Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олди

Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олди
36 views
12 December 2020 - 10:43

Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар лидерларининг 11 декабрь куни видеоанжуман шаклида ўтган саммитида Ўзбекистонга “кузатувчи давлат” мақоми берилди.

Ўзбекистон ва Куба ЕОИИга аъзо мамлакатлар розилиги билан ташкилотга “кузатувчи давлат” сифатида қабул қилинганини саммитга раислик қилаётган Беларусь президенти, Евросиё иқтисодий кенгаши раиси Александр Лукашенко эълон қилди.

“Биз сизнинг узоқ “кузатувчи”лик қилмай, яқин орада иттифоқимизнинг тўлақонли аъзосига айланиш тўғрисида қарор қабул қилишингизга аминмиз”, деди Александр Лукашенко.

Саммитда иштирок этаётган Россия президенти Владимир Путин эса, РИА Новости хабарига кўра, ЕОИИда Ўзбекистон билан Кубага “кузатувчи давлат” мақоми берилиши иттифоқнинг анъанавий ҳамкорлар билан алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича муҳим ва сифатли қадам бўлиб ҳисобланишини қайд этган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жума куни Евроосиё иқтисодий иттифоқининг онлайн саммитида иштирок этиши ҳақида аввалроқ президент матбуот хизмати маълумот тарқатганди.

Шу йил май ойида сенаторлар Ўзбекистоннинг ЕОИИга “кузатувчи давлат” сифатида киришини маъқуллаган эдилар. Маълумотларга кўра, 100 сенатордан 91 нафари қатнашган овоз беришда 71 сенатор Ўзбекистоннинг ЕОИИга “кузатувчи давлат” сифатида киришини ёқлаган, 16 нафари қарши чиққан, тўрт нафари эса бетараф қолган.

Кремль етовидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон каби давлатлар аъзо , Молдова эса ташкилотда кузатувчи давлат мақомига эга.

Манба: ozodlik.org