Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (11)

Акром МАЛИК: ЖАНГЧИ (11)
17 views
30 November 2020 - 14:12

(Боши)

Тарихий-бадиий қисса

Еттинчи боб

Кўпчилик тараддудда туриб қолди. Бичма қулнинг амрини бажариш, ҳарқалай, бироз бўлса ҳам, ҳамиятга тегаётган. Сақиф Ғоба буни сезди. Сездию, қутуриб, бўкириб юборди:

– Камончилааар!

Оломонни қуршаган Жолутнинг камончилари ёйга пайконни ўрнатдилар. Ғоба ўқ узишга ишора қилиш учун қўлини кўтарди. Ўн минглаб одамлар бир вақтнинг ўзида дувиллаб тўкилган мевадек ўзини тиззаси билан ерга ташлади. Ғоба ҳокимият қудратини идрок этиб, беҳад керилиб, ёйилиб кетди, одамларнинг қўрқувда тиз чўкишини кўриб, буни ўз қудратидан деб ўйлади ва нафаси қайтиб, бир муддат ҳаяжонланди. Сўнг улкан салтанат эгасидек ҳайқирди, шундай ҳайқирдики, овоз пайлари фавқулодда чўзилди, товуши майдоннинг ҳар бурчига етиб бора бошлади:

– Итоат қилмаган ўлдирилади! Танасини бўлаклаб, итларга ем қиламан! Улуғ подшоҳ Жолутга шарафлар бўлсин!

Оломон орасида беихтиёр йўлак очилди. Қора от минган, қора либос ва қора совут кийган Жолут йўлакдан кела бошлади. Жолут бошига қўндирган дубулға тожга ўхшарди. Мўйловини икки ёнга икки қаричча узун қилиб ўстириб, ўрдирганди. Қалин соқоли ҳам қоп-қора бўлиб, кўкраги тушган ва учта қилиб ўрилган, учларига эса ёқут кўзли тақинчоқ тақилган. Жолут кийимининг четларига, совутининг қирраларига олмос тошчаларга қадатганди. Этиги қора ва учи қайрилган бўлиб, унда ҳам олмос тошлар йилтирайди.

Оти, югани, сувлиғи, қамчиси, қурол-яроғлари ҳам ўта жиддият ва катта дид билан зийнатланганди. Жолут майдон ўртасида тўхтади, Сақиф Ғоба унинг оёғига тиз чўкиб елкасини тутди. Подшоҳ бичма қулнинг елкасига оёқ қўйиб, отдан тушди.

Ҳеч кимга назар ҳам солмай, ўзи учун ҳозирланган тахтга бориб ўтирди. Сўнг Сақиф Ғобага қараб, кўрсаткич бармоғи билан ишора қилди. Сақиф Ғоба бор овози билан бақирди:

– Подшоҳ рухсат этдилар: бошингизни кўтаринг!

Халқ бошини кўтариб, тахтда катта кибр, қаҳр ва бешафқатлик ила ўтирган бир мустабидни кўрди. Чўзинчоқ юзни тўлдирган чуқур ажинлар, чўтирлар, ўйиб олгудек тикиладиган кўз, сийрак қош, кенг елка Жолутдан бир қўрқинч ёғдираётгандек эди. Уни кўрган аксар одамларнинг дами янада ичига тушди.

Босқинчига ҳайиқиш ила қараётганлар орасида бир киши йўқ эди. Бу Устоз бўлиб, ерда – майдоннинг ўртасида боши ёрилиб, ўз қони ичида беҳуш ётарди. Чунки фақат у тиз чўкмаган эди, бош эгмаган эди, бир навкар унинг бошига қилични қини билан уриб, шу ҳолга солди.

Ғоба Жолутдан изн олиб, нутқ бошлади:

 – Эй одамлар! Мени эшит! Балсисо қавмининг сараси, Амиқийлар подшоҳи Жолут ҳазратлари буюрадиларки, ҳаммангиз у киши учун бир қулсиз. Қул эканлигингизни унутманг! Ғоба шу нуқтада сўзини узиб, ҳаммага бир-бирма ўқрайди. Айни шу пайт унинг қулоғи остида Қувилганнинг: “Сен энг ақлли ва қудратли ҳукмдорлари ишини бажаряпсан!” – деган илк олқиши янграган эди. Ғоба ҳокимият қудратидан маст бўлгани учун овозга аҳамият бермади, зотан, у бундан ҳам қуюқроқ бир мақтов истаётганди.

– Сиз подшоҳнинг қули ўлароқ унинг ҳамма хизматига шай бўлишингиз шарт! Подшоҳ ўл, деса, шу ондаёқ ўлинг! Тирил, деса, тирилинг! Чунки ҳукмдоримиз ўз қулларини фарзандларидек яхши кўради. Сизларга зинҳор ёмонликни раво кўрмайди! Сизлар подшоҳимизни шарафланг, мақтанг, унга итоат қилинг, уни яхши кўринг!

Ғоба шу қадар жўшиб сўйлардики, унинг нутқи одамларга таъсир қилди. Қўрқувдан карахт оломон унинг сеҳрли нутқидан йиғлай бошлади. Туя етаклатиб келган бойлардан бири ўзини ерга отди, ерни ўпиб, овози қалтираб гапира бошлади:

– Сизга жонларимиз фидо,

Жолут ҳазратлари! Арзимас ҳадямизни қабул қилиб, бизни бахтиёр айланг!

Ғоба савол назари билан эгилиб, подшоҳга каради. Подшоҳ маъқул, дегандек бошини қимирлатди. Бой иккита катта сандиқни қулларига кўтартириб, Ғобанинг амрига кўра, Жолутдан етти қадам узоққа қўйдирди ва қопқоғини очтирди: сандиқлар тилло ва жавоҳирларга тўла эди.

Жолут қабул қилдим, дегандек бош силкиди. Бошқа зодагонлар ҳам подшоҳга ўз совғаларини майдонга тера бошлашди.

Муассар бу ишларга анқовсирагандек қараб ўтирарди. Устоз бу орада ҳушига келди. Қийналиб бўлса-да, ўрнидан турди. Тиз чўкиб, титраб ўтирган ўн мингларча одамга, кейин тахтдаги Жолутга, унинг ёнидаги Сақиф Ғобага боқиб,вужудидаги ҳамма кучини тўплаб, ҳайқирди:

– Аллоҳ Буюкдир! Аллоҳ Улуғдир! Аллоҳни унутиб, гуноҳларга машғул бўлганлар, Аллоҳ амридан бўйин товлаб, нафсига қуллик қилган худди сизлар каби бир қора ит қошида тиз чўкиб, титрайди, хор бўлади!

Бутун олам жимликка чўкди. Ҳамма сасини йўқотди. Ғоба ҳушини тўплаб, қиличини қиндан суғурди. Аммо Жолут тўхта, деб ишора қилди.

– Эй Жолут! Сенда Намруд ва қибтий фиръавннинг қиёфаси бор. Сен подшоҳликка қаноат қилмайсан. Сен ширкка қаноат қилмайсан. Сен худо бўлмоқчисан. Ёнингдаги бичма қул ҳам шуни истайди! Иккаланг билиб ол: сенларни дунёда хорлик, охиратда жаҳаннам кутмоқда! Ла илааҳа иллаллоҳ!

Бу сўзлар тиғдек Жолутга санчилди, подшоҳ ўрнидан ҳеч кутмаган чапдастлик ила турди ва қиличини яланғочлаб, Устознинг олдида пайдо бўлди. Икки қўли билан Устознинг бўйнига қилич солди. Муассар дағ-дағ қалтираб, бошини ердан ололмай қолди, Ашиа қўрқувдан чинқирди, бу чинқириқ унинг отаси Асламни ҳушига келтирди. Аслам бор овози ила: “Аллоҳу акбар!” деб Жолутга отилди. Жолут бир кескин ҳаракат билан Асламни икки бўлакка бўлди. Ашиа ҳушдан кетди.

Оломон ичида ҳам кимлардир қичқириб юборди, кимлардир ерга йиқилди.

Жолут қиличини Муассарнинг бўғзига қадади. Муассар нафаси тиқилиб, бўғриқиб деди:

– Подшоҳим, мен сизнинг қулингизман. Сизнинг йўлингиздаман! Мени омон қолдиринг!

Жолут буни кутмаган эди, шекилли, кўзларини катта-катта очди, тунд юзида ажабланиш йилт этиб, йўқолди.

Подшоҳ қиличини қиндан суғуриши, икки кишини қатл этишидан ҳамманинг, ҳатто, Ғобанинг ҳам юзидан қон қочди.

Жолут тахт ёнига қайтди ва гап бошлади: – Эй менинг қулларим! – мустабиднинг овози гулдираб чиқди. – Мен марҳаматли, қудратли ҳукмдорман. Бироқ менга туҳмат қилганларни, ёмон тилак тилаганларни, яъни, менга қаршиларни қатл қиламан. Сизнинг итоатингиз менга ёқди. Шунинг учун, ҳаммангизни ўзимга қуллик қилишдан озод этаман!

Ғоба сакраб кетди:

– Нақадар меҳрибонсиз, подшоҳим!

Оломон гуриллаб, унинг гапини такрорлади. Жолут эса салмоқланиб, давом этди:

– Собиқ ҳокимингиз менинг йўлимга ўтиб, жонини қутқарди. Оиласини қутқарди. Сизларга садоқатли қулим

Сақиф Ғоба бугундан бошлаб ҳокимдир. Унга бўйсунинг. У менинг ўнг қўлимдир!

Жолут шундай деди-да, шаҳдам юриб, отга минди. Ғоба ер ўпиб, “Сизга жоним фидо!” – деб йиғлаб қолди.

…Ашиа хотиралар оғушида манзилга яқинлаб келаётганини сезмаётганди. Димоғига чўчқанинг ачимсиқ ҳиди урилди. Ашиа эса Ғобани тахтдан туширишга ҳаракат қилиб, ўлдирилганлар ҳақида ўйлаб кетди.

Сақиф Ғоба Жолут ўз юртига қайтиши билан иккита янги фармон чиқарди: биринчи фармон одамларга шаҳардан чиқишни қатъиян таъқиқлади. Иккинчи фармон подшоҳ Жолут суратини шаҳардаги ҳамма уйларнинг ичига чиздириш мажбурий эканлиги ҳақида эди.

Халқ, аввал, жонини сақлаганига рози эди, бу фармонлардан сўнг Ғобанинг насабсизлиги эсланди, унинг Муассарга хиёнати айтилди.

Жолут ўлдирган Устознинг ёши улуғ дўстлари бирор чора кўрайлик, дедилар. Улар Мусони кўп гапиришди, бир неча ҳафта ичида Ғобани ҳоқимликдан олиш ҳақида якуний қарорга келдилар. Сақиф Ғоба ўз ҳокимиятидан маст эди. Жолут унинг хизматида мингта жангчисини қолдирган эди. Бутун шаҳар Ғобага тез таслим бўлди. У зудлик билан ўзига кўрсатиладиган ҳурмат ҳақида бир неча қарорлар чиқарди:

ҳокимга мурожаат қилишда ҳар ким тиз чўкиши шарт, ҳокимнинг ҳукми муҳокама этилмасин, норози кайфиятдаги ҳар ким душман ҳисобида бўлиб, уни аниқлаб, хабарини берган одамга жуда катта мукофотлар бор, шаҳар аҳолиси ичидан лашкарга одам олинади, лашкар подшоҳ Жолутнинг қўл остида урушларга чиқади.

Ғоба ҳар сафар ҳар хил амру буйруқлар, фармону фармойишлар бераркан, эскию янги қоидаларни ўрнатиб, ижросини талаб этаркан, ўзини қанотсиз парвоз қилаётган сезарди. Бу туйғу, айниқса, унинг ташрифлари асносида оломон бошини эгиб, тошдай нафас олмай қотиб қолганида, унинг ижозати билан одамлар уни олқишлашганида, қийналиб кетган бирор бечорага марҳамат кўрсатганида, қонунни бузганларни аёвсиз жазолаб ташлаганида янаям кучайиб кетарди.

“Мана мен, ким менга дахл қила олади!” – деб ичида ўйлаганларини бироз ўтмай ошкор айтишга ўтди. Сақиф Ғоба одамлар кутмаган ишларни қилишни севарди.Кишиларни мансабга тайинлаш ва бўшатишдан ҳузурланарди. Шунинг учун, шаҳарда бирор киши бирор вазифада уч ойдан ортиқ ишлолмади. Бошқарувда қобилиятли одамлар асло бу шаклда ишлашни хоҳлашмади.

Ғоба шу каби ишлари билан кўзлари юмилгудек даражада маст бўлиб юрганида нисбатан ёшроқ бир одам унинг ҳузурига келиб, тиз чўкди.

– Исмим Тасмин, – деди у. – Мусо издошлари сизни ҳокимликдан туширишмоқчи.

Тасмин ҳаммасини баён этди. Унинг ахборотига кўра, шаҳарнинг улуғлари Жолутнинг қасрига бориб шикоят қилишар эмиш. Улар насабининг тайини йўқ, наслсиз Ғобанинг ўрнига бошқа кишини, яъни аслзода, ота-онаси Ёқуб фарзандларидан бўлган, уйланган, бир неча хотинли, бола-чақали, бой бирор одамни ҳокимликка  тайинлашини талаб қилармишлар.

(Давоми бор)

Акром Малик