Франция ва Ислом: Мусулмонлар босим остида, масжидлар ёпилиши мумкин

Франция ва Ислом: Мусулмонлар босим остида, масжидлар ёпилиши мумкин
79 views
03 December 2020 - 21:12

Франция ва Ислом: Мусулмонлар босим остида – улар шу ҳафта яна президент Эммануэль Макрон билан учрашишади. Макрон мусулмон пешволарига берган муҳлат поёнига етиб бормоқда. Ўнлаб масжид текширилади, айримлари ёпиб қўйилиши мумкин.

Франция президенти ўтган ой Франция Мусулмонлар Кенгаши қаршисига ультиматум қўйган, уларга “Республика қадриятлари низоми”ни қабул қилишлари учун 15 кун муҳлат берганди.

Мусулмон пешволари энди яна Эммануэль Макрон билан учрашишлари, ўзларининг низом матнига рози-норози эканликларини айтишлари лозим бўлади.

Европа давлатлари ичидан энг кўп сондаги мусулмон айнан Франция ҳисобига тўғри келади.

Франция Ички ишлар вазирининг айтишича эса, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари диний экстремизмга қарши “кенг кўламли ва шу пайтгача мисли кўрилмаган” кампания ҳам ўтказишади.

Кампания доирасида, вазир таъбирича, “бўлгинчи”, деб кўрилган 76 та масжид текширилади.

“Ёпилиши тақозо этилганлари ёпилади”.

Янги низом Францияда радикал Исломга қарши кенг қамровли курашнинг бир қисми сифатида тақдим этилган.

Низомда сиёсий Исломдан воз кечиш ҳақида сўз боради. Ислом сиёсий ҳаракат эмас, дин экани қатъий таъкидланади.

Бундан ташқари, мусулмон жамоаларининг фаолиятига “четдан аралашув” ҳам тақиқланади.

Франция Мусулмонлар Кенгаши тўққизта алоҳида уюшмадан ташкил топган.

Кенгаш вице-президенти, Париж Жомеъ масжиди ректори Шамсиддин Ҳофизнинг айтишича, “низом ва унда кўзда тутилган қадриятлар борасида барча ҳам якдил фикрда эмас. Бошлари бир ёқадан чиқмаган”.

Бироқ, унга кўра, “Францияда Ислом учун тарихий бурилиш нуқтасида туришибди ва мусулмонлар ўз масъулиятларини ҳис этиш каби танлов қаршисида қолишган”.

Шамсиддин Ҳофизнинг айтишича, aгар, саккиз йил илгари бўлганида, тамом бошқача фикрлаган бўларди.

Режага мувофиқ, Франция Мусулмонлар кенгаши мамлакатдаги имомларни рўйхатдан ўтказиши лозим бўлади.

Низомга имзо чекканидан кейингина, имомларга фаолият олиб боришлари учун аккредитация берилади, одоб-ахлоқ қоидаларини бузган тақдирларида, у бекор қилинади.

Воқеаларнинг бу каби ривожи Францияда қарийб бир ойнинг ичида устма-уст юз берган учта ҳужум ортидан бўй кўрсатган. Ҳужумлар радикал исломчиларнинг иши сифатида кўрилган.

Ҳужумларнинг бирида Ислом дини пайғамбари ҳажв қилинган карикатурани ўқувчиларига кўрсатиши ортидан, бир мактаб ўқитувчисининг боши танасидан жудо қилинган.

Ҳужумлар ортидан, президент Эммануэль Макрон Франциянинг дунёвий қадриятларини қатъий ҳимоя қилиб чиққанди.

Акс-садолар

Франция президенти ва ҳукуматининг янги режаси мамлакатнинг мусулмон аҳли тарафидан бир хилда қарши олинмаган.

Дизайнер Имоннинг айтишича, унинг ўзини ҳам мутаассиб исломчилар тинч қўйишмайди.

Мунтазам телефон қилиб, “ҳижобинг нега сочни ёпмайди”, деб дўқ уришади.

Аммо, шунда ҳам, Имон президент Макроннинг ташаббусига қўшилмаслигини айтади.

Макрон исломчиларни жиловламоқчи, лекин ҳамма имомлардан Франция қадриятларини ўз имзолари билан дастаклашни талаб қилиш нотўғри, дейди у.

Имоннинг фикрича, шундоқ ҳам кўпчилик “мусулмонлар ўзларини француз жамиятининг бир қисми, бўлаги деб ҳисоблашмайди”.

“Биз нима қилсак ҳам етарли кўринмаяпти. Биз ҳақиқий франциялик эканимизни исботлашимиз керак эмиш. Чўчқа гўшти ейишимиз, вино ичишимиз, ҳижоб тақмаслигимиз, калта юбкада юришимиз керак эмиш. Бу кулгили, ахир булар бизни ажратиб турадиган нарсалар-ку”, – дейди у.

Президент Макрон эса, “мен ҳамма мусулмонлар эмас, Франция қонун ва қадриятларини тан олмайдиган исломчиларга қарши курашаяпман”, дейди.

Агар, уларнинг мантиғига таянилса, янги низом Францияда зўравонликнинг олдини олиш, “давлат бизни унутган” деб ўйлайдиган ёшларнинг кўнглига йўл топишни кўзлаган.

Аммо вазият мураккаб бўлиб, йўл бир тарафлама эмас.

Парижнинг кўзга кўринган имомларидан бири Ҳасан Чалғумий низом ғоясини қўллаб- қувватлайди.

Аммо у ислоҳот ҳақидаги гаплари ортидан ўлим таҳдидларига дуч келган, ҳозир яшириниб турган жойидан Би-би-сига интервю берди.

“Ҳужумлардан кейин биз диққат-марказидамиз. Жамиятга қўшилганимизни исботлаш учун кўпроқ йўл юришимиз, қонунларни ҳурмат қилишимиз ва бошқалар билан уйғунликда яшаётганимизни кўрсатишимиз талаб қилинаяпти. Биз экстремистлар дастидан шу нарсаларга дуч келаяпмиз. Экстремистик қараш билан бирга қўрқув ва ирқчилик ҳам ортиб бораяпти”, – дейди у.

Ислом номидан содир этилган сўнгги ҳужумлар ортидан ҳукумат ҳам чора кўриш босимлари остида қолган.

Аммо хавфсизлик ва Ислом Франциядаги ўнг қанот партияларнинг ҳам асосий мавзулари. Президент Макрон улар дастагини ҳам истайди.

Имон сўнгги сайловда Макронга овоз берган. Аммо бугунга келиб ҳали умиди бўлса-да, Макрон биздан воз кечди, деган фикрга келиб бўлган.

Яқинда президент Макрон дунёвийлик ва сўз эркинлиги Франция Республикасининг асосий қадриятларидан бири эканлигини эслатаркан, Исломни “инқирозга учраган дин”, деб атади.

Нашрларда Исломда тақиқланган ва мусулмонлар учун ҳақоратли ҳисобланган иш – Муҳаммад пайғамбар(с.а.в) карикатураларини нашр этиш ҳуқуқини ҳимоя қилди.

Айни мазмундаги чиқиши ортидан, Макрон қатор исломий давлатлар томонидан “ҳужум”га учради, ҳақоратлар ва танқидлар остида қолди, давомий оммавий намойишлар кузатилди, француз товарларини бойкот қилишга бўлган чақириқлар янгради.

Франция ва Туркия президентлари орасида даҳанаки жанг қизиди.

Францияда 5,7 миллиондан ортиқ мусулмон яшайди – бу мамлакат аҳолисининг тахминан 8,8 фоизини ташкил этади.

Қолган Европа давлатлари билан қиёсланганда, энг кўп сондаги мусулмон айнан Францияда истиқомат қилади.

Манба: bbc.com/uzbek