Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (10)

Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (10)
86 views
24 November 2020 - 8:15

(Боши)

Тарихий-бадиий қисса

Олтинчи боб

У Таврот ҳукмини етказяпман, деб, илм тарқатяпман, деб, ўрнингизни эгаллашни исташи аниқ.

Муассар бу гапларга, даставвал, эътибор бермади. Бироқ Ғоба ўз ишидан тўхтамади. Муассар Ғобанинг гапига кирди ва Устозни зиндонга ташлади. Ашиа Устозни кўргани тезда зиндонга борди. Зиндон ичида Устоз изтироб ичида шундай деди:

– Қизим, шаҳарни гуноҳкор босиб кетди.

Ашиа кўзини катта-катта очди.

– Устоз, – деди у олиб келган тугунини Устознинг олдига қўйиб. – Мен сизнинг ҳамма гапларингизга тушуна олмайман. Аммо тўғри сўйлаётганингизга аминман.

Устоз қайғу ила табассум қилди.

– Вақт келади, ҳамма сўзларимни тушунасан. Сен тўғри сўйлаётганимга покиза қалбинг ила аминсан, тақдир эса сени бу сўзлар устида яшатади, қизалоғим. Сен бу сўзларга суянибгина, дунё ва охиратда нажот топиш мумкинлигини ўз кўзларинг ила кўрасан. Чунки мен бу сўзларни ўйлаб топиб, кейин гапирмаяпман. Бу Тавротнинг таълими, Мусонинг ўгитларидир. Эшит, қизим. Биз Мусо пайғамбарнинг умматимиз, сўнгги пайғамбар Аҳмаднинг уммати эмасмиз. Нега бундай деяпман, биласанми?

– Билмайман, Устоз, – елкасини қисди Ашиа. – Унда, билиб ол! – Устоз қатъий таъкидлади. – Аллоҳ бизга бериладиган жазони асло кечиктирмайди. Мусо яшаган замонда гуноҳкорларнинг уйларининг эшиклари эрталаб ўз эгаси гуноҳ қилганини эълон қиларди. Яъни эшикда “Фалончи мана бундай гуноҳ қилди” деган ёзув пайдо бўларди. Аллоҳ мунофиқларнинг юзини сарғайтириб юборарди. Денгиз бўйида Айла деган қишлоқ бор эди. Ўша қишлоқда биздан бир қавм яшаган. Аллоҳ уларга шанба куни балиқ тутишни таъқиқлади. Бу бир синов эди. Қавмимиз эса шанба куни

денгиз соҳилида жуда кўп балиқ бўлишни билиб қолишгач, бир ҳовуз кавлашди. Балиқлар шанба куни ҳовузга қамалиб қоларди, якшанбада эса уни айлаликлар осон тутишарди. Бу оламлар Роббиси Аллоҳга ҳийла эди. Аллоҳ ғазабланиб, айнан шу қишлоқда яшайдиган ҳаммани хунук, одамлар ёқтирмайдиган маймунларга айлантирди. Роббимизнинг жазоси кечикмади. Тасаввур қиляпсанми? Кечқурун одам бўлиб ухлайсан, тонгда маймун бўлиб уйғонасан. Бу эса гуноҳлар учун бир жазо эканлигини бутун олам билади. Бундан катта шармандалик борми?

Ашианинг эти жунжикди. Ўзини, отасини, бобосини, қулларини, одамларни маймун қиёфасида кўз ўнгига келтириб, қўрқиб кетди.

– Эшит, болам, – Устоз эса давом этди. – Биз шундай умматмиз: гуноҳимизга жазо кечикмайди. Охири замон Аҳмаднинг уммати эса доимо бир муҳлат устида бўлади. Улар Аллоҳнинг йўлида собит ва холис турганларида бутун Ер юзига ҳукм берадилар, нафс ва шайтонга эргашганларида бутун Ер юзининг кофир қавмлари уларга ҳукм беради. Бу уларга жазо эканлигини камдан кам идрок этади. Аммо уларда ҳалок бўлишдан аввал тавба қилиш, яна иззатга эришмоқ имкони, бир муҳлат бўлади. Бизда-чи, Ашиа? Ундай эмас! Биз яна ҳаддимиздан ошдик! Хорлик жуда яқин. Қирқ йил олдин орамиз Мусо бор эди. Ҳорун бор эди. Атиги қирқ йилда биз уларнинг таълимини унутдик. Аллоҳнинг амрини тескари ушладик, тўғри ушламадик. Яқин-орада ҳаммамиз хорланамиз. Шуни Муассарга айт! Эси борида этагини ёпсин! Бутун шаҳар Мусо давридагидек, йиғилиб Аллоҳга тавба этсин! Аллоҳ бирор пайғамбарни юбориб, бизни гуноҳдан покласа!

Устознинг ҳузуридан чиқиб Ашиа бобосининг қошига борди. Ҳаяжонланиб, ҳамма эшитганларини бобосига сўзма-сўз айтди. Бичилган қул Сақиф Ғоба шу ерди эди.

– Соҳибим, – у ерга йиқилиб, фарёд урди. – Устоз ёш ва гўзал маликамизни қўрқитибди. У билан учрашишни ман этмоқ лозим. Маликамиз бу васвасалар оғушида ухлай олмай чиқадилар. Кейин касал бўлиб қоладилар.

– Йўқ, мен касал эмасман! – жаҳли чиқди қизалоқнинг. – Бобожон, устозим тўғри гапиряпти.

– Қайсарлик қилма, Ашиа, – деди бобоси мулойим оҳангда. – Бор, дугоналаринг билан ўйна. Бундай гаплар ила бошингни қотирма. Улуғларимиз бор, биз бор, бу бизнинг ишимиз. Сен қайғурма!

… Шу воқеадан ўн кун ўтмай Муассар невараси Ашиани бир зодагоннинг ўғлига мажбурлаб эрга берди. Қули Сақиф Ғоба шуни маслаҳат берган эди.

Бир тонгда Муассар жанг чорлови овозидан уйғонди. Сарой томига шошиб чиқиб қарадию, эси оғай деди: шаҳар дарвозалари очилган, ёв қўшини бутун оламни

эгаллаб олгандай эди. Одамлар талвасага тушиб боши оққан томонга югурарди. Шаҳар дарвозаларини душманга ким очиб бергани Муассарга қизиқ эди. У хоинни аниқлаб, бор қўшин билан тезда ҳужумга ўтишни истади. Аммо ортига ўгирилиб, бўғзига қадалган тиғни кўрди. Қаршисида Сақиф Ғоба турарди.

– Муассар, давринг битди. Сен буюк подшоҳ Жолутга топшираман! – деди у дадил. – Хоин! – Муассар шундай деб ҳайқирдию, ишнинг ҳақиқатини бир онда англади. У шаҳарда фоҳишахоналарни кўпайтирган, жиноятчи тўдаларни сарой ичида қўллаб-қувватлаган, уни Жолутга сотган, Устозни қаматган айнан қўйнидаги илон – Сақиф Ғоба эканлигини тушунди. Энди жуда кеч эди. Сақиф Ғоба ўз ҳожасини занжирлади ва пастга олиб тушди. Саройдаги ҳамма асир олинган эди. Жолут лашкари саройни талон-тарож этарди. Муассар бор-будидан ажраганини билди. Беихтиёр оҳ тортди. Сақиф Ғоба эса илжайди.

У ўз ишидан мамнун эди. У бутун сарой аҳлини занжирлаб, Жолутни кутгани чиқаётган эди.

Оламни бир зумда зулмат босди. Лаззат ичидаги лаззатини, иззат ичидаги иззатини унутди. Шаҳарда Жолут лашкарининг сурони кўкка ўрлар, аёлларнинг фарёди, гўдаклар чинқириғи, гуноҳкорлар ноласига аралашиб кетди. Босқин ваҳшати жониворлар тинчини ҳам бузди: итлар вовиллар, моллар мўрар, қўйлар барарди.

Мусибат ўлим шамолидек келди, бу шамол ҳаммани беҳаловат этди. Жон қайғуси мол қайғусини даф этиб юборди.

Аксар одамлар қўлига қурол олиб душманга қарши урушмоқ ўрнига қочиб қутулиш васвасасида эди. Аллоҳ уларнинг гуноҳлари сабаб қалбларидан ҳамият, жасорат ва мардликни олиб, ўрнини қўрқоқлик, заифлик ва сотқинлик ила тўлдирганди. Аллоҳнинг элчиси уларни кўп огоҳлантирган эди, улар, одатига кўра, кўрлик қилиб, яна бир таҳқирга учрадилар.

Сақиф Ғобанинг одамлари зиндондан Устозни олиб чиқишаркан, у зот чор-атрофда ана шу ҳақиқат манзарасини кўраётган эди.

… Шаҳар майдонига ёшу қари, эркаку аёл, бою камбағал, аъёну фуқаролар ҳайдаб келинди. Ҳамманинг кўзи жавдирайди. Зодагонлар, бойлар бир неча туяларини қулларига етаклатиб олишган. Туяларга катта сандиқлар юкланган. Жолут лашкари тўрт томонни қора булутдек қоплади. Уларнинг бўйи баланд, ўзлари бақувват, тишидан тирноғигача қуролланган. Итоатсизлик қилган одамни ким эканига қарамасдилар, чопиб ташлардилар. Кўчаларда қон жилғадек оқди, қон кўлмаклари пайдо бўлди.

Аксари кишилар дағ-дағ титрайди. Оналар боласини бағрига яширишга тиришади. Ҳомиладорлар азобдан инграйди. Кимдир кимгадир таскин ҳам беради.

Тўсатдан янграган баланд ва зулмкор овоз ҳаммани жалб этди: шаҳар ҳокими Муассар, ўғли Аслам, невараси Ашиа, невара куёви ва Устозни қамчилаб сазойи ҳолда майдонга олиб келаётган эдилар. Оломон сўзсиз қотди. Умидлар буткул сўнди. Халқнинг ишончи синиб, парчаланди, балки кукунга айланиб, сочилди. Ҳамма нафасини ютди. Одамлар орасидан қамчилаб олиб ўтилган шаҳар ҳукмрон оиласи майдоннинг қоқ ўртасида, тепага янги ўрнатилган тахт қаршисига тиз чўктирилди.

Ашиа дам отасига, дам эрига, дам бобосига жавдиради. Бобоси қўрқувдан тош ютгандек жим, узун оқ соқоли титрар, сочлари елкасида бетартиб ёйилган, либосида қон изи. Отаси ҳам, эри ҳам шу алфозда эдилар. Ёлғиз Устоз хотиржам, балки, бошини тик тутиб, на юзида, на ҳаракатида бир қўрқувни сездирмади.

Оломоннинг ажабланганнамо овози янгради: майдондаги тахт ёнида ҳашамдор либосда Муассарнинг бичма қули Сақиф Ғоба пайдо бўлди.

У қўлини ҳокимона кўтариб, жим бўлинг, дегандек ишора қилди. Одамлар шуурсиз равишда жим бўлдилар. Сақиф Ғоба бор овози ила бақирди:

– Подшоҳлар подшоҳи, юртимизнинг янги, адолатда тенгсиз, қудратда чексиз ҳукмдори Жолут ҳазратлари келмоқдалар!

Довуллар қоқилди. Отлар кишнади. Сақиф Ғоба эса яна кучаниб чинқирди:

– Тиз чўк ва бош эг, халойиқ!

(Давоми бор)

Акром Малик