эдию, қизалоқ уни эртак эшитгандек эшитарди. Устознинг гаплари уни қанчалик мутаассир этмасин, бирор қонундек қабул қилмасди. Бу фақат Ашиага эмас, ҳамма одамларга хос эди. Улар Устозни зерикканда тинглашарди. Устознинг гапидан жуда таъсирланишса, “Ҳақни айтди! Нутқи гўзал! Илми теран!” – деб мақташардию, ўз ишларидан қолмасдилар. Гўё Устоз уларни завқлантириш учун сўйлаётгандек, ҳолбуки, ундай эмасди. Устоз ёниб гапираркан, ўз нутқини тугатиб, йўл четида йиғлаб ўтирарди. Кўпчилик, айниқса, зодагонлар унга садақа қилишни хуш кўришарди. Устознинг пойини бойлик билан тўлдиришарди. У эса бадтар ҳўнграрди, кейин тинчланиб, фақат ҳиқилларди. Сўнг яна ўрнидан туриб ҳайқирарди: – Эй одамлар! Ўтмишингизни унутманг! Ўтмишни унутмоқдасиз! Хорлик сари кетяпсиз! Эй одамлар! Аллоҳдан қўрқинг! Сизлар Одам ва Ҳавводан тарқалдингиз. Иброҳимнинг икки ўғли бор эди. Бир Исмоил, бири Исҳоқ. Сиз Исҳоқнинг зурриёдисиз. Ёқуб Исҳоқнинг насли эди. Ёқубни Исроил дердилар. Исроилнинг ўн икки ўғли сизларнинг оталарингиздир! Эй одамлар! Ёқуб ўлди. Сизларга Юсуф, сўнг Яҳудо бош бўлди. Ўтмишни унутманг! Қибтийлардан фиръавн Рамзес бошингизга не кунларни солди! Эрларни қул, хотинларни чўри қилди. Ўғил чақалоқларимизни сўйди, қизларни тирик сақлади! Эй одамлар! Ўтмишни унутманг! Мусо туғилди! У Аллоҳнинг пайғамбари эди. У фиръавни хонадонида улғайди. Вақт етиб, акаси Ҳорун ила фиръавнни ҳидоятга чақирди. Фиръавн кофир бўлди. Мусони қувди. Мусо Яҳудо болалари ила қочди. Яҳудо болалари! Боболарингизнинг жиноятлари ёдингиздами? Ҳайҳот! Тавротда Аллоҳ буюрдики, якка Аллоҳга ибодат этинг! Ота-онангга яхшилик қил! Қариндошга, етимга, мискинларга яхшилик қил! Одамларга гўзал сўзла! Намозни қойим қил!Закот бер! Бир-бирингизни ўлдирманг, ўзаро қасдлашманг! Бирингиз иккинчингизни ўз юртидан қувиб чиқармасин! Минг надоматлар бўлсин! Эй одамлар, шўрингиз қурияпти! Сиз бугун нима иш қиляпсиз! Аллоҳга ибодат қилмаяпсиз, унга шерик топяпсиз. Ота-онани қаровсиз ташладингиз. Қариндошлар ила алоқани уздингиз. Етимларга зулм этяпсиз. Мискинларни унутдингиз. Одамларни ҳақоратлайсиз. Намоз ўқимайсиз. Закот бермайсиз. Бирингиз бошқангизни бойлик талашиб ўлдирасиз, бирингиз иккинчингизни ўлкангиздан, Ватандан қувиб чиқарасиз, уларга азоб бериш учун бошқангиз унинг сирларини сотасиз, бошқангиз уни азоблайсиз, душманга асир тушса, товон тўлаб қутқарасиз, буни меҳр деб, бутун оламга кўз-кўзлаб мақтанасиз! Аслида, уларни қувиб солган ўзингиз эдингиз. Азоблаган ўзингиз эдингиз. Бу ишингиз қандай беҳаёлик бўлди! Тавротни Аллоҳнинг каломи дейсиз, аммо ярмига амал қиласиз, ярмини эса менсимайсиз. Сиз Аллоҳнинг сўзини ўйин қиляпсизми? Аллоҳнинг сўзини масхара қиляпсизми? Ҳайҳот! Доду фарёд! Бу ишларингиз учун бу дунёда шарманда бўламиз! Охиратда жаҳаннамда ёнамиз! Эсингизни йиғинг! Гуноҳни тўхтатинг! Аллоҳнинг йўлига ўтинг! Аллоҳнинг пайғамбарига, Унинг Китобига эргашинглар!

Устоз шу сўзларни бор овози ила айтарди. Кўпчилик жим тингларди. Бироқ тинглаб бўлиб, одамлар ўз йўлида кетаверарди: кимдир ўғирлик қилади, кимдир фоҳишахонага боради, кимдир зулм қилади.

Устоз эса яна нола қиларди:

– Эй Исроил болалари! Мусо

даврида Аллоҳ устимизга Тур тоғини олиб келганда, тоғнинг тагида қолмайлик деб, ҳамма илоҳий амрларни қабул этдик. Бугун илоҳий амрларга амал этмасак, ҳолимизга маймунлар йиғлайди…

Ҳоким Муассар табиатан кўнгли бўш одам эди. Унинг бичилган қули Сақиф Ғоба ҳокимга кўп таъсир ўтказарди. У Устозни ёқтирмасди. Сақиф Ғоба Муассарга бир гапни бениҳоя кўп айтди: – Соҳибим, қари Устоз шаҳримиз тинчини бузяпти. У қаердаги ваҳима гапларни тарқатяпти. Кўчада соатлаб вайсайди. Одамлар, натижада, сизнинг ҳокимиятингизга шубҳа ила қараяпти. Устоз ҳокимиятни истаяпти, шекилли.

(Давоми бор)

Акром Малик