Қирғизистон: Президент сайловида иштирок этиш учун 20 киши даъвогарлик қилмоқда

Қирғизистон: Президент сайловида иштирок этиш учун 20 киши даъвогарлик қилмоқда
30 views
05 December 2020 - 12:19

Қирғизистонда президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтиш учун 20 киши сайлов комиссиясига етарли имзо ва маблағ топширган. Бу ҳақда мамлакат Марказий сайлов комиссияси ҳужжат топшириш муддати тугаган 4 декабрь куни маълум қилди.

Номзодларнинг якуний рўйхати, Озодлик қирғиз хизматининг ёзишича, 15 декабрь куни эълон қилиниши керак. Бунгача сайлов комиссияси ходимлари даъвогарлардан келиб тушган ҳужжатларни текшириб чиқишлари лозим.

Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳар бир номзоднинг ўз қўлловчиларидан камида 30 минг имзо йиғиши ва бир миллион сўм (тақрибан 11 минг 800 АҚШ доллари) миқдорида маблағ киритиши талаб этилади.

Даставвал МСКга президент сайловида иштирок этиш истаги билан 65 киши мурожаат қилганди.

Октябрь ойи бошида бўлиб ўтган парламент сайловининг расмий натижалари эълон қилиниши ортидан Қирғизистонда бошланиб кетган оммавий норозилик чиқишлари сиёсий бўҳронни юзага келтирган. Намойишлар ҳукумат ва президент Сооронбай Жээнбеков истеъфосига сабаб бўлганидан кейин 2021 йил 10 январига муддатидан аввалги президентлик сайлови белгиланган.

Норозилик чиқишлари чоғида қамоқхонадан озод қилинган Садир Жапаров парламент депутатлари томонидан бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланган, Жээнбеков истеъфосидан кейин эса президент вазифасини ҳам бажара бошлаганди.

Ўтган ой ўрталарида Жапаров президент сайловида иштирок этиш мақсадида президент ва бош вазир ваколатларини вақтинча топширган.

Давлат раҳбари лавозимига даъвогарлик қилаётганлар орасида мухолифатдаги “Бутун Қирғизстан” (“Яхлит Қирғизистон” – таҳр.) партияси раҳбари Адахан Мадумаров, мухолифатдаги “Реформа” (“Ислоҳот” – таҳр.) партияси лидери Клара Сооронқулова, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раҳбари Абдил Сегизбаев, парламентнинг собиқ спикери Қанат Исаев, ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Қурсан Асанов ва ўзини худо деб эълон қилган Арстанбек Абдилдаев (Арстан Алай) кабилар бор.

Манба: ozodlik.org