Ҳоким қарори устидан судга арз қилган фермернинг ўлиги топилди

Ҳоким қарори устидан судга арз қилган фермернинг ўлиги топилди
164 views
08 December 2020 - 20:16

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 6 ноябрь куни 55 яшар фермер Муҳаммадиев Музаффар жасади катта ариқдан топилди. Туман суд тиббий экспертизаси 27 ноябрь куни чиқарган хулосада марҳум алкогол ичимлик истеъмол қилгани, ариққа йиқилиб, нафас йўлига сув кетиши оқибатида ўлгани қайд этилган. Марҳумнинг яқинлари эса унинг туман ҳокимига яқин шахслар томонидан ўлдирилганини иддао қилмоқда.

Воқеадан бир кун бурун, 5 ноябрь куни Хатирчи туман маъмурий судида туман ҳокими Ғ.Қ. Алиев чиқарган қарор ва фармойишлардан норози (марҳум) Муҳаммадиевнинг даъво аризасига кўра суд мажлиси бўлган, бироқ Хатирчи туман ҳокимлиги томонидан вакиллар қатнашмаганлиги сабабли суд 2020 йил 12-ноябрга қолдирилган эди.

Суд можаросига, ижара шартномаси асосида Муҳаммадиевга тегишли “Шерали Бобур 2018” фермер хўжалигига 49 йилга ажратилган ер майдонининг туман ҳокими қарори билан 3 нафар фуқарога ўтказилиши билан боғлиқ ўзаро келишмовчиликлар сабаб бўлган эди, дейди марҳумнинг акаси Мустафоев Ҳамро.

“Ўша куни суддан кейин, кечқурун марҳум укам маҳалладоши П.О.нинг хонадонида Ў.А., Қ. Ш.лар билан биргаликда ўтиришган. Ушбу ўтириш жараёнида ўртада жанжал келиб чиқиб, тезда тарқалишган. Аммо марҳум укам уйига кетаётганда уй эгаси П.О укамни уйига мажбурлаб киритган. Ушбу хонадондаги ўзаро тортишувларни ён-артрофдаги қўни-қўшнилар эшитган” дейди Мустафоев “Элтуз”га жўнатган видеосида.

Мустафоевнинг тахмин ва иддаоларига кўра, шу куни маҳалладошлари унинг укасини ушбу уйдан олиб чиқиб кетишган, кейин қасддан ўлдириб, жасадни Зарафшон ф/у сидаги Қаҳрамон катта ариғига ташлаб юборишган.

Муҳаммадиевнинг жасади эртаси куни соат 10.30 да ариқда юз тубан ётган ҳолда топилган. Унинг тўрт фарзанди етим қолди. Уларнинг каттаси Музаффаров Зиё Навоий Давлат кончилик институтида шартнома асосида таҳсил олаётган эди.

Воқеа юзасидан Элтуз Хатирчи туман Ички ишлар бўлими билан боғланди. Телефонга жавоб берган ИИБ ходими ишнинг прокуратура томонидан кўриб чиқилаётганини билдирди.

Манба: Eltuz.com