Ўзбекистон бир неча ой ичида коронавирусга қарши Россия вакцинасини синовдан ўтказмоқчи

Ўзбекистон бир неча ой ичида коронавирусга қарши Россия вакцинасини синовдан ўтказмоқчи
29 views
30 November 2020 - 13:49

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йилнинг охири ва 2021 йилнинг бошларида COVID-19га қарши Россия ишлаб чиқарган “Спутник V” вакцинаси синовини бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Новости агентлиги соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоевга таяниб хабар берди.

Сентябрда Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ) Ўзбекистондаги Laxisam фармацевтика ширкати билан 2020-2021 йилларда 35 миллион доза “Спутник V” вакцинасини етказиб бериш бўйича келишиб олгани тўғрисида маълум қилганди. Кейинроқ Laxisam Ўзбекистоннинг мувофиқлаштирувчи давлат органлари билан бу йўналишда иш олиб борилаётганини билдирган.

“Ижобий жавоб олинган тақдирда жорий йилнинг охири ёки келгуси йилнинг бошида бу вакцинанинг клиник синовларини бошлашни режалаштираяпмиз”,-деган вазир шанба куни журналистлар билан учрашуви чоғида.

Абдуҳаким Хожибоев РТИФга 500 доза вакцинага сўров юборганини айтди. Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги РТИФдан 5 минг доза вакцина сўралгани ҳақида хабар берганди.

Абдуҳаким Хожибоевга кўра, айни пайтда Ўзбекистонга синовдан ўтказиш учун Хитойдан 6 минг доза вакцина келтирилган.

Ноябрнинг ўрталарида Озодлик Ўзбекистонда Хитойнинг коронавирусга қарши вакцинаси синовининг учинчи босқичини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани, вакцина 5 минг кўнгиллида синаб кўрилиши ҳақида хабар қилган.

Аввалроқ инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов “Халқ сўзи” нашрига берган суҳбатида Ўзбекистонда Хитой, Россия, Европа ва АҚШ вакциналарини синовдан ўтказиш режаланганини билдирган эди.

Манба: ozodlik.org