Истанбулда Марказий осиёликлар қўлга олинди

Истанбулда Марказий осиёликлар қўлга олинди
106 views
01 December 2020 - 20:14

Истанбулда Марказий осиёликлар қўлга олинди – улар ўз органларини ноқонуний пулламоқчи бўлишганми?

Туркия тирик донорлар органларининг трансплантацияси бўйича дунёда юқори учликка кириши айтилади.

Туркиянинг Anadolu ахборот агентлигининг хабар беришича, дастлаб бу иш билан алоқадорликда жами 18 киши гумон этилган.

Уларнинг орасида Нигерия, Уганда, Грузия, Россия, Украинадан ташқари, Қирғизистон ва Туркманистон фуқаролари борликлари кўрилган.

Бунга “Этика ёки ахлоқ қўмитаси”га мурожаат қилган 18 шахснинг шубҳали кўрсатмалари сабаб бўлган.

Улар қўмитага ўзларини орган трансплантациясига муҳтож инсонларнинг яқинлари, деб таништиришган.

Бунинг ортидан, Туркиянинг Ноқонуний одам савдосига қарши кураш бошқармаси ўз терговини бошлаган.

Агентликнинг ёзишича, тергов жараёнида бу шахсларнинг кўрсатмалари ёлғон бўлиб чиққан.

Уларнинг орган трансплантациясига муҳтож одамларга ҳеч бир алоқаси бўлмаган, ўз органларини пулламоқчи бўлишгани аён бўлган.

Аммо қайси органларини кимга, қанчага ва қандай сотмоқчи бўлганликлари тафсилотлари ҳозирча ноаён қолган.

Тергов ортидан, уларнинг саккиз нафари қўйиб юборилган, қолганлари маҳкама қаршисида ҳозир бўлишган.

Ўн кишидан бештаси эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган, қолганларидан четга чиқмасликлари ҳақида тилхат олинган.

Аммо агентлик хабарида бу шахсларнинг ёши, жинси, Туркияга қай йўл билан келишгани, қаердан қўним топишгани ва ижтимоий келиб чиқишларига оид бошқа бирор бир маълумот очиқланмаган.

Агентликнинг ёзишича, сўнгги йилларда орган трансплантацияси учун кўплаб чет элликлар ҳам Туркияни танлашга ўтишган.

Маълум бўлишича, биргина 2018 йилда Туркияда 4171 та жарроҳлик амалиёти ўтказилган, беморларга тирик донорнинг буйраги ва жигари кўчириб ўтқазилган.

Бу амалиётларнинг олти юзга яқини чет элликлар ҳисобига тўғри келган, деб ёзади агентлик.

Anadolu га кўра, Туркия бундан кейин ҳам мазкур соҳани янада ривожлантирмоқчи, тиббий туризмдан кўраётган фойдасини бундан-да кўпайтирмоқчи.

Туркияга орган трансплантацияси умидида келаётганлар орасида Европа, Осиё, Африка давлатлари ва ҳатто Америка фуқароларининг ҳам борликлари айтилади.

Турли жарроҳлик амалиётлари ёки бошқа оғир хасталиклардан даволаниш учун Туркияни мақбул кўраётган Марказий осиёликларнинг сони ҳам сўнгги йилларда жиддий ортиб бораётгани кузатилади.

Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.

Манба: bbc.com/uzbek