Кремль қудрати заифлашаяптими?

Кремль қудрати заифлашаяптими?
47 views
04 December 2020 - 16:57

Россиянинг ўз томорқасидаги таъсири хавф остида – Кремль қудрати заифлашаяптим? Қорабоғда юз берган ҳодисалар Москванинг нафақат жанубий Кавказ, балки бутун пост совет ҳудудидаги таъсири учун ҳақиқий геосиёсий фожеа бўлдими?

Кавказ тоғларидаги Дадиванк қишлоғида саккиз асрлик монастир бор. Унинг шундай ёнгинасига Россия аскарлари жойлаштирилди.

Арман руҳонийси, аббат Ованнес ота аскарларни кутиб олади. “Келганингизга раҳмат”, дейди у жилмайиб.

“Бу қадимий жойни вайрон қилинишидан сақлаш буюрилган бизга”, дейди 2000 нафар тинчлик сақловчи рус аскарларидан бири. Москва уларни баҳсли ҳудуд Тоғли Қорабоғ бўйлаб жойлаштирди.

“Бу минтақада барқарорликнинг кафолати Россия бўлиб келган”, дейди менга бир аскар.

Дадиванк Кремль шафелигида тузилган сулҳ шартларига кўра, Арманистон Озарбайжонга қайтарган туманлардан бири Калбажарда жойлашган.

Москва тинчлик битимини Россиянинг Жанубий Кавказдаги таъсирини сақлаб қолиш тасдиғи сифатида олқишлаган. Аммо олти ҳафталик уруш Россиянинг собиқ империя ҳудудида имконияти чекланиб қолганини ҳам кўрсатди.

“Туркия учун яхши тиргак”

Туркия Москванинг томорқасида рақиб ўйинчи сифатида пайдо бўлди. Анқаранинг қўллаб- қувватлови Озарбайжонга Россиянинг одатий иттифоқчиси Арманистон устидан ғалаба қилишига ёрдам берди. Энди эса Россия Нато аъзоси бўлмиш Туркиянинг ҳарбий кузатувчилари битим шартлари қанчалик бажарилаётганини кузатиш учун жанубий Каваказга келишига рози бўлди.

“Қорабоғда юз берган ҳодисалар Москванинг нафақат жанубий Кавказдаги, балки бутун пост совет ҳудудидаги таъсири учун ҳақиқий геосиёсий фожеа бўлди”, дейди сиёсий кузатувчи Константин фон Эггерт.

“Амалда биз Россия қуроллантирган, ўқитган арман армиясини турклар қуроллантирган ва ўқитган Озарбайжон армияси қандай мағлуб қилганини кўрдик. Президент Эрдоғаннинг Туркияси бу минтақада муҳим тиргакни қўлга киритди.”

“Бундан Туркия, Хитой ва Эрон чиқарадиган хулоса шуки, улар Москва билан ортиқ келишиб ўтирмай ёки Кремлнинг қарши жавобидан ҳайиқмай Марказий Осий ва Жанубий Кавказга кириб боришлари мумкин.”

Дадиванкдан машинада 15 дақиқалик йўлда Арманистон назоратидаги Қорабоғ келади. Рус тинчликни сақловчи кучлари у ерга ҳам жойлаштирилган. Улар этник арман аҳолисини ҳимоя қилади. Аммо Гетаван қишлоғи аҳли уларни кўрганидан у қадар шод эмас.

“Биз арманлар Путин яхши одам ва доим биз томонда туради деган ишончда бўлганмиз”, дейди менга Араик. “Аммо биргина имо билан, мана шу битим билан шунча жойни Озарбайжонга бериб юборди. Бу хато.”

Аммо ҳамма ҳам бу фикрга қўшилмайди. Мен Қорабоғдан қайтаётган арман аскарлари билан гаплашганимда улар урушни тугатишга ёрдам бергани учун Россиядан миннатдорликларини яшириб ўтиришмади.

“Агар уруш давом этганда, ҳаммамиз ўлиб кетардик”, дейди бир аскар. “Озарбайжонда пул ҳам, қурол ҳам, ҳарбий аслаҳалар ҳам бизникидан кўпроқ.”

Россия қўшниларидан чақириқларга юз тутмоқда

2020 йил Россия учун собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида геополитик синовларга бой бўлди.

Россиянинг яқин иттифоқчиси бўлмиш Беларусда одамлар Россия дастагидаги диктатордан кетишни талаб қилмоқда.

Кремлнинг Александр Лукашенкога нисбатан тоқати тоқ бўлаётгани белгилари сезилса-да, унинг Лукашенкони қўллашга қарор қилгани беларусликларда аввал кўрилмаган даражада аксил Москва кайфиятни кучайтирди.

Октябрь ойида Қирғизистонда юз берган инқилоб ҳам Россия учун кутилмаган бўлди.

Ўтган ойда Молдавада Кремл қўллаган номзод президентлик сайловида ютқазди. Ғарбга ён босувчи сиёсатчи Майя Санду Москва тарафдори бўлган амалдаги президент Игор Додонни мағлуб этди.

Аммо, Молдова мисоли кўрсатганидек, муваффақиятсизликларга қарамай Москвада ҳамон қўшниларига таъсир ўтказиш йўллари бор.

Молдовада Россия ҳарбий базаси бор. Мамлакатнинг бир қисми – Днестр бўйи ўзини мустақил деб эълон қилган.

У ерда рус аскарлари расман тинчликни сақловчи ҳисобланади. Аммо бу база агар Молдова раҳбарияти Москва таъсир доирасидан чиқиб кетишга уринса, Кремль учун сиёсий дастак беради.

“Бизнинг мақсадимиз Европа Иттифоқига яқинлашиш, ва умид қиламизки, бир кун келиб унинг аъзоси бўлиш”, дейди сайланган президент Санду пойтахт Кишеневда учрашганимизда.

“Аммо бунга Россия йўл қўярмикан?” Россия Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилишига қараб турадими?” деб сўрайман ундан.

“Бу бизнинг танловимиз. Алал-оқибат бу давлатимизнинг ўзи истаган тараққиёт йўлини танлашдаги суверен қароридир.”

“Аммо юртингизда Россиянинг 1500 аскари бор”, дейман мен.

“Тўғри, аммо биз аскарларни олиб чиқиб кетишни талаб қилиб келяпмиз ва бундан кейин ҳам талаб қиламиз.”

“Қўшнилардан воз кечиш”

Россияга қўшнилари устидан таъсирини сақлаб туриш қанчалик манфаатли?

“Агар Россия бу таъсир доирасини сақлаб туриш учун қанчалик куч сарфлашини бир ҳисоб-китоб қилиб кўрсангиз ва Россия Европадаги катта бозорлар билан муаммо чиқармай савдони ривожлантирса қанчалик иқтисодий фойда олишини солиштирсак, менимча, тенглама бу қўшнилардан воз кечишни кўрсатади”, дейди Москва Карнеги Маркази илмий ходими Александр Габуев.

“Аммо бу Кремль учун ҳиссий боғланиш. Кремлда ўтирганлар жосуслик хизматларидан чиққан одамлар, улар ҳамма ёқда фақат хавфни, ҳар бир дарахт остида Ғарб жосусини кўради. Шунинг учун улар бу давлатларга хавфсизлик белбоғи сифатида қарайди.”

Хуллас, янги воқелик – Хитой, Туркия, Америка ва Европа Иттифоқи каби минтақавий ўйинчилар сони ошиб бораётгани Россиянинг собиқ совет ҳудудидаги таъсирини чакламоқда. Москванинг ҳозирги мавқеи шу, у собиқ империядир.

“Россия жамиятининг асосий қисми империячилик ғоясига боғланиб қолган”, дейди Константин фон Эггарт. “Аммо у империячилик билан хайрлашишига тўғри келади. Тарихан Россия империядан миллий давлатга айланиб бормоқда ва бу жараён муқаррардир.”

Манба: bbc.com/uzbek