Жаҳон қурол бозорининг 75 фоизи АҚШ ва Хитой улушига тўғри келмоқда

Жаҳон қурол бозорининг 75 фоизи АҚШ ва Хитой улушига тўғри келмоқда
165 views
08 December 2020 - 20:09

Швеция пойтахти Стокҳолмдаги Тинчлик масалалари бўйича халқаро тадқиқот институти (SIPRI)нинг 7 декабрда эълон қилинган янги ҳисоботида 2019 йилда жаҳондаги қурол-яроғ савдосининг 75 фоизи АҚШ ва Хитой ҳиссасига тўғри келгани қайд этилди.

SIPRI жаҳонда қурол сотувчи 25та энг йирик ширкатнинг рўйхатини тузган. Мазкур рўйхатдан жой олган ширкатларнинг 12таси АҚШда, 4 таси эса Хитойда жойлашган.

АҚШ ширкатлари қурол бозорининг 61 фоизини, Хитой ширкатлари эса 15,7 фоизини эгаллаган.

Хитой ширкатлари жаҳонда қурол сотувчи 25та энг йирик ширкатлар рўйхатига илк бор киритилди. Аввалги йилларда Хитой ширкатлари маълумотлар йўқлиги сабабли бу рўйхатга киритилмай келинган.

SIPRI рўйхатига киритилган 25 ширкатнинг савдо ҳажми 2019 йилда 8,5 фоизга ўсган ва умумий даромад 361 миллиард долларни ташкил қилган.

Рўйхатга Россиянинг “Алмаз-Антей” ва “Объединенное судостроение” ширкатлари ҳам киритилган. Аввалги йилларда мазкур рўйхатдан жой олиб келган Россиянинг United Aircraft ширкати 2019 йилда 1,3 миллиард доллар зарар кўриб, рўйхатдан чиқарилди.

Рўйхатнинг биринчи бешлигидан АҚШ ширкатлари ўрин олган. Булар Lockheed Martin, Boeing, Northrop Grumman, Raytheon ва General Dynamics.

Ҳисоботда узоқ йиллардан бери АҚШ жаҳон қурол бозорида лидер бўлиб келгани, аммо 2019 йилда Хитой ширкатларининг улуши қурол бозорида 5 фоизга кўпайгани ҳам таъкидланди.

Манба: ozodlik.org