Ўзбекистон кучишлатар тизимларида раҳбарлар алмашинуви кутилмоқдами?

Ўзбекистон кучишлатар тизимларида раҳбарлар алмашинуви кутилмоқдами?
119 views
30 November 2020 - 13:35

“Элтуз”га яқин ва бир-биридан мустақил манбаларнинг хабар беришича, келаётган декабрь ойида Ўзбекистоннинг кучишлатар тизимларида раҳбарлар алмашинуви кутилмоқда.

“Вазирларни алмаштириш қуйидаги вариант бўйича амалга ошиши мумкин. Ҳозирги Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев – Конституцион ёки Олий суд раиси лавозимига, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов – Бош прокурор лавзимига, Миллий гвардия бошлиғи Равшан Жўраев – Ички ишлар вазири лавозимига тайинланиши кутилмоқда. Лекин кадрлар рокировкасининг иккинчи варианти ҳам юз бериши мумкин. Унга кўра, ички ишлар вазири лавозимига ДХХдан Абдусалом Азизов келиши, ДХХ раиси лавозимига эса Миллий гвардия бошлиғи Равшан Жўраев тайинланиши ҳам мумкин” – дейди “Элтуз”нинг Тошкентдаги манбалари. Уларнинг айтишича, бу тариқа рокировкаларни амалга ошириш президент Мирзиёенинг ташаббусидир. Айни пайтда бу иддаоларнинг расман тасдиғи йўқ. «Элтуз» нинг ҳукумат идораларига яқин манбасига кўра ИИВ рахбари Бобожоновга «Бош вазир ўринбосари» лавозиими раво кўрилиши мумкин

“Бундай катта рокировкаларни режалаштиришга нима туртки бўлди?” – деган саволга “Элтуз” манбалари: “Бош прокуратурадаги навбатдаги порахўрлик можаролари, шунинг ортидан у ерда юз берган кадр ўзгаришлари сабаб бўлди” – дея жавоб беришди. Бошқарув элитасига яқин амалдорнинг мухбиримизга айтишича «ИИВ тизимидаги Зокир Алматов даврида шаклланиб қотиб қолган коррупционер кадрларни ўзгартиришга Бобожоновнинг кучи етмаган. Улар бутун ташаббусларни тизимли саботаж қилишган. Шу қарама қаршилик ортидан Бобожоновнинг саломатлиги ëмонлашган» деди амалдор.

Такрорлаб ўтамиз. Бу фақат воқеадан хабардорлигини иддао қилган ўзбек мулозими тахмини холос.

“Элтуз”нинг Бош прокуратурага яқин манбаларининг билдиришича, ўтган ойда бу идорада қатор кадр ўзгаришлари юз бериб, бу ерга МХХнинг собиқ раиси Рустам Иноятовнинг чекистлари келган. “Бош прокуратура қайтадан “Глобус”чилар (“Глобус” – собиқ МХХ раиси Рустам Иноятовнинг ҳукуматдаги лақаби – “Элтуз”) назоратига ўтди, деса ҳам бўлади. Масалан, Бош прокуратуранинг Кадрлар бошқармасига бунгача Жиззах вилояти ДХХ Бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Алижон Абдуллаев тайинланди. Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармасига ҳам Иноятовнинг “кадр”ларидан бири келяпти” – дейди “Элтуз” манбаси.

Унинг айтишича, бу ўзгаришларга Бош прокуратурадаги навбатдаги порахўрлик можаролари сабаб бўлган. “Шу кунгача Бош прокуратура Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Нодир Бойтермиров ва Кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Содиқжон Назаровлар порахўрликда ва бир қатор бошқа жиноятларда гумонланиб, ишдан олиндилар” – дейди “Элтуз”га яқин манба.

“Мирзиёев уларни жиноий жавобгарликка тортишни ва сўроқ қилишни истамаяпти. Чунки илк терговдаёқ улар барча жиноятларни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳнамолигида қилишганини тан олишади. Натижада Йўлдошевни ҳам ишдан олиб, қамашга тўғри келади. Шу сабабдан Мирзиёев “тўрт йилда тўртинчи Бош прокурорни ишдан олиб, қамаган президент, кадрлар сиёсати бир тийинга қиммат раҳбар” номини олиб, шарманда бўлишдан чўчимоқда” – дейди Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин манба.

“Элтуз” манбаларининг айтишича, юзага келган вазиятда Шавкат Мирзиёев оддий кадрлар рокировкаси билан чекланишни афзал билмоқда.

“Бу Ўзбекистонга нима беради?” – деган саволга “Элтуз” манбаларидан бири: “Бу ўзгарилашлар мамлакатга ва давлатга ҳеч нарса бермайди. Лекин президентга янги “садоқат”ларнинг садоқатини синаб кўриш имконини беради” – деб жавоб берди.

Унинг айтишича, Мирзиёев ҳалигача: “Ўзбекистон кучишлатар идораларидаги “бардак”нинг асосий сабабчиси эски авторитар система эмас, нолойиқ ва садоқатсиз кадрлар” – деб билмоқда. “Мирзиёев бугун ҳам: “Яхши ва садоқатли кадрларни олиб келсам, ишлар ўз-ўзидан яхшиланиб кетади. Порахўрлик ҳам шесть секундда тўхтайди” – деб хом ҳаёл қилмоқда” – дейди “Элтуз”га яқин манба. Мулозимларнинг иддаоли таъкидича бу ўзгаришлар жорий йилнинг 7 декабрь куни юз беради. Президент админстрациядаги манбанинг айтишича¸ ўша куни Ўзбекистон раҳбари Мирзиëев ИИВ биносига бориб мажлис ўтказади.

«Элтуз» Ўзбекистон бошқарув элитасидаги кадрлар тайинланиши билан боғлиқ жараëнлар матбуот кўзидан ўта ëпиқ эканлигини идрок этароқ бу иддаоларни нашр қилишга қарор берди.
Таъкидлаганимиздек кадрлар алмашинуви борасида расмий тасдиқ ëки инкор ололмадик. Мабодо Ўзбекистон амалдорлари бу иддаоларга муносабат билдирса ëки рад қилса уларга ҳам минбар берамиз.

Ўзбекистон бошқарувидаги кадрлар сиëсатидаги манзара Конфуций айтган «қоронғу хонада ўзи йўқ бўлган қора мушукни қидириш» каби мавхум ва абсурд бўлиб қолмоқда.

Манба: Eltuz.com