Навальний ўзини ўлдиришга уринганларни номма-ном танишини иддао қилди

Навальний ўзини ўлдиришга уринганларни номма-ном танишини иддао қилди
97 views
15 December 2020 - 13:49

Шу йил августида заҳарланган россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ўзини ўлдиришга уринганларни билишини иддао қилиб, суриштирув ўтказган журналистлар феълан унинг заҳарланишига оид ишни очиб ташлашганини билдирди.

Навальнийга кўра, бу ерда гап “Россия президенти Владимир Путин буйруқ берадиган” Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари гуруҳи ҳақида бормоқда.

Мен ўзимни кимлар ўлдирмоқчи бўлганини биламан. Мен уларнинг қаерда яшашини биламан. Мен уларнинг қаерда ишлашини биламан. Мен уларнинг ҳақиқий исмларини биламан. Мен уларнинг сохта исмларини биламан. Менда уларнинг фотосуратлари бор”, деган А. Навальний.

Суриштирув натижалари Навальний сайтида ёйинланган. Суриштирувни Bellingcat гуруҳи The Insider, CNN ва Der Spiegel нашрлари ҳамда Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси иштирокида олиб борган. Материал қисман Озодликнинг рус хизмати журналистлари иштирок этган суриштирувга ҳам асосланган.

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний заҳарланиш асоратлари билан шу йил 20 августида Омск касалхонасига ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги “Шарите” клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Навальнийнинг анализ намуналари қатор Европа давлатларидаги лабораторияларда текширилган ва мутахассислар Навальний “Новичок” туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарланганини аниқлаган.

Ғарб давлатлари Россиядан мухолифатчи А. Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан тушунтириш талаб қилиб келмоқда.

Манба: ozodlik.org