Жаҳоннинг 56 давлати Россиядан Навальний бўйича тушунтириш талаб қилди

Жаҳоннинг 56 давлати Россиядан Навальний бўйича тушунтириш талаб қилди
94 views
01 December 2020 - 20:16

Россия 30 ноябрда яна халқаро танқидлар нишонига айланди. Ғарб давлатлари Россиядан яна мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан тушунтириш талаб қилди.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилот (КҚТТ)га аъзо давлатларнинг ярмига яқини 30 ноябрда ўтган анжуманда Навальнийнинг Россияда заҳарланиши танқид қилинган баёнотни қабул қилди.

Мазкур баёнот Британия, Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар, Норвегия, Албания, Черногория, Австралия, АҚШ, Канада, Янги Зеландия томонидан имзоланди. Баёнотни имзолаган 56 давлат “КҚТТнинг мустақил экспертлари Навальний “Новичок” туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарлангани юзасидан берган хулосага ишонишлари”ни билдирдилар.

Баёнотда бу қурол 2018 йилнинг 4 мартида Британиянинг Солсбери шаҳрида Россия ҳарбий разведкаси жосуси Сергей Скрипал ва унинг қизига нисбатан ишлатилганини ҳам эслаб ўтилди.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилотга аъзо 193 давлатнинг 56таси Россия ҳукуматини Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан маълумотларни ошкор этишга чақирди.

Россия мазкур баёнотга жавобан Навальнийнинг заҳарланишига алоқадор эмаслигини яна бир бор таъкидлади.

“Бўлган ҳодисани тергов қилиш ўрнига Германия ва унинг иттифоқчилари мегафон дипломатиясини танлади. Россияга нисбатан оммавий дезинформация кампанияси бошланди ва КҚТТ шафеълиги остида “халқаро мустақил тергов”ни талаб қила бошлади”,-дейилади Россия ҳукумати баёнотида.

Навальний заҳарланиш асоратлари билан 20 август куни Омскда касалхонага ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги «Шарите» клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Навальнийнинг анализ намуналари қатор Европа давлатларидаги лабораторияларда текширилди ва мутахассислар Навальний “Новичок” туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарланганини аниқлади.

Манба: ozodlik.org