Россия ўз қўшинларини олиб чиқиб кетсин, биз мустақил давлатмиз – Молдова янги президент ўз сўзини айтди

Россия ўз қўшинларини олиб чиқиб кетсин, биз мустақил давлатмиз – Молдова янги президент ўз сўзини айтди
110 views
01 December 2020 - 20:21

Россия ўз қўшинларини олиб чиқиб кетсин, биз мустақил давлатмиз – янги президент ўз сўзини айтди. Россия Молдова ҳудудида 1500 га яқин ҳарбийсига эга. Бунга Кремль жавоби қандай бўлди?

Молдованинг янги сайланган илк аёл президенти Майя Санду ўзининг биринчи матбуот анжуманини берди.

У Россияни ўз мамлакати ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақирди.

Россия Молдованинг Украина билан чегарадош Приднестровье бўлгинчи минтақасида бир ярим мингга яқин ҳарбийсига эга.

Молдова янги президентининг айтишича, Россия ҳарбийлари ҳеч қачон бунга ҳақли бўлишмаган.

Кремль унинг даъватини рад этиб чиққан, бу каби қадам вазиятни издан чиқариб юбориши мумкинлигини айтган.

Молдовада президент сайлови шу ой бошида бўлиб ўтган.

Майя Санду унда Молдованинг Россия томонидан ошкора дастакланган амалдаги президенти Игорь Додонни мағлуб этган.

48 ёшли янги президент Жаҳон Банкининг собиқ иқтисодчиси, Европа Иттифоқи билан яқинлашишга мойил сиёсатчи.

Майя Санду нима дейди?

Молдова янги президентининг айтишича, Россиянинг тинчликни сақлаш кучлари Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг фуқаровий назоратчилари билан алмаштирилиши лозим.

“Биз бирор бир хорижий кучнинг ўз ҳудудида бўлишини истамайдиган мустақил давлатмиз”, – дея баён қилган Майя Санду пойтахт Кишинёвда.

Янги президентга кўра, “бу шунчаки баёнот эмас – заруратдир”.

Майя Сандунинг таъкидлашича, бу муаммони буткул ҳал қилиш учун Россия билан қанча лозим бўлса, шунча иш олиб боради. Приднестровьедан қурол-яроғлар ва ҳарбийларнинг олиб чиқиб кетилишига эришмай қўймайди.

Молдова уларни Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан, русийзабон бўлгинчиларни қўллаган Россия қўшинларининг издошлари сифатида кўради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам Россия ҳарбийларининг у ерда қўриқлаётган катта миқдордаги қурол-яроғлар билан бирга ҳудудни “бирор бир шартларсиз” тарк этишларига оид қатор резолюцияларни қўллаб-қувватлаб келади.

Кремл-чи?

Майя Сандунинг даъватига Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби ўз жавобини узоқ куттирмаган.

Бу хусусда пойтахт Москвада журналистларга ўз қарашларини баён қилган.

Приднестровьедаги масъулларнинг ўз жойларида қолишларига умид қилаётганликларини айтган.

Дмитрий Песковга кўра, “Россия у ерда жуда муҳим вазифани бажараяпти. Ҳар қандай ўзгариш эса, минтақадаги вазиятни жиддий издан чиқариши мумкин”.

Приднестровье 1992 йилги қисқа уруш ортидан, Молдовадан ажралиб чиққан.

Тирасполни ўзининг пойтахти, деб эълон қилган ва халқаро миқёсда расман тан олинмаган бўлгинчи минтақа.

Днестр дарёси ва Украина билан чегара ўртасида жойлашган.

Амалдаги ҳукуматининг расмий Кишинёв билан ўзаро муносабатлари танг бўлиб келган.

Сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан Россия дастаклаган.

Молдованинг янги президенти эса, коррупцияга чек қўйиш ва мамлакатни бирлаштиришни ўзининг устувор мақсади ва режаси сифатида эълон қилган.

Майя Санду яқин ҳафталарда Молдованинг янги президенти ўлароқ расман қасамёд келтиради.

Манба: bbc.com/uzbek